ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34744
24 November, 2024, 01:40
Мусиқа маданий ҳаётимизда кенг ўрин, инсон шахсиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этадиган санъат тури ҳисобланади. Мусиқа тарбияси – нафосат тарбиясининг асосий ва мураккаб қирраларидан бири бўлиб, атрофдаги гўзалликни тўғри идрок этишга ва қадрлашга ўргатади. Юксак дид билан қуроллантиради ва маънавий дунёқарашини шакллантиради.
Шунингдек, у инсон ҳиссиётига кучли таъсир кўрсатиш имкониятига эга, ёшларни ахлоқий ва ғоявий тарбиялашнинг синалган воситасидир. Миллий маданиятимиз бобокалонлари бежизга: «Мусиқа одам руҳининг йўлдошидир», - демаганлар.
Мамлакатимизда ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашнинг таркибий қисмига маънавий соғлом, маърифатли қилиб камол топтириш масалаларини ҳал қилишда мусиқа ўқитувчисининг зиммасига катта масъулият қўйилмоқда. Бу билан мусиқанинг миллатимиз тараққиёти йўлидаги хизмати ғоят беқиёс эканлигига ишорадир.
Мусиқа нафақат маданий, балки сиёсий-ижтимоий хусусиятга эга эканини ҳис қилмоқ керак. Юксак ижодий намуналардан тортиб, миллий фольклоргача эътибор берадиган бўлсак, мусиқа халқ манфаати учун хизмат қилишини англаймиз. Чунки, куй-қўшиқларда халқнинг орзу-умидлари ва армонлари акс этади. Миллий урф-одатлар, қадриятлар тараннум этилади. Жанговар қўшиқлардан токи достончилик, бахшичиликкача назар солсак, мусиқанинг нақадар кўҳна ва замонавий эканига гувоҳ бўламиз. Масалан, Алпомиш, Гўрўғли каби қаҳрамонлар тақдири минг йиллардан бери оҳангларда куйлаб келинмоқда. «Шашмақом» дурдоналари эса миллий мусиқа санъатимизнинг гавҳарларига айланган.
Мусиқа таълими самарадорлигини таъминлашда, ўқувчиларнинг мусиқа дарсига бўлган қизиқишини ўстиришда ўқитувчи етакчи ҳисобланади. Шунинг учун улар зиммасига:
ўқувчиларда мусиқа санъатига бўлган қизиқишни ва меҳр-муҳаббатни ошириш;
мусиқий фаолият жараёнида бадиий ижодкорлик ва ҳис-туйғуларни ривожлантириш;
асарларнинг бадиий-ғоявий мазмуни воситасида ўқувчиларни ахлоқий-эстетик тарбиялаш;
мусиқа дарсларида касб-ҳунар ва меҳнатга нисбатан ўқувчиларда иштиёқ уйғотиш каби ишларни амалга ошириш вазифалари юкланган.
Ушбу мақсадларни қай даражада амалга ошириш ўқитувчининг профессионал ва ахлоқий қиёфасига боғлиқ. Ҳар қандай санъаткор ҳам мактабда мусиқа дарсларини олиб боролмайди. Бунинг учун мусиқа ўқитувчиси ўз касби ва болаларга меҳр қўйган юксак маданиятли, педагогик қобилиятга эга, чолғу асбобларини моҳирлик билан ижро эта оладиган мутахассис бўлмоғи лозим. У педагогика, психология, болалар физиологияси, этика ва эстетика, мусиқа ўқитиш методикаси фанларидан чуқур билимга эга бўлса – айни муддаодир.
Элмурод ОТАБОЕВ,
НамДУ талабаси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти