ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 12:08
Кейинги йилларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, касалликларнинг олдини олишда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари илмий салоҳиятидан самарали фойдаланишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бинобарин, Тўрақўрғондаги маданият саройида ўтказилган «Юқумли касалликларнинг долзарб мавзуси»даги тиббиёт анжумани бу борадаги хайрли ишларнинг давоми бўлди.
Илмий-амалий анжуманга мамлакатимиз турли ҳудудларидан 155, вилоятимиз шаҳар ва туманларидан 250 нафар врач-эпидемиолог, вирусолог, фтизиатр, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари ҳамда ОИТСга қарши кураш марказлари шифокор ва мутахассислари таклиф этилди.
– Президентимиз томонидан ўтказилган селектор йиғилишларида соғлиқни сақлаш мутасаддилари, ихтисослашган тиббиёт марказлари ва ҳокимликлар зиммасига соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, мутахассислар билим савиясини ошириш вазифаси қўйилган. Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан ташкилланган. Мақсад – коронавирус инфекцияси, ОИТС, сил ва вирусли гепатитлар бўйича мавжуд эпидемиологик ҳолатни ўрганиш, юқумли касалликлар профилактикаси ва даволаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш. Ўйлайманки, пойтахтдан ташриф буюрган олимлар мазкур инфекцияларга қарши курашга оид илмий изланишлари натижаларидан воқиф этишади. Янгиликларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича тегишли услубий-амалий ёрдам кўрсатишди, – дейди вилоят ҳокимлиги масъул ходими Раҳмонжон Абдуллаев.
Чунончи, Республика ихтисослаштирилган вирусология илмий-амалий тиббиёт маркази ходими, тиббиёт фанлари доктори Ривожиддин Жўраев, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ходими, тиббиёт фанлари номзоди Ойдин Мамарасулова, Тошкент тиббиёт академияси катта ўқитувчиси, доцент Лола Абдуқодировалар юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш усуллари бўйича маърузалар ўқишди. Ўзбекистон тиббиётининг ютуқлари, соҳага оид янгиликлар ҳақида маълумот беришди.
– Таниқли тиббиётчи олимларнинг кўп йиллик тадқиқотлари, амалий кўникмалари асосида юқумли касалликларга қарши изчил ва самарали курашиш бўйича йўл-йўриқлар олдик. Билим ва маҳоратимизни янада оширишга муваффақ бўлдик, – дейди Сурхондарё вилояти Сариосиё туманлараро ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Камола Хидирова.
Республика санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати профессори Латофат Анварова коронавирус инфекцияси жаҳон аҳлига қанчалар хавф туғдирганини эслатар экан, пандемия сабоқларини асло унутмаслик лозимлиги, бу ўта маккор юқумли касаллик юртимизда камайгани билан сира ҳам хотиржамликка берилмаслик кераклиги, айрим давлатларда яна касалланиш кўрсаткичлари ўсиб бораётганлигини инобатга олиб, эмлаш ишларини кучайтириш зарурлигини уқтирди.
– Турли касалликлар инсоният саломатлигига, одамлар ҳаётига таҳдид солиб турган ҳозирги мураккаб даврда мазкур анжуман ташкил этилгани жуда ўринлидир. Чунки, шифокорлар билим ва касбий маҳоратини оширмасдан туриб, профилактика ва даволаш ишларини тубдан яхшилаб бўлмайди. Намангандаги анжуман давомида юқумли касалликларга қарши курашувчи мутахассисларнинг назарий билимлари янги тушунчалар билан тўлдирилди. Соҳага оид янгиликлар ва фан ютуқларидан бохабар бўлдик. Тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – дейди Фарғона вилояти Учкўприк тумани санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими эпидемиологи Муқаддас Сотиболдиева.
Республика илмий-амалий анжумани иштирокчилари вилоятимизда ўтаётган 61-халқаро Гуллар фестивалини ҳам кўздан кечиришди.
– Нафосат ва гўзаллик байрами бизда чуқур таассурот уйғотди. Муаттар гуллар оғушидаги мўъжизакор боғни сайр қилиш бағоят ҳайратомуздир. Биз ҳавас билан энг сара гуллардан харид қилдик. Энди Наманган гулларининг ифори бутун мамлакатга ёйилади. Бугина эмас, қадимий Ахсикент ва Исҳоқхон тўра Ибрат ёдгорлик мажмуаси билан танишиш ҳам чексиз фахру ифтихор ато этди. Кўрсатилган иззат-икром учун вилоят ҳокимлигига ўз ташаккуримизни билдирамиз, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпитали врачи Зокиржон Ўринов.
Абдулла ҒОЗИЕВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти