Қисқа сатрларда

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

01 May, 2024, 06:08

Маданият

Наманганда II-Халқаро асал фестивали бошланди

  • 27.Октября.2023
  • 531

Вилоятимизда муайян соҳада эришилган натижалар бўйича оммавий  байрам тарзидаги кўрикларни ўтказиш анъанага айланмоқда. Бугун ана шундай тадбирларнинг яна бирига старт берилди – Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» боғида II-Халқаро асал фестивалининг очилиш маросими бўлди. 

Мазкур  кўнгилочар масканнинг кириш дарвозасига рамзий лента тортилган. Карнай-сурнай садоси янграйди. 

Байрамона безатилган саҳна-минбарга кўтарилган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов  ҳамда  вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовлар барчани  асал фестивалининг очилиши билан табриклашди. Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, таъбир жоиз бўлса, болга бурканган расталар харидору мухлисларни ҳамкорликка чорлади. 

Мазкур фестивалда маҳаллий асаларичилик соҳаси усталари билан бир қаторда Қирғизистон, Қозоғистон  ва  Россия давлатларидан асаларичи тадбиркор  ва экспертлар ҳам қатнашмоқда.

Асосий мақсад эса  ўзаро ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, асал етиштиришда  халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш ҳамда соҳада инновацион технологияларни жорий этишдир.

– Ўн  беш кишидан иборат делегациямиз  гуруҳи асал байрамида иштирок этиш учун Наманганга етиб келдик, – дейди Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Ахси тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Бердиали Мирзақулов. – Иккинчи марта ўтказилаётган  ушбу  асал фес-тивалида қатнашиб, ўзаро тажриба алмашиб, биргаликда халқаро майдонга чиқиш ниятимиз бор. Тадбиркорларимиз  тўрт тоннадан зиёд асал олиб келишган. Соҳада эришилган ютуқларни янги босқичга кўтариш бош мақсадимиз эканлигини  яна бир алоҳида таъкидлашим керак. Дастлабки таассуротларимни  айтсам, кайфиятлар аъло, меҳмондўст Наманган аҳлига, қардошларга катта раҳмат!

Ҳа,  овозаси  етти иқлимга  таралган Наманган шаҳрида баҳор ойида ўтказилган гуллар фестивалидан сўнг  ўтказилаётган, ўзаро ҳамкорлик ва дўстликни янада мустаҳкамловчи асал фестивали кўпчилик меҳмонларда миннатдорлигу хушнудлик туйғуларини жўштирмоқда. 

Фестивалдаги хайрли фаолият  доирасида имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларга  минг килограмм асал бепул тарқатилади. Тадбир вилоятда ички ва ташқи туризм салоҳиятининг янада ривож топишида ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Халқаро асал фестивалида 200 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий асал етиштирувчи тадбиркор ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Ва  5000  нафарга  яқин хорижий сайёҳ ташрифи кутилмоқда. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки,  йилига республикамиз ҳудудидан экспортга чиқадиган асалари пакетларининг 70  фоизи  вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. 2023 йилнинг ўтган даврида  мамлакатимиздан 311 000 та  асалари пакети экспорт қилинган бўлса, шунинг 190 000 таси вилоятимиз асаларичилари улушидир. Бугунги  кунда вилоятда 251 275 та асалари оиласи парвариш қилинмоқда. Бошқача айтганда, асал етиштириш йилига 10-12 фоизга ортиб бормоқда.

Яъни, 2018 йилда 1 728 тонна, 2019 йилда 1 937, 2020 йилда 2 473 ва  2022 йилда эса 4 832 тонна асал етиштирилган бўлса, шу йил якунига қадар бу кўрсаткич 5 617 тоннага  етказиш мақсад қилинган.  

Халқаро  асал фестивали 29 октябрга қадар давом этади.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь