Қисқа сатрларда

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

23 November, 2024, 08:43

Маданият

Серқирра ижодкор эди – таниқли ижодкор Абдуғани Абдувалиев таваллудига 80 йил тўлди

  • 23.Апреля.2022
  • 790

Таниқли ижодкор Абдуғани Абдувалиевнинг бу ёруғ дунёни тарк этганига кўп бўлгани йўқ. Шунинг учун у ҳақда ёзиш ёки бир сўз айтиш осондай. Лекин бошқа томондан қараганда, мураккаб жиҳат ҳам йўқ эмас. Чунки, у серқирра истеъдод соҳиби эса-да ҳаётда оддий камсуқум, камтар, ҳақгўй инсон эди. Ҳеч қачон ўзининг ижодий ютуқлари билан мақтанмасди. Мумтоз адабиёт вакилларига ҳурмати беқиёс эди.
Абдуғани Абдувалиевнинг саксон йиллиги арафасида уни яхши билган, кўп  мулоқотда бўлган ижодкорлар билан боғландим. Қуйида уларнинг айримларини келтираман.
Аҳмаджон Мелибоев – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, давлат ва жамоат арбоби: 
– Абдуғани ака ҳақида сўз айтишдан олдин бир нарсани изҳор этмоқчиман. Пойтахтда ва вилоятда яшаб ижод қилиш ўртасида катта фарқ борлигидир. Ўз тажрибамдан биламанки, пойтахтда ижод қилиш нисбатан қулайроқ. Чунки, у ерда забардаст адиблар кўп, нашриётлар, журналлар сероб. Зарур пайтда,  ўткир қалам соҳибларидан  маслаҳатлар олиш, асарларни кўрикдан ўтказиш мумкин. Яъни кенг ва ранг-баранг адабий муҳит мавжуд.
Пойтахтдан узоқда яшаб ижод қилиш учун эса ҳаддан ташқари пухта билим талаб этилади. Бунинг учун эса тинмай ўқиб-изланиш зарур. Ўзбек адиблари орасида шундай ижодкорлар  йўқ эмас. Ҳабиб Саъдулла, Тўра Сулаймон, Охунжон Ҳакимов шулар жумласидандир. Абдуғани акани ҳам бу ижодкорлар сирасига киритиш мумкин. Унинг ўзбек ҳажвиячилигини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси мазкур фикрни тасдиқлаб турибди.
Яқинда меҳнат фахрийси Зокиржон ака Йигиталиев билан суҳбатлашиб қолдик. У узоқ  йиллар вилоят радиосида ижод қилган. 
– Катта ёшдаги юртдошларимиз Абдуғани акани маҳоратли сухандон сифатида яхши биладилар дейди, – Зокиржон ака. – Унинг  «Намангандан гапирамиз» сўзлари билан бошланувчи эшиттиришлар  фонотекада сақланиб қолган.
Абдуғани ака аслида Тошкент театр ва рассомчилик институтини битирган эди. Шунинг учун адабиётни, нутқ маданиятини яхши биларди. Дастлаб маълум муддат театрда ҳам ишлаган, кейинчалик эса радиога ишга таклиф этилган. 
Ўшанда эфир тўлқинларида ҳар куни икки марта эшиттириш олиб бориларди.  Абдуғани ака аввал матнлар билан яхшилаб танишиб олар, тушунмовчилик бўлса, журналистлардан изоҳ сўрарди. У ҳар бир сўзни аниқ ва тўғри, ҳақиқий адабий тилда талаффуз қиларди. Бунда назаримда, унинг нутқ маданиятидан яхши хабардорлиги жуда қўл келарди. Кўпчилик уни Юрий Левитан, Қодир Махсумов, Ўктам Жобиров каби тажрибали сухандонларга қиёслар эди. 
Вилоят радиоси фонотекасида Абдуғани ака тайёрлаган анчагина эшиттиришлар сақланиб қолган. Улар орасида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари билан уюштирилган суҳбатлар алоҳида қимматга эга. Чунки, улар бугун сафимизда йўқ. Лекин фронтда халқимиз кўрсатган жасорат ҳақидаги ҳикоялар ҳар бир кишининг қалбини тўлқинлантиради. Бундан ташқари, А. Абдувалиев муҳаррирлигида вилоятимизда яшаб ижод қилган қатор санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар ҳам ёзиб олинган. Бу хонишлар юртимиз қандай ажойиб истеъдодларга эга бўлганлигидан ҳамиша далолат бериб туради.
Мен ўзим ҳам Абдуғани Абдувалиев билан қарийб ўн беш йил бирга ишлаганман. У «Наманган ҳақиқати»даги фаолиятини хатлар ва оммавий ишлар бўлимида бошлаган эди. Ўша пайтда унга Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидахон опа Мамажонова раҳбарлик қиларди. Бўлимдаги иш бир қарашда мураккаб эмасдай туюларди. Лекин, амалда анчагина машаққатли, сермеҳнат эди. Чунки, у кезларда таҳририятга газетхонлардан ҳар куни ўнлаб мактублар келарди. Уларнинг ҳар бирини ўқиб-ўрганиш, зарур бўлса, чоп этишга ҳозирлаш талаб қилинар эди. Хатлар орасида шикоятлар ҳам кўп учрарди. Уларни тегишли тармоқ бўлимлари ходимлари билан биргаликда текширишга тўғри келарди. Маълумотлар тасдиқланса, материал тайёрлаш лозим эди. У газетада босилиб чиққач, яна бир вазифа пайдо бўларди. Яъни газетхон қўйган муаммони бартараф этиш учун тегишли ташкилотлар билан ёзишма бошланарди. Бу иш эса бир неча ойга чўзилиб кетиши мумкин эди. Демак, масалани тўла ечиш учун сабр-тоқат, чидам ва ҳуқуқий билимдонлик зарур бўларди. 
Абдуғани ака ўтган асрнинг етмишинчи йилларида вилоятда ишчи ва қишлоқ мухбирлари ҳаракатини ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшган. У Ҳамидахон опа билан биргаликда «Наманган ҳақиқати»да ташкил этилган жамоатчи мухбирлар университети фаолиятини мувофиқлаштириб турарди. Айниқса, ёш қаламкашларга сабоқ берадиган тажрибали журналистларни таклиф этиш, мавзуларни тавсия қилиш катта аҳамият касб этган. Мазкур даргоҳдан юзлаб ижодкорлар, шоир ва адиблар етишиб чиққани бежиз эмас. Боз устига «Наманган ҳақиқати» ўша йилларда ҳафтасига беш марта, етмиш-саксон минг нусхада чоп этилган. 
Абдуғани ака кўп йил газетанинг маданият бўлимини бошқарди. Бу даврда таҳририят қошида адабий тўгарак иш олиб борди. Журналистларнинг республикадаги таниқли ижодкорлар билан учрашувларини ўтказиш яхши анъанага айланди. «Адабиёт ва санъат саҳифаси» доимий чоп этилиб, газетхонлар эътиборига сазовор бўлди.
Абдуғани ака таҳририятдаги фаолият билан бадиий ижодни қўшиб олиб борди. Қатор китоблари нашр қилинди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлди. Шу ўринда у адабиётимизда ҳажвий йўналишни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди. Унинг самимий кулги ва ҳазил билан йўғрилган асарлари республика радиосининг «Табассум» журналида, Ўзбекистон телевидениясининг «Миниатюралар театри», «Экран хандаси» кўрсатувларида, марказий газета-журналлар саҳифаларидан мунтазам ўрин эгалларди.
Бир пайтлар устоз, халқ шоири Ҳабиб Саъдулла билан кўп бор Тошкент сафарида бўлишга тўғри келган. Деярли ҳар сафар оқсоқол адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмадни зиёрат қилардик. Унинг Дўрмондаги Ёзувчилар уйидаги чорбоғида кўп марта суҳбатлашганмиз. Саид Аҳмад гап орасида албатта бир-икки марта Абдуғани акани эслаб қўярди.
– Яхши ёзувчи-да Абдуғани, – деб қолди бир гал у. – Ҳажвда ўзига хос услуб ярата олган. Ҳар бир ҳикоясидаги образни атрофлича тасвирлайди. Бу, театрдан хабардорлигидан бўлса керак. Қаҳрамонлари ҳам ўйлаб топилмаган, балки ҳаётдан олинган. Атрофдагиларни кузатишни, сўзларини тинглашни ўрнига қўяди. «Ғирвон ҳангомалари» Габрово латифаларидан қолишмайди. 
Абдуғани Абдувалиев ҳақидаги қисқа хотира охирида унинг инсоний фазилатлари ҳақида ҳам бир оғиз сўз айтиш жоиз. У ҳаётда дилкаш, беозор, хушмуомала инсон эди. Ҳеч қачон бировга малол келадиган сўз айтмаган. Илм даражаси ўта юқори бўлсада, буни ошкор этмас эди. Оилапарвар ва болажон, катталарга ҳурматда кичикларга иззатда бўларди. Шунинг учун ҳам биз уни ҳамиша меҳр ва ҳавас билан эслаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь