ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34744
24 November, 2024, 01:16
Жорий йилнинг 18 март куни Президентимиз мамлакатимиз тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда кўрилган кўплаб масалалар қаторида шифокорлар учун бепул концерт ва театр томошалари ташкил этиш, уларнинг ҳордиқ чиқаришларини мазмунли ташкил этиш бўйича ҳам алоҳида кўрсатма берилганди. Мана шундай эзгу ишга вилоятимиз ҳам биринчилардан бўлиб "лаббай" дея жавоб бериб, саломатлик посбонлари учун бепул театр намойиши ташкилланди.
Наманган "Ёшлар маркази"да вилоятимиз тиббиёт ходимлари учун театр репертуари бўлиб ўтди. Наманган вилояти мусиқали драма театри жамоаси томонидан тайёрланган бепул театр томошасига вилоятимиздаги 40 га яқин шифохонадан 300 нафар тиббиёт ходимлари ташриф буюришди.
Таниқли драматург Нурилло Аббосхоннинг "Азиз" номли асари асосида режиссёр Шуҳрат Абдуллаев томонидан саҳналаштирилган театр репертуари намойиш этилди.
- Наманган шаҳридаги тиббиёт масканларида сидқидилдан меҳнат қилаётган ходимлардан 55 нафарини томошага таклиф этдик. Бундай маданий тадбирлар уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда катта аҳамиятга эга, - дейди шаҳар тиббиёт бирлашмасининг касаба уюшма қўмитаси раиси Бобур Тошпўлатов.
Оилавий аҳиллик, меҳр-оқибат, ака-укалар ўртасидаги ришталарнинг узилиши сингари тарбиявий аҳамиятга эга қадриятларни поймол этилган аччиқ ҳаётий воқеалар асосида саҳналаштирилган асарнинг намойиш этилиши томошабинларни тўлқинлантирди.
- Ижро этилган ҳар бир образ ҳаётдан олингани билан жуда ҳам таъсирланарли. Сабабики, жамиятимизда меҳр-оқибатни унутиб қўяётган мана шундай бемеҳр инсонлар ҳам йўқ эмас. Ушбу спектакл барча қатори менга ҳам манзур бўлди, - дейди кўзидаги ёшларни яшира олмаган Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплекси кичик тиббий ходими Гулчеҳра Турсунова.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти