ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34711
21 November, 2024, 12:53
Бу галги Халқаро гуллар фестивали ташкилотчиларининг ўзига хос янгиликларидан бири бу Бобур боғидаги алоҳида майдонда «Оммавий ахборот воситаларининг очиқ осмон остидаги музейи» ташкил қилинганидир.
Хиёбондаги музей кўргазмалари орасида босма нашрларнинг порлаб туриши нафақат журналистлар учун, айни вақтда чин маънодаги газетхон ҳамюртларимиз учун ҳам қимматли туҳфа бўлди.
Қашқадарёлик Абдухолиқ Саодатов, Шарифа Хонкелдиева, қўқонлик Ҳакимжон Шералиев, поплик Шуҳратжон Мамадалиев, янгиқўрғонлик Зоҳидахон Аҳмадалиева, Матлуба Рустамова, косонсойлик Раънохон Турғуноваларни айнан шу хиёбонда музей экспонатлари олдида учратдик.
– Илгаритдан Наманганга келишга эҳтиёжим туғилса, албатта Гул байрамини кутаман, – дейди Андижоннинг Балиқчи туманидан келган Мавжуда Сотиболдиева. – Ўзим олий таълимни айнан шу – Гуллар шаҳрида олганим учун ҳам Бобур боғининг таровати кўз ўнгимда туради. Бу галги фестиваль янгиликларга жуда бой бўлибди. Очиқ осмон остидаги музейга қўйилган газета саҳифаларидаги мақолаларни, шеъру лавҳаларни ўқиб, талабалик йилларим ёдимга тушди. Гулчилик тарихи, фестивалга асос бўлган интилишлар ҳақидаги лавҳалар тасвирини телефоним галереясига жойладим. Қўшниларга, фарзанд, набираларимга гапириб бераман. Наманганга, наманганликларга биз андижонликларнинг ҳавасимиз келади. Гулчилик санъати Андижонда ҳам ривожланиб бораётганида ана шу ҳавасимизнинг амалий ифодаси бор.
– Ҳовлимиз яланглигида албатта капалак тасвиридаги жонли гуллар нақшини ясаш учун дизайнерлар билан маслаҳатлашдим. Ранго-ранг гуллар харид қилдим, – дейди самарқандлик Раҳима ая Ризаева суҳбатимизга қўшилиб. Фестивалда пазандачиликда ҳам довруғ қозонган наманганликлар томонидан 120 килолик торт ясалаётганини эшитдим. Намунали мақом ансамбли хонанда ва созандаларнинг истеъдоди биз меҳмонларни қойил қолдирди. Камолиддин Раҳимовнинг сози муносиб издошларининг қўлида эканидан бир санъат шинавандаси сифатида беҳад хурсанд бўлдим.
Юртимиз меҳмонларининг завқли таассуротлари оламча. Бу, албатта, биз наманганликлар учун фахр ва иштиёқбахшдир.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти