ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34728
23 November, 2024, 02:08
Вилоят мусиқали драма театрида «Турон» театр мактаби республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг ҳудудий босқичларида 5 минг 700 дан зиёд ўқувчи ичидан сараланган 14 жамоанинг 112 нафар бўлажак актёри ўз иқтидорини намоён қилди.
Тадбирнинг тантанали очилишида вилоят ҳокими ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходими Муҳаммаджон Комилжонов таъкидлаб ўтишганидек, мазкур танлов Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ҳам ташкил этиш йўлга қўйилди. Мактабларда театр группа тўгараклари тузилди, уларга театр санъатига меҳр қўйган ёш истеъдод соҳиблари жалб этилмоқда.
– Танлов Наманганда ғоят муросасиз кечди, – деди танлов ҳакамлар ҳайъати раиси, «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони соҳиби, таниқли сўз устаси Валижон Шамсиев. – Иштирокчи жамоалар таништирув, савол-жавоб ва саҳна кўриниши шартлари бўйича беллашдилар. Буюк сиймолар, ёзувчиларнинг асарларида ифода этилган қаҳрамонлар образлари гавдалантирилиб, томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди. Мактаб театр жамоаларининг чиқишларини кузатиш асносида, ёшлар орасида театр санъатига қизиқувчи, маҳоратли ёш иқтидор эгалари кўп эканлигидан хурсанд бўлдик.
Якуний натижага кўра, Наманган шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабининг «Ибрат издошлари» театр жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни Учқўрғон туманидаги 21-сонли умумтаълим мактабининг «Юксалиш» жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин эса Давлатобод туманидаги 52-сонли умумтаълим мактабининг «Ниҳол» жамоасига насиб қилди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, фаол иштирок этган театр жамоалари вилоят ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан муносиб тақдирландилар.
Танловнинг республика бос-қичида ғолиб чиққан ёшлар Туркия бўйлаб бир ҳафталик саёҳатда бўлишади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти