Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 11:47

Маданият

Наманганда биринчи марта Фарғона водийси мода ҳафталиги бўлиб ўтди

  • 24.Мая.2022
  • 550

61-Халқаро Гуллар фестивали доирасида «Афсоналар водийси»даги «Меримо» ресторанида «Фарғона водийси мода ҳафталиги» тадбирлари режалаштирилган эди.
Ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳамда USAIDнинг «Тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш» лойиҳаси кўмагидаги «Фарғона водийси мода ҳафталиги бренди»ни яратиш ва уни жаҳон бозорига олиб чиқиш, янги мода сегменти ва брендларини яратиш бўйича жаҳон амалиётини ўрганиш, уларни ҳудуддаги тикувчилик корхоналарига тадбиқ этиш, тикувчилик корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, нарх рақобатидан сифат рақобатига ўтиш, замонавий миллий маҳсулотлар қаторларини яратиш, мамлакатлараро таъминот занжирларини кенгайтиришдир. 

Наманганда биринчи марта бўлиб ўтаётган ушбу ҳафталик Фарғона водийси ёш дизайнерларининг халқаро танлови финал босқичи, тикувчилик корхоналари ва дизайн студиялар, реклама агентликлари вакиллари учун амалий семинар, мода маҳсулотларини интернет технологиялари ёрдамида илгари суриш бўйича тренинг ва профессионал  дизайнерлар коллекциялари кўригини ўз ичига олган. 
«KELAJAK BUGUNDAN BOSHLANADI» жамоат бирлашмаси Наманган вилояти бўлими, вилоят ҳокимлиги, вилоят савдо-саноат палатаси, «JAVOHIR» маркази, НамМТИ ва бошқа кўплаб ННТ ҳамда давлат бошқаруви  органлари томонидан шериклик асосида ташкилланган мазкур тадбир  фестиваль доирасидаги йирик анжуманлардан бири бўлди. 

Ҳафталикда  «Миллий либосларда этник ва замонавий мода» танлови бўйича  Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бўлиб ўтган ёш дизайнерлар танловининг ғолиблари ўзлари тайёрлаган турфа услубдаги либослари билан томошабинларга завқ-шавқ улашдилар. Ҳафталик якунида ёш дизайнерларга дипломлар топширилди. Қирғизистонлик  Нурия Қашқарбоева гран-при соҳибаси деб топилди. 
Гала-шоу дастуридаги беш мамлакатдан ташриф буюрган профессионал дизайнерлар коллекциялари намойиши эса янада ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтди. Унда Ўзбекистондан  иштирок этган Елена Ладик  «Бахтли қуш» санъат галереясидан «Осмон қоплами остида» номли этник услубдаги ноёб либослар тўпламини, Наталья ва Дария Кондра «Шарқ» ва «Тошкент» тўпламини, Замира Юнусова «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси қошидаги «Шарқ либослари дизайн маркази» студиясидан» тўпламларини томошабинларга тақдим этишди.

Шунингдек, наманганликлар тожикистонлик халқаро дизайнерлар Саиджалол Маҳсумовнинг «Suzani Fashion» бренди остидаги «O’tloq gullari» эксклюзив коллекциясини, Марҳабо Ашурованинг «Gugush brendi» асарларини, қирғизистонлик Мирраҳим Токтогуловнинг «Runa» номли қизиқарли этник коллекциясини томоша қилдилар. Немис дизайнерлари Дилдора Эргашева ҳамда Алекс Кремерларнинг «Germaniya, Doradis brendi» асарлари намойиши давомида томошабинлар Европа «нафаси»ни ҳис қилдилар. 
Фарғона водийси дизайнери Шуҳрат Эргашевнинг «Yodgorlik» ва «Abr matolar» брендлари остидаги атлас, адрасдан миллий ва замонавий либослари, россиялик дизайнер Шуҳратбек Юсуповнинг «Bekyusupoff» бренди орқали намойиш қилинган  кўргазмаларидаги этник услубда юксак маҳорат билан тайёрланган ранг-баранг либослар   ўзининг жозибадорлиги билан кўзларни қувонтирди.  

– Ҳафталик Ўзбекистонда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари, Қирғизистоннинг Баткен, Жалолобод, Ўш,  Тожикистоннинг Сўғд вилоятида истиқомат қилувчи ёш дизайнерлар истеъдодини юзага чиқариш, улар томонидан тайёрланаётган ижод намуналарига эътибор қаратиш учун ўзига хос имконият бўлди. Шунингдек, мода ҳафталикларини ўтказиш, уларда мода саноати етакчилари, ёш дизайнерлар, тўқимачилик саноати корхоналари, ҳунармандлар, ижодий соҳа вакиллари иштирок этиши учун ҳудудлараро ва глобал лойиҳаларни амалга ошириш орқали савдо-иқтисодий ва сайёҳлик соҳаларида, қолаверса, давлатлар ўртасида трансчегаравий ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг яхши намуналаридан бири, – дейди халқаро эксперт Наталья Гарбуз.
«Само» болалар ижодиёти академияси кичкинтойлари ижросидаги куй ва қўшиқлар, гўзал рақслар даврага ўзгача файз бағишлади.
Ҳафталик доирасидаги тадбирлар, юқори даражадаги модалар намойишида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, USAIDнинг Ўзбекистонда тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш лойиҳаси директори Аъзам Бобохўжаев ва бир қатор соҳа мутасаддилари иштирок этдилар. 

Фотимахон ТОШМАТОВА.
«Наманган ҳақиқати» махсус мухбири.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь