Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

06 May, 2024, 07:30

Маданият

Шеър дарди – дил дарди: Носир Аббос – 60 ёшда!

  • 15.Февраля.2023
  • 1458

Аббосхон Деҳқонов хонадонидаги гавжум китобхонлик оқшомлари олтмиш йилдан у ёқдаги гап эди, аммо ҳанузгача эсланади. Носиржон ана шу оилада туғилиб, ўша оқшомлар соғинчи руҳида улғайди-да, ўқиб ва уқиб, бугун Носир Аббос деган номга етишди.

– Хўш, Носиржон Деҳқоновдан Носир Аббосга айланган инсон ким ўзи?

Муаллиф айтадики, жавоб саволдаги биттагина сўзда турибди:

– Носиржон – инсон, инсоний инсондир!

– Мен учун Носиржон Наманганнинг тимсолига айланиб қолган, – дея ёзибди самарқандлик шоир Фаррух Ҳамроев. – У ўзгалар машаққатини, дарду ғамларини юрагида кўтариб юришига гувоҳман.

Ғазалнавис шоира Дилором Эргашеванинг жавоби:

– Унинг дарди – дардим, қувончи – қувончим, ютуғи – ютуғимдир. Қанийди, Носиржон акадай кўнгли тоза одамлар кўп бўлса.
Бир оилада уч шоир: Турғуной, Носиржон, Меҳриноз ва Ёзувчилар уюшмасининг икки аъзоси. Қиз бола – палахмон тоши, йўқ, Меҳринознинг насибаси Намангандан узилгани йўқ, пойтахтга қўшилди, холос. Унинг наз-мий номалари бор – «Дадамга мактублар»:

Оқ қоғозга сўзмас, юрагим томар,
Худо, отам ва у – энг буюк далда.
Негадир уйқашиб кетди ҳарфлар,
Мактуб ҳам битмади... қолгани дилда.

Ҳарфлар шунинг учун уйқашиб кетдики, падарини соғинган фарзанднинг киприкларига маржондай томчилар тизилди. Аммо улар отанинг табаррук номи битилган саҳифани доғламаслиги шарт. Шунинг учун у қайта-қайта ютинди-да, кўз ёшлари ҳислар ва муҳаббат маконига оқди-кетди. Алқисса, мактуб ҳам битгани йўқ, қолгани дилда. Фарзанднинг гавҳар муҳаббатини ардоқлаб сақламоққа кўнгил ғазнасидан афзал макон бормикан?

Рост, қиз бола отага меҳрибон бўлади, опа-сингиллар-чи?

– Оилада 7 фарзандмиз, ёшликларини уруш ямлаб кетган дедом билан умри кони меҳнатда ўтган онам бизни одам қилдила, – дейди Турғуной Деҳқонова чортоқчасига. – Укам Носиржон ҳаммамиздан бўлакчала. Дедом Носирилло деб суйсала, абамла Носиржоннинг ўта соддалигидан кўп хавотир олардила. Укамла илоё меҳнатларини роҳатини куру-уб, яйрав-яйрав юрсунла.

Тўғри, Носир Аббоснинг соддалиги бор, лекин бу фазилат-ку, биноан алайҳи, хавотирга асос йўқ-да. Унинг тўғрисида Наманганда қалам тутганларнинг ҳаммаси яхши гап айтади, фазилатларини таъкидлайди, албатта. Лоақал, юқоридагиларнинг деганларига назар солайлик-чи: инсонийлик, ҳалоллик, самимият, дуо олган, камтар, хокисор, содиқ, ҳасад бегона, меҳр-оқибатли, маслаҳатгўй, дўст, журналист, раҳбар. Қалам аҳли мақтовга ўч, аммо қай биримизда гоҳо ортиқча мақтаниш ҳам бўлиб туради. Носиржонга хос фазилат шуки, у асло мақтанмайдиган шоир.

Ана энди шоирликка гал келди, Носиржондан тўрт сатр:

Меҳнат қаритмайди отани,
Меҳнат қаритмайди онани.
Одамлиги берганида панд,
Қаритади ноқобил фарзанд.

Ўқидингиз, тўрт қаторгина холос, лекин улуғ шоир Эркин Воҳидов уқтирганидай, «шоир одам ўзини тўрт сатрда кўрсатур».
Тожикистонлик қариндош Шамсиддин тоға жигарларини соғиниб келса, Аббосхон отанинг уйида турарди. Бир куни у шундай деворди:

– Ука, сенинг адашинг бор – Носир Хисрав, жуда катта шоир эди, анча-анча илгари яшаган.

Носиржон унда ҳали ёш эди ва хаёл қилдики, демак, Носир исмлилар шоир бўларкан-да. Ўшанда қўлига қалам олди ва 5-синфдалик чоғи туман газетасида илк шеъри кўринди. Унгача у «Меҳнат байроғи»даги тўгаракка қатнади, Робиддин Исҳоқов, Маҳмуджон Маъмуров, Жўра Раҳим, Собир Турғунлар назарига тушди, Ҳабиб Саъдуллага учради. Устозлари сафида Маҳмуджон Парпиев, Боқий Мирзо, Лобар Рустамова, Оташ Холмирзаев ва бошқалар ҳам бўлишган. Индаллоси шуки, Носир Аббос устоз кўрган шогирддир.

Соддалик фазилат дедик, олий мактаб остонасида у тўппа-тўғри Мунир Ҳасанович Ибрагимовга йўлиқиб қолди. Бу ҳам соддаликдан эди, албатта. Домла катта олим, маданият институтининг басавлат раҳбари бўлса-да, абитуриент йигитча билан эринмай суҳбатлашди, маслаҳат ва фотиҳа берди. Носиржон ўқиб, диплом олди, ҳарбий хизматдан юлдузли погон билан қайтди.

Зукко муҳаррир М. Маъмуров ундаги иқтидорнинг истиқболидан умидворки, дарҳол туман газетасига чақириб олди. Бу 1984 йилда бошланган ва қарийб қирқ йилдирки, матбуот – унинг ҳаёти. Носиржон «Халқ иродаси»да ишлади, бу нашрнинг иловаси ҳам бор эди, «Ўзбекистон овози»нинг мухбири бўлди, ҳозир «Наманган ҳақиқати»да фаолият олиб бормоқда. Унинг Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари (2020 йилдан) сифатидаги ҳаракатлари ҳам баракотли. Ҳамма ижодкорларнинг қўлида Носир Аббосдан ҳадя китоблар бор, улар – уюшманинг совғаси. Юбилярлар доимо эътиборда, ҳамиша кўчиб юрган ташкилотимиз ўз офисига эга бўлди. Бўлим қошида кенгашлар тузилган, унинг раҳбари янги лойиҳа-режага қўл урган, амалга ошади, иншооллоҳ.

Бир хонадонда уч шоир деганимиз нисбийроқ аслида, нимагаки, таъби назмнинг аввали Аббосхон отада (1925–1986) бўлган. Китоб қилиш у кишининг хаёлига ҳам келган эмас, аммо Кимёхон энага (1932–2016), фарзандларига ўқиб берарди. Дарвоқе, оиланинг кенжаси Алишержон Навоий, Машраб, Фузулий, Огаҳий каби улуғларнинг ўнлаб ғазалларини ёд билади. Чунки, у – ҳофиз, тор чалиб куйлайдики, сеҳрлаб қўяди. Шоир дейилган учовлоннинг китоблари эндиликда бир жуздонга ё сиғади, ё сиғмайди. Улардан «Қўш ирмоқ қўшиқлари», «Муҳаббатдан арзим бор», «Сабр табассуми» Носир Аббос қаламига мансуб, тазкиралардаги у битган сатрларнинг ҳисоби йўқ.

Аввалдаги савол:

– Хўш, Носиржон ким ўзи?

У Чортоқдаги 61-мактабда ўқиган, Муқаддасхон билан турмуш қуриб, уч фарзандли бўлди, набиралар кўрди, ёлғиз қизи Меҳриноз Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси. Носиржоннинг таваллуд санаси – 1963 йил. Сўз навбати қаҳрамонимизга келди, ахир, 60 яшар «йигит»га ҳам гал бериш керак-да:

– Тирикчилик не куйларга солмайди кишини. Яхшиям Аллоҳ тарбиямни ҳалоллик билан зийнатлаган. Катта синовлардан ўтдим, ота-онам йўлидан чиқмадимки, рўзми-рўз яшасам ҳам нафсимни тия олдим. Изимдан кимлар келади, деган ҳадик менда бўлмаган. Мумтозларни мутолаа қилганим сайин, умримнинг олтин дақиқаларида кўпроқ китоб ўқимаганим учун ўзимдан хафаман. Ёлғиз билан ёлғиз ҳолимда нима деркинман? Паришон қолишликдан қўрқувим бор.

Носир Аббос – файласуф шоир, бунинг мисоллари анчагина бўлса-да, биттасини келтирамиз:

Тугама, деб айтганман дуо,
Оғзимдаги толқонларимга.
Эҳ, лақаби ёлғончи дунё,
Сен ҳам чида ёлғонларимга.

Қуйидаги мисраларни Меҳриноз ёзган эса-да, у ҳам Носиржонга тегишли, шунинг учунки, фарзанднинг мулки ҳам исломда отанинг мулкидир:

Ҳаловатни асраганлар
Чин одамга айлангай.
Тупроқ бўлиб қолар бир кун
Ва Ватанга айлангай.

Ахийри, тупроқ бўлиб, Ватанга айланиш ҳамма-ҳамманинг тақдир китобидаги беистисно битик. Тилаймизки, Носиржонга ўша кунни узоқ-узоқ айласин, олтмиш ёшини қутлуғ-муборак қилсин! 

Рустамжон  УММАТОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь