Қисқа сатрларда

Аҳолига сифатли ва арзон қўй гўшти етказиб берилади

Иссиқхона 80 миллиондан зиёд даромад келтирмоқда

Кенгаш доимий комиссиялари тасдиқланди

Янги таҳрирдаги Конституция Наманганда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни янги босқичга олиб чиқди

МИБ ходимлари «Яшил макон»га ҳисса қўшмоқда

03 December, 2024, 12:38

Маданият

Ички туризмнинг кўркам қиёфаси

  • 02.Сентября.2023
  • 883

Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғининг сўлимдан-сўлим  гўшалари-ю тоғ ёнбағридаги мусаффо ва шифобахш ҳавоси бу ерга ҳордиқ учун келган минглаб меҳмонларни  ўзига ром этиб, ёзнинг жазирамасида оромбахш маконга айланади. Бу ҳали ҳаммаси эмас, пурвиқор ва оқсоч тоғлар чўққисидаги қорли «музлаткич»да туғилиб, шарқираганча ўзининг мафтункор қўшиғи-ю шиддатли жозибасини кўз-кўз қилаётган Подшоотасой янада ҳузурбахш таассуротларни ҳадя қилади.

Офтоб қиёмга келганда қуёшнинг қайноқ ҳароратли туҳфаси оғушида   муздеккина сойда чўмилиб, арчазорлардан таралаётган ифорли ҳаводан симириш инсондаги барча ҳорғинликларга барҳам беради. Айнан шу мақсадда сой бўйлаб борар эканмиз, авваллари   кўрмаганимиз бир ҳолатга гувоҳ бўлдик. Сойнинг қирғоқлари диду маҳорат билан ясалган  нақшинкору гулдор темир панжаралар билан ихоталанибди. 

– Ие, тўсиб қўйилибди-ку, сойга қаердан тушамиз? – ҳайрон бўлиб сўради шериклардан бири хавотирнамо оҳангда. Қирғоқ бўйлаб кўзимизни югуртирганча, биз ҳам ҳамроҳимизга ҳамфикрлик изҳорини билдирдик. 

– Нарироққа борайлик-чи, ҳув анави жойда одамлар чўмиляпти шекилли, – деди ҳамроҳлардан бири  зийракланиб.

Хуллас, кейин кўриб билдикки, дам олувчиларга қулайлик бўлсин учун ва  инсонга эътибор дастури  тамойиллари доирасида сойнинг атрофи тартибга келтирилибди. Сувга тушмоқчи бўлганларга муайян масофалар оралиғида махсус  зинали йўлаклар қурилибди. Фавқулодда сел  ва ўпирилишларнинг олди олиниб, қирғоқлар харсанг тошлар воситасида мустаҳкамланибди. Булардан таъсирланиб, беихтиёр шинамлик ва оройишталик кайфияти ғолиб келди бизларда. Зиналар бўйлаб сойга тушиб,  роса чўмилдик, офтобда тобландик. 

– Бутун вужудимда қушдек енгилликни ҳис қилдим, – дейди ҳамроҳлардан бири сойдан қайтаётиб. Бу айни дамда биз ҳам ҳис қилаётган фараҳбахш  руҳий кечинма эди. Бўйнига сочиғини илиб олган ва биз каби сойда чўмилиб қайтаётган 3-4 нафар кишининг ўзаро гурунгидаям эътирофлар қулоққа чалинди: «Атроф анча ўзгариб кетибди-а, зўр бўпти.  Сойга чиқиб-тушиш осонлашибди. Илгари бундай эмасди». 

– Ички туризм ривожланяпти-да, – мамнунлигини изоҳлади бошқаси. – Ижарага турган жойимизгаям катта сарф қилган, меҳмонхонага ўхшатиб қўйибди. Эртага кетмаймиз, яна 2-3 кун қоламиз, дам оламиз...

– Сой бўйларини равонлаштириш, ободонлаштиришдан асосий мақсад – аҳолига ва дам олувчиларга маънавий-руҳий кўтаринкилик ҳамда мароқли ҳордиқ учун шароитларни муҳайё қилиш, – дейди Сойбўйи маҳалласи раиси Дилором  Алимқулова. – Инсонпарварлик тамойилларига монанд мазкур дастурлар доирасида  сайр ва соғломлаштирувчи йўлакчаларини қуриш ишлари қаторида маҳалламизга қарашли  Нурли ҳаёт кўчасида бир километр ички йўл асфальтланди. Жасорат кўчаси «очиқ бюджетга» киритилган, агар ютиб олсак, асфальтланади. Нисбатан каттароқ Зарбулоқ кўчаси ҳам дастурга киритилса, 2,5 километр йўл равонлашади. Бундан ташқари,  ҳудуддаги  1835 нафар  кишини ўзида жамлаган  яшаш маскани – 374 та хонадоннинг 224 тасида тоза ичимлик сувига эҳтиёж борлигини ҳисобга олиб, артезиан қудуғи қазилди ва 100 метрдан зиёд чуқурликдан сув чиқарилиб, тармоққа улаш ишлари давом эттирилмоқда. Рўзғор учун обиҳаётни узоқ-яқинлардан ташиб келтирилаётгани одамларга  қийинчилик туғдираётгани сир эмас. Лойиҳа қиймати 860 миллион сўм бўлган таъминот иншоотлари тўла ишга тушгач, барча хонадонларга ичимлик суви кириб боради. Таъкидлаш жоизки, мактабгача таълим ташкилоти, мактаб ва ишлаб чиқариш корхоналари бор. Ҳаммаси ишга туширилган.  Хусусий тадбиркорлар тасарруфидаги  уй меҳмонхоналар ва дам олиш уйлари каби ички туризм объектлари фаолият юритяпти ҳамда янгилари қуриляпти. Олиб борилаётган  барча ободонлаштириш жараёнларидан маҳалламиз аҳли мамнун, миннатдор.

–  Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида маҳалламизда бир қатор амалий  ишлар бажарилди ва давом эттирилмоқда, – дейди  Дўстлик МФЙ раиси Соҳибжон Ашуров. – Жами 504 та хонадон (2254 нафар аҳоли истиқомат қилади)нинг 450 тасига ичимлик суви етиб бормаганлиги долзарб масалалардан эканлигини  ҳисобга олиб,  1200 метрга тармоқ тортилди.  Ушбу тармоқни таъминловчи асосий  манба - тик артезиан қудуғи  (153 метр) қазилди, тўла қувватда ишга  туширилгач, тайёрлаб қўйилган  янги тармоққа уланади. Маҳалланинг чекка ҳудудида сув етиб бормаган (собиқ иттифоқ даврида ташкил қилинган, ҳозирда хусусийлаштирилган)  35 та ҳовли-хонадон ҳам борки, булар учун қўшимча 800 метр тармоқ тортиш зарур. Ўтган куни айнан шу  масала юзасидан қурилиш бўлимига бордим. Бу талаб 2024 йил дастурига киритилиши ҳисобига ҳал қилинишидан умидвор бўлиб турибмиз. Ушбу ҳудудда сувга бўлган эҳтиёж узоқлардан ташиб келтирилиши ҳисобига қондирилмоқда. Сой бўйларида салкам бир километрли соғломлаштириш йўлакчалари қурилди. Бу вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг ташаббуси билан бўлди. Пиёда ва велосипедда сайр қилишга мўлжалланган йўл четларида ҳордиқ ўриндиқлари ҳам ўрнатилди. Дам олувчилар кечки оқшом вақтида ўриндиққа ўтириши билан замонавий электр қурилмаси автоматик тарзда  чироқларни ёқиб, ён-атроф нурафшон бўлади. Ҳордиқ чиқараётган киши махсус ўриндиқдан туриши билан чироқ ўчади. Бунинг электр таъминоти манбаси – қуёш панели. Сойнинг ичини бетонлаштириш ишлари давом эттириляпти. Атрофда  кўкаламзорлаштирилган жозибадор хушманзаралар ва муайян жойларда шаршаралар барпо этилади. Жами бешта кўчадан иккитаси – Соҳил ва Дўстлик кўчалари асфальтланмаган, умуман, беш километр йўлга асфальт даркор. Мини стадионни тадбиркорга бириктириб қўйганмиз, ишлаяпти. Айтиш мумкинки, одамларни йиллар мобайнида қийнаб келган  ижтимоий муаммолар  босқичма-босқич ҳал этиб борилаётгани қувонарлидир.

Ҳа, канал ва анҳору сой бўйларидаги ободонлаштиришни Нанайдаги иккита маҳалла мисолида кўрдик. Ҳолбуки, Наманган шаҳридаги каналлар ва  сойларда, умуман, вилоятимиз миқёсида амалга оширилди-ку бундай хайрли саъй-ҳаракатлар. 

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь