ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34744
24 November, 2024, 01:09
Анъанавий халқаро «Гуллар фестивали»га тараддуд бошлаб юборилган шу кунларда вилоят маданият бошқармасидан тортиб театр ижодкорларигача, жойлардаги бадиий жамоалару ҳаваскор истеъдод эгаларигача ўзига хос бадиий дастурлар тайёрлаш билан банд.
Давлатобод туманидаги «Дўстлик уйи»да ҳар куни турли миллат кишиларининг турфа оҳангларга вобаст куй-қўшиқ тайёрлашаётгани шукуҳли.
– Жонажон Ўзбекистонимизда байрамлар кўп. Наманганимизда ўтказиладиган «Гуллар фестивали» эса ана шу байрамларнинг яна бир зийнатидир, – дейди вилоят корейс миллий-маданий маркази қошидаги корейс тили тўгараги ўқитувчиси Цой Галина Костантиновна. – Кундалик ҳаёт бир маромда, ҳар кимнинг ўз орзу-интилишлари билан ўтаверади. Аммо айнан байрамлар, фестиваль ва анжуманларда турмушимизнинг бахт билан чулғонгани, миллатларнинг бир оила фарзандларидай аҳил-иноқ яшаётгани, ҳар кимнинг орзу ва муваффақиятлари кўзларга яшнаб ташланади. Яқинда, аниқроғи февраль ойида, биз миллий байрамларимиздан бири Солор байрамини нишонлагандик. Наврўз шодиёналари апрель найсонларига уланди. Энди фестивалга тараддуди...
Мингбулоқлик педагог Мария Тьян Наманган туманидаги Баркамол авлод болалар ва ўсмирлар ижодиёт марказида фаолият юритаётганида ўзи раҳбарлик қилган тўгарак аъзолари билан шундай қўшиқ яратганди:
Келасизми гул сайлига,
Гул берасизми Лайлига.
Келинглар, қўл ушлашайлик,
Рақс этиб «Ялли-ялли»га.
Ман корейсча «Алла» айтай,
«Ёр-ёр» айтсин Ўзбегойим.
Ҳой, қирғизнинг қизил гули,
Манас ботир туғ илойим...
Чортоқ туманининг Ҳазратишоҳ, Созсой, Сарой каби қишлоқларида қирғиз миллатига мансуб бўлган ҳамюртларимиз кўчиликни ташкил этади. Баҳор келиши билан улар ўз миллий ҳунарларини ишга солиб ҳар турли совғабоп буюмлар, тансиқ ва шифобахш таомлар тайёрлашади. Бу тараддудда бадиий дастур ҳам бўладики, улар қишлоқма-қишлоқ байрам қутлови билан намойиш этадилар.
Туманнинг Қорамурт қишлоғида Рақия Тўрабоева деган ёши етмишга етиб, саксондан сакрашни кўзлаётган онахон истиқомат қилади.
Рақия момонинг чанқовузи не-не давраларни яшнатмаган, дейсиз.
Тўрт ўғил ва тўрт қизни касб-корли, ўйли-жойли қилиб, бахтли кексалик гаштини сураётган Рақия момо қуда-андаларининг Чустда, Уйчида, Елхон томонда ва икки қизи Қирғизистонда эканини айтиб, дуо қилади. Дуосида тинч ва меҳрли юрт Ўзбекистонга куч-қудрат, осойишталик тилаги бор.
– Гуллар фестивалига бир ўлан тайёрлаб турибман.
Момонинг завқини кўриб, хиргойисига қулоқ тутамиз.
– Байрам тадбирларида соз билан куйласангиз бир маза қиларканмиз-да.
Момо бизни ўтиришга ундайди.
Бу – маним ижодим, айтиб берай. Ёзиб олиб, газетга чоп эт?!
Момонинг сўров оҳангида фармонбардорликка қоришган бир мунис ялинч бор. Момо қўшиғининг матнини қоғозга туширгач, ёд олишга тутинамиз:
Сўзга кўчир қалб қўшиғингни,
Муҳаббатингни – жўшиғингни.
Қай овулда яшасанг ҳамки,
Унутма, шу тол бешигингни.
Қирғизими ва ё ўзбеги,
Сен шу юртнинг бекаси, беги,
Қалпағингга таққанинг жиғи,
Ёдга солсин эл-эшигингни.
Бобо юрти қайси томонда,
Озод юртда яшар омонда,
Миллатидан қатъиян назар,
Ҳамма бахтли Ўзбекистонда.
Сўзга кўчир қалб қўшиғингни...
Вилоят тожик миллий-маданий маркази қошидаги фольклор ансамбли хонандаси Шаҳло Мамаджонова эса тожик ва ўзбек тилларидаги ширу шакарларни куйга солишганини айтади. Тожик миллий кийимида ороланган ансамбл иштирокчилари доирани қарс уриб қўшиқ бошлайдилар.
«Гуллар фестивали» тадориги турли миллатга мансуб ҳамюртларимиз ижоди билан янада сайқалланаётгани дилларни яшнатади...
Мақола Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг
«Миллатлараро бирдамлик – тараққиёт омили» лойиҳасига мувофиқ тайёрланди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти