ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34732
23 November, 2024, 11:44
Вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон НУРИДДИНОВнинг мухбиримиз билан суҳбати шу ҳақда бўлди.
– Бугун вилоятимизда жами 2 миллион 931 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, оммавий спорт билан шуғулланаётганлари 724 мингдан кўпроқни ёки 24,9 фоизни ташкил қилмоқда.
Ўтган мавсумда спортчиларимиз томонидан Республика ва халқаро миқёсдаги мусобақалар, Осиё ҳамда жаҳон чемпионатларида 3 минг 371 та, хусусан, 796 та олтин, 884 та кумуш, 1 минг 691 та бронза медаль қўлга киритилди, – дейди Б. Нуриддинов.
– Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчиларни мунтазам равишда қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг муносиб иштирокини таъминлашга ҳар ҳачонгиданда икки ҳисса катта эътибор қаратилди. Уларни белгиланган тартибда витаминизация (тетиклаштирувчи воситалар) ишларини амалга ошириш ва халқаро миқёсидаги мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши учун 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Шу билан бир қаторда, спорт таълими муассасалари моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йилнинг ўзида вилоят ҳокимлиги томонидан 550 миллион сўмлик спорт жиҳоз ва анжомлари билан таъминланди.
Пандемия туфайли бир йил кечикитириб ўтказилган «Токио-2020» XXXII-ёзги Олимпия ҳамда XVI-Паралимпия ўйинларига 9 нафар вилоятимиз вакили (6 та олимпия, 2 та паралимпия спорт турлари бўйича) 13 та лицензияни қўлга киритди. Қувонарлиси, XVI-Паралимпия спорт ўйинларида қатнашган уч нафар вакилимиз – Нозимахон Қаюмова, Нурхон Қурбонова ва Феруз Сайидовлар 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза, жами 4 та медални қўлга киритиб, 2016 йили Рио-де Жанейро шаҳрида бўлган Олимпия ва Паралимпия ўйинларидаги натижаларга нисбатан икки баробар ўсишга эришилди.
Вилоятимизда 19 та болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 4 та ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 1 та Олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар футбол мактаби, 1 та футбол маҳорати мактаби, 1 та Олимпия ва Паралимпия захиралари коллежи, 1 та Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати бор.
1 минг 219 нафар мураббийнинг 262 нафарини аёл-қизлар ташкил этади. Уларнинг 542 нафари (44,4 фоизи) олий, 677 нафари (55.6 фоизи) ўрта махсус маълумотга эга. Мактабларда эса 2 минг 256 нафар жисмоний тарбия ўқитувчиси (шундан 441 нафари аёллар) фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, спорт муассасаларида 2 минг 65 та спорт тўгараги ташкил этилиб, уларда шуғулланиш учун 26 минг 200га яқин (шу жумладан, қизлар сони 5 минг 962 нафар) киши қамраб олинган.
Аҳоли ўртасида соғломлаштириш ишларини ташкил этиш мақсадида юриш, югуриш, минифутбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workout» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланган. Айни шу мақсадда барча маҳаллаларда 756 та спорт майдончаси, жумладан, 655 та «Workout», 15 та, 97.5 км. масофага эга «Саломатлик йўлаклари» ва «Велоспорт йўлаклари», 59 та «Стритбол», 17 та мини-футбол ва 10 та «Бадминтон» майдонлари ташкил этилди.
Ёшлар орасидан иқтидорларни танлаб олиш ва ёшларни терма жамоалар захирасига жалб этиш ҳам доимо эътиборда. Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳузуридаги «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти билан ҳамкорликда, спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаблари томонидан 70 фоиздан ортиқ мактабларга бир йилда камида уч маротаба селекция ишлари олиб борилди. Натижада, ўтган йили вилоят спортчиларининг 640 нафари (249 нафари аёллар) спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаларига қабул қилинди. Шундан асосий таркибга 347 нафар (131 нафари аёллар), захирага 293 нафари (118 нафари аёллар) киритилди.
Вилоятда Олимпия, миллий ва бошқа спорт турларини янада ривожлантириш, уюшмаган маҳалла ёшларини спортга кенг жалб этиш, спорт турлари бўйича моддий техника базани янада мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги шаҳар ва туманларга устувор, истиқболли ва ривожланаётган спорт турлари танлаб олинди.
Жумладан, Наманган шаҳрига сув спорт турлари, енгил атлетика, бадиий гимнастика, бадминтон; Косонсой туманига гандбол, футбол, бадминтон, баскетбол; Мингбулоқ туманига юнон рум кураши, футбол, ўзбек жанг санъати; Наманган туманига каратэ ВКФ, бадминтон, волейбол, баскетбол; Норинга бокс, бадминтон, гандбол, юнон-рум кураши; Попга дзюдо, бокс, юнон рум кураши; Тўрақўрғонга футбол, белбоғли кураш, дзюдо; Уйчига эркин кураш, баскетбол, бадминтон, волейбол; Учқўрғонга гандбол, эркин кураш, чим устида ҳоккей; Чортоқ туманига баскетбол, бокс, футбол; Чустга бокс, стол тенниси, таэквондо ВТФ; Янгиқўрғонга оғир атлетика, волейбол, футбол спорт турлари бириктирилди.
Жорий йилда вилоятимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бир қатор истиқболли режалар, қатор чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 февралдаги қарорига асосан, Наманган шаҳридаги 3, Косонсой туманида 2, Наманган туманида 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг ташкил этилиши ҳисобига қўшимча равишда 300 дан ортиқ секция ва гуруҳлар очилиб, 300 мингдан ортиқ ёшни спортга жалб этиш, 15 мингдан зиёд оммавий спорт тадбирлари ва мусобақалар ўтказиш орқали вилоят аҳолисининг 30 фоизини жисмоний тарбия ва спортга қамраб олиш кўзда тутилган.
Шунингдек, жорий йилда вилоятимиз 70 дан ортиқ Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақалари, 10 дан ортиқ халқаро миқёсидаги турнирларга мезбонлик қилиши режалаштирилган. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳалари ҳамда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.
2021-2022 йил мобайнида 34,4 миллиард сўмлик умумий қиймати 28,9 миллиард сўмлик 5 та спорт иншооти қуриш ҳамда 5.5 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Давлат хусусий шерикчилик тамойили асосида Норин туманида мини футбол, баскетбол, бадминтон майдонларини ўз ичига олган, умумий қиймати 5.5 миллиард сўмлик спорт комплекси лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Шу билан бирга жисмоний тарбия ва спорт соҳасида Республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам бор. Жумладан, Наманган шаҳридаги Гимнастикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида куз-қиш мавсумларида спорт машғулотларини ташкил этишда бир қатор қийинчиликлар юзага келмоқда.
Наманган шаҳридаги 2-сонли БЎСМнинг «Зарбдор» ва «Хамза» спорт базаларидаги спортнинг 11 та тури бўйича секция ва бўлимларда 600 нафардан ортиқ спортчи ёш шуғуллансада, мазкур иншоотлар бугунги кун талабига жавоб бермайди.
Давлатобод туманидаги «Отчопар» базаси ҳудудидаги кўл бугунги кунда касаба уюшмалари кенгаши тасарруфида бўлиб, унда 2000-2009 йилларда байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт тури бўйича машғулотлар олиб борилган. Мавжуд бино ва иншоотлар эса таъмирталаб ҳолга келиб қолган.
Давлатобод тумани ҳудудида Наманган шаҳридаги Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ўсмирлар спорт мактабининг филиал базалари «Велотрек» фаолият кўрсатади. Мазкур филиал базаси ўрнида янгитдан Давлатобод тумани 2-сонли БЎСМ ташкил этиш керак.
Олимпия ва паралимпия захиралари коллежи спортчилари ёзги ва қишки ўқув-машғулот йиғинларини ҳамда мусобақа олди тайёргарликларини олиб бориш учун Наманган вилоятида спорт базаси мавжуд эмас. Бунинг учун Янгиқўрғон туманининг тоғли ҳудудидаги Нанай қишлоғида жойлашган собиқ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ҳозирда Наманган муҳандислик-қурилиш институти балансига ўтказилган, Олимпия ва паралимпия захиралари коллежи спортчилари ёзги ва қишки ўқув-машғулот йиғинларини ҳамда мусобақа олди тайёргарликларини олиб бориш учун бўш турган коллеж биносини тўлиқ ҳолда Олимпия ва паралимпия захиралари коллежи балансига ўтказиш чораларини кўриш лозим.
Бу орқали эса республикада мавжуд барча олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари ҳамда Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари ўқувчи спортчиларининг ўқув йиғин машғулотларини олиб боришга замин яратилади.
Вилоятимизда эшкак эшиш слалом спорт турининг машғулотлар мунтазамлигини амалга ошириш бўйича спорт базаси мавжуд эмас. Шу боис, «Афсоналар водийси» боғида Марказий Осиёда ягона, замонавий барча қулайликларга эга, халқаро талабларга тўла мос келувчи слаломда эшкак эшиш базасини қуриш кўзда тутилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 5 ноябрдаги «Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорт турлари буйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Спорт таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури тўғрисида»ги, «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII-ёзги Олимпия ва XVII-Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги ҳамда «Юриш югуриш, мини футбол, бадминтон, стритбол ва «Workout» спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари асосида Наманган вилояти ҳудудий дастури ишлаб чиқилди.
Дастурда асосан, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция), сифатини олимпия спорт захирасини шакллантиришга, олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш; республика ва ҳудудий олимпия ҳамда паралимпия спорт турлари бўйича спорт базалари ва иншоотларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш; Олимпия Паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари тайёргарлик жараёнига замонавий илмий услубий технологияларни жорий қилиш; мамлакат терма жамоаларини тиббий-биологик, фармокологик ва спорт психологик жиҳатдан таъминлаш; миллий терма жамоалар спортчилари, тренерлари ва бошқа мутахассисларнинг моддий таъминотини яхшилаш; терма жамоаларнинг аъзоларини антидопинг жиҳатдан таъминлашга эътибор қаратилади.
Вилоятимизда ўтган 2021 йилда туризм салоҳиятини ривожлантириш, туризм объектларига эътибор қаратиш, сайёҳлар оқимини ошириш, туристларга хизматлар кўрсатиш кўламини ошириш борасида бир мунча ижобий ишларга қўл урилди.
Бунинг натижасида эса хорижий давлатлардан 15 минг 100 нафардан ортиқ турист ташрифи кузатилди. Шунингдек, ички сайёҳлар сони 1 миллион 710 минг нафарни ташкил этди. Сайёҳлар учун 24 та меҳмонхона, 6 та хостел (1 минг 446 ўрин), 233 та оилавий меҳмон уйи (2 минг 330 ўрин), 40 та микроавтобус ва 2 та гидроцикл, 37 та тур оператор, 274 та маданий мерос объектида 6 та гид-таржимон томонидан сайёҳлик хизматлари кўрсатилди.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда оилавий меҳмон уйларининг сони 75 тани ташкил қилган бўлса, уларнинг сони 2021 йилда 158 тага етказилди.
Вилоятимизда 2021-2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган умумий қиймати 203,7 миллиард сўмга тенг бўлган 59 та инвестиция лойиҳаси мавжуд. Шундан ўз маблағи 165,7 миллиард сўм, банк кредити 19,9 миллард сўм, хорижий инвестиция 2,1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 650 та янги иш ўрни яратилади. Ўтган йилнинг ўзида эса умумий қиймати 100,8 миллиард сўм бўлган 43 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳаларни ишга тушиши билан 434 киши иш билан таъминланди.
Вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси томонидан Наманганнинг туризм жозибадорлигини ошириш, вилоятга ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида 100 дан зиёд тарғибот материаллари, хусусан, видеороликлар, буклетлар, флаерлар, турли хилдаги брошюралар тайёрланди.
Вилоятимизга келувчи туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида бир нечта хорижий давлатлар, хусусан, Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти туризм департаменти, Покистон Ислом Республикасининг «Holidays in Central Asia» туристик компанияси ва Ўзбекистон-Покистон савдо уйи билан меморандумлар имзоланди. Бундан ташқари Нидерландиянинг «I Like Local» туристик компанияси, Испания қироллигининг «IMG» туристик компанияси ҳамда Италия Республикасининг «Roma» футбол клуби, Германиянинг «GIZ» лойиҳаси билан икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Президентимизнинг 2021 йил 18-19 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Наманган шаҳрида Халқаро гуллар фестивалининг 60-юбилейини нишонлаш ҳамда фес-тивалда хорижий меҳмонлар ташрифини ташкиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида фестиваль ҳақидаги мақолалар хорижий давлатларда, шу жумладан, АҚШнинг 46 та штатида 60 га яқин етакчи нашрларда, мамлакатимизнинг Европа давлатларидаги ваколатхоналарида, Покистон Ислом Республикасининг Панжоб вилояти ва Ўзбекистон-Покистон савдо уйи нашрларида, Тунис давлати «Капитолис» журналида француз тилида, Исроил, Россия, Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Бунинг натижасида Гуллар фестивалига 13 минг нафар хорижий, 1 миллион нафардан зиёд маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди.
Ўтган йил мобайнида хорижий ва маҳаллий туристлар учун 9 та туризм ахборот маркази, 100 та намунавий санитария-гигиена шохобчаси, 40 та туристик объектга олиб борувчи йўл кўрсатгич белгилари ва 80 та туризм объектларда «Wi-Fi» ҳудудлари ташкил қилинди.
Зиёрат туризмини янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида 2021-2023 йиллар давомида яна 33 та зиёрат объектида реконструкция, таъмирлаш, инфратузилмани ривожлантириш лойиҳалари амалга ошириш режалаштирилган. Бу мақсадларга маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари жалб этилади.
Вилоятимизнинг туризм ривожи истиқболларини энг аввало, «ўсиш нуқталари»ни белгилашда намоён бўлади. Энг аввало, «Афсоналар водийси» боғини вилоятимизнинг «чорловчи нуқтаси» сифатида фойдаланиш орқали, Наманганга ташриф буюрган меҳмонларни ҳудуд бўйлаб саёҳатларга жалб этиш режалаштирилган.
Бунда эса маскан бўйича кенг тарғибот ишларини олиб бориш ҳамда турли инфотурлар ташкил қилиш; вилоятда фаолият юритаётган туроператорларни бир жойда жамлаш орқали боғ ҳудудида «Visitor centre» фаолиятини йўлга қўйиш; «Visitor centre»да турли йўналишларда ишлаб чиқилган турпакетларни ташриф буюрувчиларга сотиш чораларини кўриш; меҳмонлар учун транспорт хизматлари ва гид-экскурсоводлар фаолиятлари йўлга қўйилади.
Вилоятимизда текстиль корхоналарнинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, ички туризмни ривожлантириш мақсадида «Shopping» туризмини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятимизда тиббий туризмни, хусусан, клиникалар фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ, «Наманган ҳақиқати» мухбири.
Ҳамдам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти