ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34707
21 November, 2024, 04:39
Наманган шаҳрида кўтаринки руҳда ўтаётган 63-халқаро «Гуллар фестивали» доирасида кўплаб маданий тадбирлар, спорт мусобақалари, саёҳатлар уюштирилмоқда. Поп тумани кенгликларида ўтказилган «Лаванда» сайли ҳам шулар жумласидандир. Илк бор ташкил этилган мазкур шоу-томоша кўпчиликка манзур бўлди.
Асли ватани Франция бўлган ушбу доривор гиёҳ айни пайтда туманнинг Чоркесар қир-адирликларида 100 гектар майдонда етиштирилаётгани эътиборга молик.
Бир неча йил аввал фойдаланилмай ётган майдонни ўзлаштириш ниятида ташаббус билан чиққан «Меҳригиё» корхонаси мутасаддилари бугун дастлабки натижаларга эришдилар. 100 гектар лавандазорлар эндиликда барчанинг ҳайратини оширувчи ажиб манзара кашф этди. Сайлга туман ҳокимлиги вакиллари, узоқ-яқиндан келган сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли ташриф буюришди.
Сўзга чиққанлар юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар ва бу имкониятдан самарали фойдаланиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармонлар мисолида мазкур ҳудудда барпо этиладиган корхоналар, амалга ошириладиган янги лойиҳалар хусусида фикр билдирдилар. Бу хайрли иш ташаббускори бўлган корхона раҳбари Хондамир Нуриддинов фаолияти алоҳида эътироф этилиб, ташаккурнома топширилди.
Тадбир лапарчилар-у хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган шўх яллалар билан байрамона тус олди.
Бетакрор табиат қўйнида сайр этган меҳмонлар доривор гиёҳ ифоридан баҳраманд бўлиб, бу онларни суратларга муҳрладилар. Шунингдек, лавандадан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечириб, мазкур ноёб ўсимликнинг фойдали хусусиятлари тўғрисида тушунчага эга бўлишди.
Қир-адирликлар ўртасидаги бу чаманзорни барпо этиш осон кечмаган, албатта. 300 метр чуқурликдан тортилган обиҳаёт, 100 нафардан ортиқ ишчининг заҳмати билан бу гўзаллик кашф этилди. Экин майдонимизда шунингдек, атиргул, қулупнай, зайтун каби ўсимликлар ҳам етиштирилмоқда. 35 млн. долларлик мазкур йирик лойиҳанинг амалга ошиши туфайли яқин келажакда шу ҳудудда доривор гиёҳлар, чой қадоқлаш, шоколад, лимонад каби маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қад ростлаши ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, барпо этилажак 360 нафар ўринга мўлжаллаган туризм комплекси вилоятимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар оқими салмоғини янада оширишга хизмат қилади. Бу эса яна 300 та янги иш ўрни, дегани.
«Лаванда» сайлида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов иштирок этди.
Шаҳноза ОРЗИҚУЛОВА.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти