ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34744
24 November, 2024, 12:09
Поп тумани кулолчилик, Чуст эса дўппичилик ва пичоқчилик маҳсулотлари билан довруқ қозониб келади.
Ўз шаҳрининг бренди бўлган Чуст пичоқлари жозибадорлиги, шаклининг соддалиги ҳамда силлиқлиги, пишиқ-пухталиги билан хорижда ҳам маълум ва машҳур. Улар ўзининг бетакрор кўринишга эга бўлиб, фойдаланишда жуда қулайлиги билан ҳам бошқалардан ажралиб туради.
Чуст усталари ясаган пичоқларнинг бошқалардан фарқи уларнинг даста ҳамда тиғи узунроқ, тиғининг учи ташқарига, дастасининг учи эса ичкарига томон қайрилган бўлади. Чуст ҳунармандлари устахоналарида яратилаётган қора-бинафша рангли оддий пичоқ, тенги йўқ декоратив ва сувенир пичоқлар, қиличлар, шунингдек, японларнинг катана-қиличи қизил, оқ, яшил ва кўк рангли тошлар билан безатилган. Анъанавий пичоқларда эса «баҳор лоласи» ва «пахта гули» қадимий нақшлари бор.
Қадимий шаклларидан бизгача қозоқча, қайқи, толбарги, пайвандли, қўшҳовуз ва яна бир қанча турлари етиб келган. Ҳозирги кунда шаклланган нусхаси: шох соп, ёрма соп, суқма соп, қалайи сар, мис сарбаста, садафли, чилмеха, суяксоп, садафсоп каби турларидир.
Чуст пичоқчилик мактаби анъаналарини сақлаб қолиш мақсадида вилоят ҳунармандлар уюшмаси томонидан «Чуст пичоқлари» музейини ташкил этиш концепцияси ва лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26-27 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида «Чуст пичоқлари» музейи концепцияси таклиф сифатида намойиш этилди. Бу таклиф Президентимиз томонидан маъқулланди ва келгусидаги ишлар белгилаб олинди. Ҳозирда амалий ишлар бошлаб юборилган. Уни ташкил этилишининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири у вилоятимизнинг туризм салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. Чунки, музей таркибида пичоқ тайёрланиш ишларини бевосита кўриш имконини берувчи пичоқчилик устахонасини ҳам ташкил этиш белгиланган. Бу эса ўз навбатида хорижий сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғота олади.
Розия ПЎЛАТОВА,
вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходими.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти