ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34732
23 November, 2024, 10:59
Мулла Бозор Охунд – Бобораҳим Машрабнинг устози, 17-асрнинг йирик алломаси, тасаввуф илмининг устоди. Бу табаррук зот ҳақида жуда кўп ёзилган ва яна чексиз эъзозга, ихлосга муносиб азизки, тағин қанчалар муаллифга мавзу бўлишга лойиқлардан лойиқдир. Мулла Бозор ҳазратларининг Ислом илми ва шеър санъати йўлидаги хизматлари беҳисоб. Шу хизматларнинг энг каттаси у кишининг Машрабдай даҳога мураббий эканидир.
Уч қисмдан иборат (дарвоза, масжид, мақбара) Мулла Бозор Охунд зиёратгоҳи миннатдор авлодларнинг буюк аждодимизга ҳурмати ва ихлосининг меъморий рамзидир. Мажмуа 1993–1994 йиллари бунёд этилган ва ўзига хос яратилиш тарихига эга. Ўша пайтда Наманган шаҳри ҳокими (1992–1995) лавозимида бўлган Акмалхон Икромов қурилишнинг бошида турган. А. Икромов анъанавий Машрабхонлик арафасида газетамиз меҳмони бўлди ва Мулла Бозор Охунд мажмуаси билан боғлиқ, аммо аксарият билмайдиган (ёки унутилаётган) ҳолатларни айтиб берди.
* * *
– Мулла Бозор Охунд зиёратгоҳи битиб, очилиш маросими ўтган кунлари Тошкентдан ишончли ва нуфузли вакил келди. Менинг таклифим билан у кишига янги мажмуани кўрсатадиган бўлдик. Курашхонага яқинлашарканмиз, меҳмон сўради:
– У ерда нималар қурилган?
Жавоб бердим. Масжид ҳам борлигини эшитгач, авзойи бузилди:
– Мен Тошкентга бориб, наманганликлар тағин масжид қурибди, деб ахборот берайинми, а?!
Айбдор бўлдим-қолдим. Вилоят ҳокимиям менга айтгулигини айтиб, дегулигини деб олди. Гапнинг тўғриси, катталарнинг бу ташвишида жон бор, танбеҳлари жуда ўринли эди. Нимагаки, Наманган шаҳридаги ҳар бир маҳаллада, айрим ҳовлиларда ҳам масжид очиб юборилган. Уларни рўйхатдан ўтказиш, ким раҳбарлик қилиши, имомлик масаласи – буларни ҳеч ким ўйламасди. Шаҳар бўйича 380 та масжид, деярли ҳаммаси рўйхатдан ўтмаган, яна янгиларини ҳам очишмоқчи, бирортасини ёпиш ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Ўзи озиқ-овқат танқис, барча егулик лимит, рўйхат, талон билан тақсимланади. Шунақанги «олимлар» чиққанки, уларга нон-ошдан кўра масжид зарур. Баъзилари давлат қонунларини менсимай қўйишган, идораларга, радио-телевидениегача таҳдид солишдан тоймайдиганлар бор. Четдан келган аллакимлар имоматга ўтади, маъруза қилади, бу «алломалар» орасида тўғри йўл бу ёқда қолиб, эгри йўлга бошлайдиганлар ҳам етарли. Шундай диний вазият устида шаҳар ҳокимининг масжид қуриши жуда мақтайдиган иш эмасди, албатта...
Аллоҳга шукур, у кунларни матонат билан ўтказдик, қийинчиликлар барҳам топди. Бугун ноқонуний диний ташкилотлар йўқ, динимиз халқнинг маънавий эҳтиёжига хизмат қилмоқда, хорижлик «уламо» амри маъруф айтолмайди, диний таълим фақат қонун асосида амалга оширилади, республикада секталар учун йўллар ёпилган. Ҳозир ўшандаги «айбим»дан ҳам фахрланаман, ҳам афсусланаман. Афсус шунинг учунки, қалтис вазият туфайли масжид кичкина бўлиб қолган, эндиги шароит бўлсайди, жуда катта қурган бўлардик.
Келинг, ҳаммасини бир бошдан айта қолай. Шаҳарга янги ҳоким бўлган кезларим (1992) эди. Туркиядан меҳмонлар келишини, улар аёллар эканини хабар қилишди. Дастур туздик, қаерларни кўрсатишни белгиладик: бозор, комбинат, институт ва ҳоказо. Бироқ меҳмон хонимлар қадамжоларни зиёрат қилиш ниятида эканлар. Қаерни кўрсатамиз? 1992 йили Наманган вилоятида бирорта ҳам обод зиёратгоҳ йўқ эди. Бир амаллаб уларни кузатдик-да, ўзимиз ўксиниб қолдик. Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг 575 йиллиги бўлди (1993), шу тантанага мени вакил қилиб жўнатишди. У ерда топшириқ бўлдики, ҳамма ўз вилоятидаги азизларни, алломаларни кўтарсин, тарғиб қилсин!
Бу кўнглимдаги гап эди. Вилоят ҳокимининг қабулига кириб, Бухородаги гапларни айтдим ва Мулла Бозор Охунд ҳақида таклиф билдирдим.
– У қайси жойда? – сўради Бургутали ака.
– Курашхонада.
Бирга бориб кўрдик. Б. Рапиғалиевга таклифим маъқул бўлди, Тошкентдаги тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашди. Хуллас, иш юрди: 1993 йил сентябрда аввал вилоят ҳокимининг, сўнг шаҳар ҳокимининг қарорини чиқардик. Анчагина тозалов ишлари қилинди. Поликлиника учун кавланган ерга маҳалла аҳли масжид қура бошлаган бўлиб, саудиялик бир давлатманд қанчадир сармоя берган экан. Кейин билсам, номини Муҳаммад Саййид Намангоний дейишди. Ўша пул тугабди, иш ҳам тўхтабди. Эълон қилган танловимизга бўлғуси мажмуанинг бир неча лойиҳаси топширилди. Бизга Одилжон Қодировнинг чизмаси маъқул бўлиб, мутахассислар ва маҳалла мўйсафидлари билан муҳокама қилинди.
– Бу лойиҳани 30-йиллари бузилган мақбарани кўрган киши чизибди, – дейишди.
Мўъжизани қарангки, архитекторимиз ёш йигит, ўша обидани кўрганмас.
– Бир неча кун уриниб, ҳеч ишим унмади, – деди О. Қодиров. – Бу шакл тушимга кирди ва дарҳол қоғозга туширдим.
Лойиҳага исломий ақидалар рамзий акс этган айрим ўзгаришлар киритилди ва иш бошланди. Оргинал ечимдаги меъморий номутаносиблик ярашиб тушди, ҳам анъанага амал қилдик, ҳам анъаналардан ўринли чекиндик. Дарвоза қисми Шавкат Икромовга, мақбара Зокиржон Эгамбердиевга, масжид Аҳмаджон Фозиловга топширилди, улар ўшанда биттадан трестнинг раҳбари эдилар. Қурилиш 1993 йил охирида бошланди, беш ойда битиб, 1994 йил 18 май куни мажмуа тантаналар билан очилди.
Наманган аҳлининг Бобораҳим Машрабга ва у кишининг устози Мулла Бозор Охунд ҳазратларига ихлосини қарангки, бюджетдан бир сўм ишлатилмади, аслида бунинг иложисиям йўқ. Ҳаммаси халқнинг хайрия пули ва ҳашарига битди, ҳатто мактаб ўқувчилари ўз ҳиссаларини қўшишди. Мақбара пойдевори 5 метр чуқурликдан бошланганди. Кавлаш жараёнида икки қават қабрлар чиқди. Дастлабкисида мурдалар ёнма-ён ва устма-уст эди, улар 1916 йили мардикорликка қарши кўтарилган Курашхона қўзғолони шаҳидлари экан. Ундан қуйида рисоладаги қабрлар бўлиб, ҳамма суякларни эҳтиётлаб олдик ва дафн қилдик. Шу жараёнда тағин шукурни унутган тоифанинг «намояндалари» натал ўқий бошладилар. «Шунча пулни бу жойга сарфлаш керакмас. Масжид фалон жойга қурилса бўлмасмиди? Фалоний масжидни таъмирлаш зарур эди», қабилидаги маломатларни эшитишга ҳам тоқат қилардик.
Мақбарабоп энг пишиқ ва чидамли ғиштни Ғирвондаги бузилган қадимги бир иморатдан ташиб келтирдик. Безакни ғиштнинг ўзидан чиқариш керак эди. Усталарни топдик, ҳунардаги кам-кўстларини Хивага бориб кўриб келишди. Неъматилла Қўчқоров бошчилигида ҳар бир ғишт тарошлаб, кесиб, шакл бериб ишлатилди. Шаҳар бош архитектори Абдужаббор Абдуғаффоров, Уста Турғун Фозилов, маҳалла оқсоқоллари доим шу ерда бўлишди.
Гумбазни темирдан қилиб, ерда тайёрлайдиган бўлдик. У бир қанча металл бўлакчалардан иборатки, миллиметрлаб ҳисоблаб чиқилган ва ўзаро мутаносиб жойлаштирилган. Оғирлиги беш тоннага борадиган гумбаз битди, бўёқдан чиқди, энди уни 25 метр баландга кўтариш ва ғиштин минора устига ўрнатиш гали келди. Бу ўзига хос муаммо, осон иш эмасди. Эртасига зиёратгоҳ очиладиган кун. У пайтлари ҳозирги «қўли узун» кранлар йўқ, боз устига шамол бошланиб қолди. Автокранлар тагига бир неча машина тупроқ тўкиб, шунинг устига жойлаштирдик. Гумбазни кўтариш қийинчилигидан ташқари, «ўрнига мос келадими-йўқми» деган хадигимиз бор. Ҳайтовур, минорага гумбазимиз шунақанги чиппа тушдики, тиккасига-ю кўндалангига зиғирчаям нари-бери бўлгани йўқ. Менга қолса, бу ҳам хайрли ишимизга Аллоҳнинг инояти ва мўъжиза эди...
Шу масалада яна бир гапни айтиб ўтсам яхши бўларди. Ўшанда раҳматли Умархон ака Саматов ташаббуси билан «Уста Мулла Қирғиз» жамғармаси тузилиб, бир неча йил фаолият кўрсатди. Жамғарма меъморлараро танлов ўтказиб, ғолиблар учун Мулла Қирғиз номидаги мукофот таъсис этганди. Буни шунинг учун эсладимки, дастлабки танлов якунига кўра, Одилжон Қодиров, Неъматилла Қўчқоров, Рустамжон Ғафуров, Баҳодир Қўчқоров бош соврин соҳиби бўлишган. «Уста Мулла Қирғиз» жамғармаси бу тўртовлонни айнан Мулла Бозор Охунд зиёратгоҳи қурилиши учун тақдирлаганди.
Ундан буён мана 30 йилча ўтди. Машрабнинг улуғ устози руҳини шод қилишда оз-моз ҳиссам борлигидан фахрланаман. Вилоятимиздаги, шаҳримиздаги бугунги обод зиёратгоҳларни, муҳташам иморатларни кўриб, Амир Темурнинг деганлари эсга келади, албатта:
– Кимки куч-қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган иморатларга боқсин!
Рустамжон УММАТОВ ёзиб олди.
Таҳририят изоҳи: Жорий йилда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ташаббуси билан мажмуада катта кўламдаги реконструкция, таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилади. Лойиҳа амалга оширилгач, Мулла Бозор Охунд зиёратгоҳи ўзига хос маънавият, маърифат ва ижодкорлар масканига айланади. Ушбу хусусда газетхонларни алоҳида ва муфассал хабардор этамиз.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти