Қисқа сатрларда

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

«Ипак йўлида туризм - 2024»: меморандум имзоланди

Вилоят ҳокими шароитлар билан танишди

05 December, 2024, 02:28

Маданият

Наманганда халқаро анжуман бўлиб ўтди

  • 21.Мая.2024
  • 433

Наманганда кўтаринки руҳда ўтаётган 63-халқаро гуллар фестивали доирасида “Ипак йўли бўйлаб туризм тармоқларини яратиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Республика Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (“GIZ”) ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анъанавий форумда дунёнинг 12 мамлакатидан ташриф буюрган йигирмадан зиёд эксперт, шунингдек, мамлакатимизнинг туризм соҳаси мутасаддилари, тармоқда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари, Наманган давлат университетининг туризм ва хорижий тиллар йўналишларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар иштирок этди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқдаки, бу ғамхўрлик Наманган вилояти мисолида ҳам яққол ўз аксини топмоқда. Гуллар диёрида бундан етти йил аввал, яъни, 2017 йилда атиги 2,3 минг хорижий, 22,6 минг маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилган ва 2,3 миллион доллар миқдоридаги туризм хизматлари кўрсатилган.

Сўнгги йилларда мазкур тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида 2023 йил якунларига кўра, хорижий сайёҳлар оқими 159,8 мингга, маҳаллий сайёҳлар сони 3,9 миллионга етди ва 138,5 миллион доллар қийматидаги хизматлар бажарилди. 2017 йилда туристлар ташриф буюрадиган 48 та туризм объекти мавжуд эди, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 139 тага етди. Ушбу объектларда туризм инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор берилмоқда.

Вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш, шунингдек, туризмнинг кириш ва чиқиш турлари имкониятларини ошириш мақсадида туроператор ва турагентлар фаолиятини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Наманганда ички ва халқаро туризмни ривожлантиришда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро гуллар фестивалининг аҳамияти катта бўлмоқда. Хусусан, ўтган йили май-июнь ойларида бўлиб ўтган олтмиш иккинчи фестиваль сабаб вилоятга 5 миллиондан ортиқ сайёҳ ташрифи кузатилди. Жорий йилда эса ушбу рақам 7 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Айни шу мақсадда фестиваль қамровини қирқ кунга узайтириб, тадбирлар сони ва салмоғи оширилди.

“Ипак йўли бўйлаб туризм тармоқларини яратиш” мавзусидаги халқаро конференциядан кўзланган мақсад юртимиз, шу жумладан, Наманган вилоятининг бугунги кунда туризм салоҳияти ҳамда инвестиция жозибадорлиги ҳақида хорижий давлатлардан келган нуфузли туркомпаниялар вакилларига атрофлича маълумотлар етказиш, пировардида Ўзбекистонга сармоя оқимини кенгайтиришдир.

Халқаро анжуманда “GIZ”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Йоахим Фриц, Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Сардор Ниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Расул Зарикеев, водий вилоятларининг ҳокимлари ўринбосарлари томонидан Ўзбекистонда туризм сектори салоҳиятини ошириш, Фарғона водийсидаги туризм бизнесини кенг очиш, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида туризмни ривожлантириш ва унга инвестиция жалб этиш, ахборот технологиялари ва маркетингни туризмга йўналтириш каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

– Ташкилотимиз бир неча йилдан буён мамлакатингиз билан туризм соҳасида мунтазам ва самарали ишлаб келмоқда, – дейди Германиянинг “Mascointour” туризм компаниясининг катта маслаҳатчиси Николь Хайслер. – Ҳамкорликдаги фаолиятимиз давомида Наманган вилоятининг бой маданияти, тарихи, осори атиқалари бизни ўзига ром этди. Мақсадимиз водийга Европа мамлакатларидан сайёҳлар оқимини ошириш, инвестиция киритиш. Ўйлайманки, биргаликдаги лойиҳаларимиз кутилган натижаларини беради.

Халқаро анжуманда “GIZ”нинг “CTN-49” лойиҳаси, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманларига туташ манзилдаги очиқ осмон остидаги тарихий қадамжо – Ахсикент ёдгорлигининг истиқболдаги лойиҳалари тақдимот қилинди. 

Оқилхон ДАДАБОЕВ, 

ЎзА мухбири

Энг кўп ўқилганлар

Календарь