Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 02:09

Маданият

НАМАНГАН – БИР ЯРИМ МИНГ ЙИЛЛИК МАКОН!

  • 22.Мая.2021
  • 1229

«Намангон» – форсча «намоён» сўзидан олинган бўлиб, чиройли кўринган, манзарали жой деган маънони англатади. Боғ-роғларга бурканган бу қишлоқ туркий халқларга мансуб бўлган кўчманчи Қорахонийлар эътиборини тортади. Х асрда Қорахонийлар давлати ҳоқони Буғрохон Ўзган шаҳрини пойтахт этиб, бизнинг ҳудудларни ҳам босиб олади. Унинг буйруғи билан ўз даврининг забардаст олими Саъдиддин бин Аҳмад ал-Ўзгандий ан-Намангоний ўзининг «Тазкираи Буғрохон» асарини яратади. Бу асар бизгача етиб келган. Шуни эътиборга олсак Намангон шаҳри 1,5 минг йиллик тарихга эга.

 

ХАЛҚ – ГУЛЧИЛИК АСОСЧИСИ!

Ҳозирги Бобур номидаги боғ ўрнида қадимда Гулзор маҳалласи бўлиб, ҳозирги «Шаршара» ошхонаси маҳалла маркази эди. Шаҳарда азалдан гулчилик ривожланган бўлиб, бой ва амалдорлар ўз ҳовли ва боғларини гуллар билан безашган.
Бу ердаги гулчилик довруғи Қўқон хони Худоёрхон (1845-1876 йилларда ҳукмронлик қилган) эътиборини тортган. У Гулзор маҳалласи аҳолисини кўчириб, ҳудудни ўз қароргоҳи учун олган.
«Бешчинор» чойхонаси пастидаги ҳозирги кўл Худоёрхон буйруғи билан бўлган қурилишлар учун лойҳандақ вазифасини ўтаган. Ҳозирги «Нилуфар» чойхонаси ўрнида хон улкан масжид ва мадраса бунёд эттирган. Гарчи Худоёрхон собиқ Гулзор маҳалласини хонлик мулкига айлантирган бўлсада, масжидни вақф маблағидан эмас, халққа солиқ солиш орқали қурдирган. Оқибатда халқ истеҳзоли байт яратган:
«Худоёрхон Намангонда мадраса қилиб эрди,
Бу мадраса аслида зулм бирлан бўлиб эрди,
Анинг чун оқибатда ул, ўрисларга макон бўлди!»

Худоёрхон бу масжидни 1870-1874 йиллар ичида қурдирган. 1876 йилда оқ пошшо – Николай томонидан Ўрта Осиё истило қилингач, боғ чоризмнинг Наманган уезди генерал-губернатори тасарруфига олинган. Мустаҳкам қурилган масжид ва мадраса бинолари шаҳар гарнизонига айлантирилиб, рус аскарлари ихтиёрига берилган. Шундан келиб чиқиб, боғнинг ташкил этилганига бу йил 151 йил тўлди.

ГУЛЧИЛИК ҚАДРИЯТДИР

Наманганда гулчиликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган татар халқига мансуб шахс Тухмуллин (маҳаллий аҳоли орасида Тўқмулла) ва унинг авлодларидир. Бу шахс асли қозонлик бўлиб, русларнинг мусулмон татарларига тазйиқи кучайган пайтда – 1830 йилда шаҳримизга кўчиб келган. Нўғай маҳалла - ҳозирги «Ҳизр бувам»дан ер сотиб олиб, шу ерда яшаган.  Уста тужжорнинг ягона фарзанди Иззатулла диний ва дунёвий илмлар билимдони эди. У мажид-мактабда болаларга сабоқ берар, айни пайтда гулчилик билан шуғулланарди. Иззатулла қори 1870-1910 йиллар мобайнида ўз хонадонида 200 дан ортиқ гул ва ўсимликларни бизнинг иқлимга мослаштириб, парвариш этди. Гул уруғларини тайёрлади. Уларни сотиш мақсадида 32 бетли луғат-рисола чоп эттирди.
Рисолада уруғлар ҳақида маълумотлар, уларнинг шифобахш хусусиятлари, парвариш усули, нархи ва хат юбориш учун ўз манзилгоҳи битилган эди. Араб имлоси ва туркий-татар тилида чоп этилган рисоланинг бир нусхасини топишга эришдик. 1911 йилда босмадан чиққан бу рисола бутун Россия бўйлаб тарқатилган. Буюртмалар жуда кўп келган ва уруғлар тугаб, етмай қолган.
Иззатулла қори ўқимишли ва гулчи шогирдлар тайёрлаб катта ҳурматга эришган эди. Унинг ишини ўғли Зоҳидулла ва шогирдлари давом эттиришди. Зоҳидулла Тўқмуллинов (сулола авлодларининг фамилиялари Тўқмуллабоев, Тўқмуллинов, Тўқмуллаев шаклида бўлган) 1886 йилда туғилган. Отаси каби масжид хонақосида (ҳозирги 11-мактаб ёнида) – болаларни ўқитган ва гулчилик билан шуғулланган. Ўзбек тилида «Гулчилик ишқибозларига» деган китоб ёзган. Китоб 1964 йили «Ўзбекистон» давлат нашриёти» томонидан Тошкентда чоп этилган. Унда боғ ва гулхоналарда гул, дарахтларни парвариш қилиш усуллари ёритилган.
Намангонда Нуриддин ҳожи, Ҳалимшо ака, Республикада хизмат кўрсатган агроном Абдуқаҳҳор Жалилов, Абдуқодир Насриддинов, Абдураҳмон Мадраҳимов, Абдусамад Абдуллаев, Эшондада Алихонов, Зиёдулла Тўхмуллаев, Раҳимжон Зарипов каби уста гулчилар етишиб чиқди.

ИЛК ГУЛ БАЙРАМИ

Боғ директори Ҳошимжон Нурматов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлиб, ҳар йили Ессентукида дам оларди. У ерда ҳар бир фуқаро ўзи ўстирган гулни тувакларда кўча эшиги олдига қўяр, шаҳар раҳбарлари энг сарасини кўпайтириш ҳақида топшириқ бераркан. 
Ҳошимжон ака ўрганганини амалиётда қўллади. Наманганда кўча ва йўлаклар четига гул экишда ким ўзарга иш қилинди. Ўшанда шаҳарда бутун гулзорлар майдони қарийб 15 гектарга етди. Бу майдонларда 800 хилдан ортиқ гул парваришланар эди. Бу даврга келиб боғ ҳудудида иссиқхона ҳам ташкил этилди. У ҳозирги «Висол» ошхонаси аттракциони ўрнида бўлган. Икки қаватли муҳташам гул дўкони бунёд этилди. Бу бино ҳозирда «Висол» ошхонасининг ёнида бўлиб, ички ишлар тизимига берилган.
1961 йил 19-20 август кунлари Наманганда илк гул байрами – «Гул виставкаси» бўлди. Бу ҳақда «Наманган ҳақиқати» газетасида эълонлар чоп этилди. Боғ радиоузелида «Гул ва гуллар байрами» деган махсус эшиттиришлар ташкил этилди.
Шаҳар марказий шифохонаси, энергокомбинат, 2-пахта тозалаш заводи, 3-мактаб, ёш техник ва натуралистлар станциясининг кўргазмалари эътироф этилди. 
Бу вақтда Наманган шаҳар раҳбари Зоҳиджон Йўлдошев эди.

БАЙРАМ АНЪАНАГА АЙЛАНДИ

Келгуси йили ҳам Наманган шаҳрининг бош раҳбари Турсун Рўзибоев, ижроқўм раиси Мелихон Иброҳимова, боғ директори Ҳошимжон Нурматов гулчиларга аъло даражадаги шароитлар яратишди.
«Наманган ҳақиқати» газетасининг 1962 йил 13 май сонида «Наманган гул шаҳри бўлсин!» чақириғи эълон қилинди. Улар атоқли гулчилар – Эшондада Алихонов, Солихон Носиров, Йўлдош Раҳимов, Абдусамад Абдуллаев, Йўлдош Обихонов, Абдураҳим Ғаффоров, Александра Масленникова, Рамазон Муродрасуловлар эдилар.
«Наманган гулчиларининг шаҳардаги барча меҳнаткашларга мурожаати»даги «Қаерга бир туп гул ўтқазиш мумкин бўлса, ўша ерни гулсиз қўймайлик!» чақириғи ҳар бир юракда акс-садо берди.
Шундай қилиб 1962 йилнинг 18-19 август кунлари шаҳримизда иккинчи гул байрами нишонланди. Унда 15 та ташкилот ва 30 га яқин гул ишқибозлари қатнашишди.
Тошкент театр ва рассомчилик институтининг талабаси Пўлат Жалилов биринчи ва иккинчи гул байрамининг ғолибига айланди. У ўша давр фан ва техникасининг ажойиб ютуғи – «Восток-3» ва «Восток-4» йўлдош кемаларининг фазога муваффақиятли парвозини жонли гуллардан «яратганди». II даражали мукофот – агроном Абдуқаҳҳор Жалилов, Абдуқодир Насриддинов, шаҳар коммунал хўжалиги, 3-мактаб ҳамда ёш техник ва натуралистлар станциясига берилди. III мукофот эса 2-пахта тозалаш заводи, энергокомбинат, 15-ғишт заводлари бошқармасига насиб этди.

МУНОСИБ ЭЪТИРОФЛАР

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор 1962 йилда «Ўзбекистон маданияти» газетасида шундай ёзади: «Киши Наманганга кирган замони бир нарсани пайқайди: шаҳар гул шаҳри, бўстон шаҳар бўлиб боряпти. Гап гул ва дарахт-нинг кўплигида эмас, ҳар бир туп гул, ҳар бир туп дарахтга биттадан ишқибоз гулчи-боғбон гиргиттон бўлиб, эртаю кеч шохини тараб, баргини санаб турганга ўхшайди».
Ҳа, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Иззат Султонов, Ўзбекистон халқ шоирлари – Ғафур Ғулом, Зулфия, Чархий, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Ҳамид Ғулом, Асқад Мухтор, Ҳусниддин Шарипов, Ҳаким Назир, Назармат, Уйғун, Рамз Бобожон, Ойдин Ҳожиева, Ҳабиб Саъдулла, Ўзбекистон халқ ёзувчилари – Туроб Тўла, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Носир Фозилов, Ўзбекистон халқ артистлари – Раззоқ Ҳамроев, Наби Раҳимов, Камолиддин Раҳимовлар Наманган гулларига ашъор битдилар, асарлар ёздилар, қўшиқ қилиб куйладилар.
СССР космонавт-учувчиси Титов, СССР Фанлар академияси академиги Келдиш, «Капитал» назариётчиси Карл Маркснинг эвараси Робер Жан Лонге, машҳур ҳинд киноактёри Раж Капурнинг ўғли Ринхир Капур, германиялик машҳур журналист Зид Зигмунд, украиналик машҳур ёзувчи Иван Ле, москвалик машҳур шоира Римма Казакова, Тожикистон халқ шоири Ота Отажоновларнинг Наманган боғи ва гулчилиги бўйича дастхатлари табаррук хотиралар сифатида сақланмоқда.

ЖАҲОН ГУЛЛАРИ – НАМАНГАНДА

Наманганда гул байрамининг мазмун-моҳияти кенгайиб борди. Бу анъанага ўнлаб, юзлаб тадбирлар омухта қилинди. Гулчилик шаҳар ҳудудидан бутун туманларгача кенгайди. Жаҳон гуллари Наманганни танлади ва ҳар йили уларнинг янги-янги навлари яратилмоқда. Биргина магнолия гул дарахти тарихига назар солайлик: 1967-1973 йиллар вилоятга раҳбарлик қилган Асадулла Хўжаев вилоят марказини ободонлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга катга эътибор қаратган. Ўша вақтда Наманган шаҳри раҳбари бўлган Қодиржон Мамарасулов ҳамда шаҳар ободонлаштириш идорасининг раҳбари Семён Фаражев Қора денгиз бўйидан бир неча туп магнолия кўчатини олдириб келишган. Кўчатлар вилоят маъмурий идорасининг рўпарасига ўтқазилган ва кўкартириб олиш учун жуда кўп машаққатли меҳнат сарф қилинган: ёзнинг жазирамасидан асраш учун устидан кунига уч-тўрт марта сув сочиб, Қора денгиз иқлими шароитини яратиб беришган, қишнинг изғиринидан ўраб-чирмаб олиб чиқилган. Хуллас, магнолия кўчатлари Наманган заминида илдиз отиши учун нимаики зарур бўлса, шуни қилинган.
Дарвоқе, ушбу дарахтнинг номланиши ҳам, албатта, ўз тарихига эга. Бутун дунёга таниқли олим Карл Линней Монпелье ботаника боғининг директори П. Магнольни номини абадийлаштириш мақсадида бу манзарали дарахтни «магнолия» деб атаган.

КИМДИР ҚУДРАТЛИ ҚУРОЛИНИ НАМОЙИШ ЭТАДИ, НАМАНГАНЛИКЛАР ЭСА ГУЛЛАР КАРВОНИНИ!

Гуллар байрами тарихида «ГАЗ-21» автомашиналарида гуллар карвони уюштирилгани маълум. Аммо ҳақиқий маънодаги гуллар фестивали кейинги 2018, 2019 йилларда ўтказилди. Чинакам гул карвонлари ҳам шу йилларда намойиш этилди. Унда мустақил ватанимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш техникалари анвойи гуллар билан безатилди.
Оддий гул кўргазмасидан халқаро гул фестивалигача бўлган йўлда Наманган гулчилари чинакам матонат кўрсатдилар. Мана, бу йил 60-бора ўтказилаётган тадбирга ўзингиз гувоҳ бўлинг! Наманганлик халқ шоири Ҳусниддин Шарипов ёзганидай:

Яхши дўстим, бир нафас дам ол, 
Намангон боғида,
Сув сўраб борсанг, берурлар бол, 
Намангон боғида.
...Иштиёқинг бўлса қолгин 
бир умр меҳмон бўлиб.
Бўлса узринг ҳам, бирор кун қол, 
Намангон боғида.

Аҳмадхон УБАЙДУЛЛАЕВ,
Раҳимжон ИРИСОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь