Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

24 November, 2024, 01:29

Маданият

Таниқли шоира ҳақида ҳужжатли фильм олинмоқда

  • 09.Апреля.2022
  • 1071

Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлигининг «Рамсел-фильм» киностудияси томонидан Ўзбекистон ва Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира, «Китоб дунёси» газетаси бош муҳаррири, «Шуҳрат» медали соҳибаси Хосият Рустамова ҳақида ҳужжатли фильмни тасвирга олиш ишлари бошланди.
1971 йилда Чуст туманида таваллуд топган Хосият Рустамова бир неча халқаро шеърият фестивалларида иштирок этган, 2012 йилда Туркиянинг Бурса шаҳрида ўтказилган танловнинг шеърият йўналиши бўйича ғолиб чиққан. 2015 йили Озарбойжоннинг Микоил Мушфиқ ҳамда Расул Ризо номидаги халқаро мукофоти билан тақдирланган. 2018 йилда эса Таиландда бўлиб ўтган халқаро адабиёт фестивалида назм йўналиши бўйича энг олий мукофот соҳибаси бўлган. 
Серқирра ижодкор бир қанча ҳикоялар, пьесалар, киносценарийлар ёзган. 2015 йилда «Осмонга сиғмаган қуш» пьесаси Муқимий номидаги мусиқали драма театрида Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов режиссёрлигида саҳналаштирилган. 2016 йили эса «Гилам» ҳикояси асосида «Ажал жодуси» номли киносценарий ёзган ва режиссёр Ҳилол Насимов томонидан экранлаштирилган.
У таржимон сифатида Марина Цветаева, Евгений Евтушенко, Анна Ахматова, Борис Пастернак, Рамиз Равшан, Нигор Рефибейли, Ризо Ҳалил, Фозил Кисакурак, Хусну Доғларжа ва бошқа кўплаб жаҳон шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 
«Хосият» деб номланган, икки қисмдан иборат мазкур фильм ижодкорлари даставвал, шоира туғилиб ўсган Чуст туманидаги Олмос қишлоғида иш бошлаб, шоира ўқиган 17-мактаб, болалиги ўтган Олмос кўчалари ва у вояга етган уй тасвирга олинди. 

Суратга олиш ишлари Косонсойда, Наманган шаҳрининг «Чорсу» даҳасида, Чустнинг Ғова қишлоғида ҳам амалга оширилди. Ҳужжатли фильм суратга олиш жараёнларида шоиранинг ўзи ҳам иштирок этмоқда.
Фильм ижодкорларига постановкачи режиссёр Эльдар Мамедов бошчилик қилмоқда. Хосият Рустамованинг онаси ролида Наргиза Рустамова, унинг болалик даврини ўн ёшли Сабина Мамедова ижро этаяпти. Айни пайтда эса асосий бош ролга актёр танлаш мақсадида кастинг танловлари ўтказилмоқда. Сценарий муаллифлари эса Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, Маданият қўмитаси раиси, шоира ва давлат арбоби Ганира Пашаева ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Шойим Бўтаев.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь