Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 10:29

Маданият

«Қора шаҳзода»ни қидириб, 63 ёшли кактусни учратдик

  • 05.Июня.2023
  • 726

Тилимизда «Гулдан нозик, тошдан қаттиқ...» деган ибора бор. Ҳақиқатан ҳам  меҳрталаб, парваришталабликда гулдан ўтадигани йўқ. Чунки, гўзалликнинг умри қисқа.

Лекин кўзлар, диллар қувончи муродида жиндеккина ҳаяжон ва ҳаловат учун озмунча меҳнат сарфланмайди. Шаҳримизда навбатдаги Халқаро гуллар фестивали бошлангандан буён кўпчилик қатори камина ҳам хусусан, намози асрдан кейин турланиб турувчи осмонга қараб Яратгандан ушбу ойлик анжуманни бехатар, бешикаст, қаттиқ шамол ва ёғин-сочинсиз, хурсандчилик билан ўтказиб олишни сўраймиз.

Қишдаги қаҳратон ҳаммамизни синовдан ўтказди. Иккита катта гултувакда яшнаб турган «қора шаҳзода»м эҳтиётсизликдан нобуд бўлди. Мунғайиб қолган туваклар бағрини тўлдириш, қолаверса, байрам материали тайёрлаш баҳона Бобур боғига йўл олдим. Истироҳатгоҳга Нуронийлар идораси томонидан кирдиму назаримда кўзларим гўзалликдан, Беҳишт боғларида юргандек чақнаб кетди. Жаннатнинг бир парчаси шу тупроққа туширилган гўё. Гулгиламлар нақши нигоридан ҳайратингиз ошади. Оёқларингиз остида, ўнгда, сўлда, олдда ва орқада, тепангизда – ҳаммаёқда гул, гул! Шоир айтмоқчи: «Этагингга сиққанича ол...».

Шаҳар ва туманларга бўлинган ҳудудлар гўзаллик билан уйқашиб кетган санъат асари яратишда бир-бири билан мусобақалашган. Ана фантазия, ана нафосат!

Бобур боғидаги Халқаро гуллар фестивалининг иккинчи ярми дарвозанинг нариги ёғида қизғин давом этмоқда. Раста-раста анвойи, ҳатто умрингизда кўрмаган табиат мўъжизаси шу ерда жамланган. Соябонлар остида  сотувчи ҳам кўп, олувчи харидор эса ундан ҳам зиёда. Хаёлимиздаги «Қора шаҳзода»-ю орхидеялар қолиб, ғалати, ажабтовур гулларга термуламиз. Бу ерда гуллар пулларга айланаётган, аниқроғи, меҳнатлар қадрланаётган, самара, фойда бераётган жараёнга гувоҳ бўламиз. Нархларга қизиқамиз: митти тувакчадагиси беш минг сўмдан, энг ноёби 1 800 000 сўмгача.

Четдан туриб кузатиш ҳам мароқли: гул сотаётган ҳамшаҳар бир жувон Қирғизистондан томошага келган  эркак ва аёл билан «тиллашмоқда.» Англашимизча, улар тадбиркор шекилли, чойхонами, ресторани олдига ландшафт дизайни асосида хиёбон ташкил этмоқчи. Шунинг учун, Намангандан маъқул бўлган гулларнинг турини ва уни қонун-қоидаси билан экиб-тикиб берувчи мутахассис олиб кетишни мўлжаллашмоқда. Одамлар кўплиги боис меҳмонлар исму шарифини аниқлай олмадик. Янаям тўғрироғи, рўйхушлик беришмади.

Бу ерда гул сотаётганларнинг аксарияти шунчаки сотувчи. Асл гулкорлар гулзорлари қошида парвона. Гул етиштириш сирини эгаллаган мутахассисни суриштирганимизда қўшнилар Баҳромжон Мўминовни кўрсатишди. Ҳа, бу ўша номи афсоналарга айланаётган машҳур кактусчи Жўрахон Мўминовнинг фарзанди, гулчилар сулоласининг навбатдаги авлоди, илгари ҳам суҳбатдошимиз бўлган инсон.

Гул ҳақида оғзимиз фахрга, муҳаббатга тўлиб-тошиб гапирганимизда, барчамиз унинг тиконлари ҳақида ҳамиша негатив хулосада бўламиз. Рости, бармоқларимизга озор беришга тайёр тиконлар ёқмайди, уларни ёмон кўрамиз. Аммо Мўминовлар оиласи бутун бадани игнадек тиконларга ошён бўлган ўсимлик – кактусларнинг «бошини силаб», гуллатаётган, бу билан ҳамманинг оғзини «ланг» очираётган кишилар.

Баҳромжон ака фестиваль савдосига беш  юз турдан зиёд минглаб гул  кўчатлари олиб келибди. Уйида эса 1200 турдан ортиғи парваришланади. Гул савдосининг шоҳона  томошаси бўлган 63 ёшли кактус  (суратдаги)  ўтган-кетганнинг ҳавасини келтиради. Уни сотишга эмас, кўргазма учун олиб келишганки, неча Гуллар байрамини кўрган бу  каттакон кактуснинг ўзида ажиб жозиба, антиқа ҳусн мужассам. Она табиатнинг бетакрор санъатига фақат қойил қоласиз!

– Бу ерда бутун оиламиз билан иштирок этяпмиз. Мана, неча ўн йилдирки, авлодимизнинг касбу кори, тирикчилиги шундан иборат. Фестивалларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритиб, шуҳрат қозонганмиз. Баъзан қаттиқ қийинчиликларга дучор бўлиб, гулларимиз қуриб қолган вақтлар юз берди. Шунда ҳам фаолиятимизни тўхтатмаганмиз. Гулчилик – худди  болани парваришлашдек иш. Меҳр-муҳаббат ва сабр-қаноат  қиласиз...

Меҳмон отахон  суҳбатни шу ерда узиб қўйди. Қўлларида тўрт-бешта тувакда гул. Яна харид умидида Баҳромжон акага савол бермоқчи шекилли. Имкондан фойдаланиб, мўйсафид билан танишамиз:

– Рустамжон Мадмусаев бўламан. Пенсионерман. Ўш шаҳридан келдик, оилам билан. Наманганда қариндошларимиз бор. Уч-тўрт кундан бери шу ердамиз. Ҳар куни боғни айланиб, маза қилиб, дам оляпмиз. Уйдагиларим гулга «тўймайди». Яна сотиб оламиз, деб қўйишмаяпти...

62-халқаро Гуллар фестивали нафақат вилоятимизга тегишли, балки бутун республика миқёсига кўтариляпти, десак лоф қилмаган бўламиз. Нега десангиз, гул сотувчиларнинг анча-мунчаси Андижону Фарғонадан, бу ёғи пойтахт Тошкентдан ҳам ташриф буюришганки, бундан жуда  мамнунмиз. Ана ўшалардан бири Насибахон Мадаминова Андижон вилоятининг Избоскан тумани, Ботиробод қишлоғидан экан. У гул бозорига йигирма хилдан иборат йигирма мингга яқин гули билан – ҳам саёҳат, ҳам тижорат муддаосида келибдики, унга «Бозорингизни берсин», – деймиз.

Ҳали у, ҳали бу гулзорга маҳлиё бўлиб, вақт ўтганини билмай қолдик. Айтмоқчи, «Қора шаҳзода»дан олдингизми, неча пул экан?» – демоқчимисиз. Афсуски, йўқ. Унинг ўрнига жуда катта маънавий, руҳий таассурот олдик. «Қора шаҳзода» хариди эса кейинги сафарга қолди.

Рислиқхон МАЖНУНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь