Қисқа сатрларда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

23 November, 2024, 02:19

Маданият

Меҳмонларга гуллар тутар аҳли Наманган

  • 19.Мая.2024
  • 497

63-Халқаро Гуллар фестивали гулларга бурканган автопарад билан бошланди.

Гуллар шаҳри номи билан етти иқлимда довруғ таратган азим Наманганда гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйилган.

Баҳор фасли кириб келиши билан гулчилар ушбу байрам тадоригига киришади. Кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик, орасталик ва файзу баракотнинг муҳим омили сифатида ҳар бир кўча, хиёбон, хонадонларгача чаманзорга бурканади. Ҳар бир ҳовли безатилади, махсус туваклар ва гулзорларда турфа хилдаги гул навлари етиштирилади.

63-Халқаро Гуллар фестивали тантаналари вилоятнинг ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган енгил автомобиллар, юк машиналари, комбайн, трактор, ҳатто автокрангача анвойиликка бурканган 200 дан ортиқ транспорт воситаларидан иборат машиналар карвони Ислом Каримов шоҳкўчасидан темирйўл вокзали айланма йўли – Амир Темур –  Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланди. Айниқса, турли хил ретро машиналар аҳолида катта қизиқиш уйғотди.

Гуллар диёрида автопарад ўтказилишининг замирида энг аввало, Янги Ўзбекистонда ҳукм сураётган одилона сиёсат самараси ўлароқ тинчлик ва осудаликнинг бардавомлиги мужассам. Жаҳоннинг айрим етакчи давлатлари парадлар орқали ўз ҳарбий салоҳиятини кўз-кўз қилаётган бир даврда бизнинг тинчликсевар мамлакатимиз тинчлик ва нафосат рамзи – гуллар автопаради орқали гўзалликни бутун жаҳонга тараннум этаётгани эътирофга молик.

Таъкидлаш жоизки, бу галги фестивалнинг асосий тантаналари бўлиб ўтадиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, «Афсоналар водийси» тематик парки ҳамда янги барпо қилинаётган «Янги Ўзбекистон боғи»да қизғин тайёргарлик кўрилди. Ушбу муаззам масканларда ёшу кексани бирдек ўзига оҳанграбодек тортадиган 65 турдаги 30 миллиондан ортиқ гуллар экилган бўлса, Наманган шаҳри бўйлаб ўтқазилган гуллар 45 миллиондан ошди. Демакки, ҳудуднинг гулчилиги, маданиятининг узоқ ўтмишини ўзида акс эттирувчи очиқ осмон остидаги музей юзага келди.

Фестивалнинг асосий гул композициялари намойиш қилинаётган Бобур боғига қадам ташлашингиз билан атроф гўзаллигидан кўнглингиз ҳузурга, юзингиз нурга тўлади. Юздан ортиқ ташкилот ва муассасалар ўзига бириктирилган жойни гулзорга тўлдиришди, идорасининг салоҳиятини оширишга қаратилган тарғиботни кучайтиришга эътибор қаратди.


 

Қолаверса, дунёнинг элликка яқин давлатларига таклифномалар жўнатилганлигини назарда тутган ҳолда, дунёнинг етти мўъжизаси сиймоси гул ва бошқа воситалар орқали акс эттирилди. Айниқса, бобурийлар қурдирган Ҳиндистондаги Тожмаҳал мақбараси, Миср пирамидалари-ю Эйфел минорасигача бўлган макетлар гул композициялари билан безатилгани меҳмонларни ўзига бирдек ром этмоқда.

Одатда анъанавий гуллар фестивалида асосан маҳаллий ва республикамизнинг бошқа вилоятларидан ҳаваскор гулчилар иштирок этиб, йиғилганларни нафосат ифори билан маҳлиё этишарди. Эндиликда улар сафига хорижий қатнашчилар ҳам қўшилди. 63-Халқаро Гуллар фестивалида Қирғиз, Корея, Озарбайжон, Хитой, Ҳиндистон мамлакатлари учун махсус жой ажратилдики, унда сиз бир қатор янги ва ўзгача ифордаги гуллардан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Эътиборлиси шундаки, гуллар автопаради йўлга чиққан бир пайтнинг ўзида Бобур боғи ёнгинасида гўзаллик ва нафосат айёмининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов йиғилганларга нақд қирқ кун давом этадиган фестивалнинг ранг-баранг дастурлари оғушида мириқиб ҳордиқ чиқаришга чорлади.

– Гўзалликка ошуфта дилларни ўзига ром этаётган ардоқли байрам йиллар давомида такомил топиб, Наманганнинг ташриф қоғозига айланиб улгурди, – дейди вилоят ҳокими ўз сўзида. – Дунёнинг ҳар бурчидан келган меҳмонлар нигоҳига нафақат гуллар ҳайрати, балки, чинакам байрам завқини улашаётганимиздан мамнунмиз.

Тантанали очилиш маросимида мартабали меҳмонлар – Покистон Ислом Республикасининг Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар Чаудхри, Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Хошим, Болгариянинг Ўзбекистондаги элчиси Стуюна Русинова, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, шунингдек Қирғиз Республикасининг Жалолобод ва Ўш, Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари расмий доиралари вакилларидан иборат делегациялари ҳозир бўлишди. Шунингдек, фестивалда Хитой, Корея, АҚШ, Япония, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Туркия каби ўндан ортиқ ҳамкор давлатлардан инвесторлар ҳамда туризм мутасаддилари ҳам Наманганга ташриф буюришди.

Дарвоқе, Халқаро Гуллар фестивалини кенг тарғиб этиш учун таклиф қилинган Эрон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси сингари жаҳоннинг ўндан ортиқ мамлакатларнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари ва таниқли блогерлар Наманганга келиб, жараёнларни тўғридан-тўғри ёритиб бормоқда.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

«Наманган ҳақиқати» мухбири.

Ҳамдамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь