Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 08:02

Маданият

Туризм юртни тараннум этиш, иқтисодий ва маданий юксалишнинг муҳим воситаларидан биридир

  • 06.Октября.2022
  • 850

Президентимиз томонидан шу йил 19 сентябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз туризм салоҳиятининг бугунги аҳволи атрофлича таҳлил қилиниб, вилоятларда сайёҳлик манзиллари ва инфратузилмасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар танқидий баҳоланиб, соҳа истиқболига доир муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бу борада вилоятимизда умумий манзара қандай? Давр талаби мақомидаги бу йўналишда нима ишлар амалга оширилмоқда? Шунингдек, бу борадаги муаммо ва режалар хусусида вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир НУРИДДИНОВ билан суҳбатлашдик.

– Ботир Қодирхонович, яқин-яқингача Ўзбекистон туризми ҳақида гап кетганда тарихи бой Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлардан бошқаси тасаввур қилинмас эди, ҳатто Тошкент ҳам бу масалада мақтагулик даражада эмас эди. Бизнингча, бу туризмни фақат меъморий обидалар билан боғлаб тушунишнинг оқибати бўлса керак.

– Тўғри, бошқа бир қатор жиҳатлар қатори шундай саёз муносабат ҳам туризмнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда туризм кўп йиллар бешинчи-ўнинчи даражадаги ишлар  қаторида эътибордан четда қолиб келаётган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ қаратган алоҳида эътибори мамлакатимиз туризмида туб бурилишлар ясади. Бу йўналишда илғор халқаро тажрибалар, инновацион ва креатив ёндошувларни жорий этиш орқали Ўзбекистон дунёнинг сайёҳлик манзиллари сафига дадил кириб бора бошлади. Давлатимиз раҳбари томонидан видеоселекторда қайд этилганидек, жорий йил мамлакатимизга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ ўртача ҳисобда 500 доллардан сарф қилгани ва бу албатта давлатимиз хазинасига тушганлигини эътиборга олсак, туризм умумиқтисодиётда қанчалик муҳим ўрин тутишини англаб олиш қийин эмас. Шу нуқтаи назардан бу соҳани ривожлантириш давр талабидир ва бунда фақат осори атиқалар эмас, балки ҳар бир ҳудуднинг миллий-маҳаллий урф-одатлари, табиати, маданияти, ҳунармандчилик, тиббий ва пазандачилик туризми каби  ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратилиши керак. Албатта, вилоятимизнинг ҳам сайёҳларни жалб этувчи кўплаб қирралари мавжуд, фақат уларни намоён эта олиш, жойларда туризм инфратузилмаларини жаҳон андозаларига мос равишда ривожлантиришимиз лозим. Бугунги кунда бу борада вилоятимизда изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

– Шу ўринда вилоятимиз туризм салоҳияти, сайёҳлик йўналишидаги манзиллари ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

– Вилоятимизда зиёрат туризми, гастротуризм, экотуризм, этнотуризм, агротуризм, тиббиёт туризми йўналишларида жами 250га яқин сайёҳлик манзиллари бор. Шаҳар ва туманларимиз бўйлаб жойлашган бу масканлар муқаддас зиёратгоҳлар, маданий мерос, меъморчилик ёдгорликлари, музейлар, истироҳат боғлари, туризм қишлоғи, этноқишлоқ, туризм кўчаси, санаторийлар сингари объектларни ўз ичига олган. Масалан, Наманган шаҳрида вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи, Ўн бир Аҳмад, Мулла Бозор Охунд, Отавалихон тўра зиёратгоҳ мажмуалари, замонавий туристик объектлардан вилоят театри, «Афсоналар водийси» тематик парки, Тўрақўрғон туманида Ахсикент археологик ёдгорлиги, Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуаси, Чортоқда Султон Увайс Қароний, Биби Наима она зиёратгоҳлари каби ҳар бир туманда ички ва ташқи туризмда аҳамиятга эга объектлар кўп.

– Бошқалари тушунарли, лекин ўқувчиларимизга юқорида қайд этилган «туризм қишлоғи», «этноқишлоқ», «туризм кўчаси» каби тушунчаларни кенгроқ очиб берсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.  Вилоятимизда шундай сайёҳлик манзиллари қаерларда бор, улар нима учун шундай тоифага киритилган, шу ҳақда гапириб берсангиз?

– Президентнинг 2019 йил 13 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармонига мувофиқ, «Туризм қишлоғи» мақомига эга бўлган ҳудудлар биринчи навбатда «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, замонавий инфратузилма ривожлантирилади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда туризм соҳасини қўллаб-қувватлаб, ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор юртимизнинг бетакрор ва ранг-баранг сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга кенг тараннум этишда муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, Янгиқўрғон туманида «Туризм қишлоғи» мақоми берилиши кутилаётган Нанай қишлоғида этно, тиббиёт, эко туризмини ривожлантириш учун катта имконият мавжуд. Поп туманидаги Чодак қишлоғида ҳам жуда кўплаб уй меҳмонхоналари, дам олиш масканлари бор, бу ерга нафақат республикамизнинг турли вилоятларидан, балки қўшни республикалардан ҳам дам олувчилар ташриф буюришади.

Хабарингиз бор, узоқ йиллар давомида Чодак қишлоғида бирорта ҳам кўп қаватли уй-жойлар қурилмаган эди. Кейинги йилларда қишлоқ қиёфаси тубдан янгиланди. Президентимиз ташаббуси билан ушбу ҳудудда 120 нафар оилага мўлжалланган  замонавий, зилзилабардош ва энергия тежамкор бўлган 3 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. 

Бундан ташқари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича жами 98 та лойиҳа доирасида 28 та объект фойдаланишга топширилиб, 16,7 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Жумладан, электр энергияси тармоқларида 373,9 млн. сўмлик 18 та лойиҳа, табиий газ таъминотини яхшилаш бўйича 250,1 млн. сўмлик 10 та лойиҳа амалга оширилди.

Мисол учун, қишлоқда электр таъминотини яхшилаш мақсадида 11 та трансформатор мукаммал таъмирланди ҳамда 32,5 км. тармоқ тортилди.  Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича иккита лойиҳа фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги қарори билан тасдиқланган махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантириладиган марказий кўчалар рўйхати шакллантирилган. Ушбу кўчаларда тунги вақтда туризм намойиши объектларининг фаолият олиб боришини таъминлаш топшириғи берилган. Шу муносабат билан ҳар бир шаҳар ва туманлар марказларида туризм кўчалари ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда лойиҳа проектлари тайёрланган. Жумладан, Давлатобод туманидаги «Қўқимбой», Наманган шаҳридаги Нодира кўчалари шулар жумласидан. Бундан ташқари, Наманган шаҳридаги Усмон Носир кўчасида санъат кўчаси ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

– Сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратилмаса, ҳар қанча туристик жозибадор бўлмасин, мазкур манзиллардан кутилган мақсад-натижаларга эришиб бўлмайди. Президентимиз томонидан видеоселекторда айнан шу муаммолар юзасидан мутасаддиларга жиддий огоҳлантиришлар берилди. Бу борада вилоятимизда аҳвол қандай?

– Вилоятимизга 2022 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида хорижий давлатлардан 71.2 минг  нафардан ортиқ хорижий туристлар келган. Шунингдек, ички сайёҳлар сони  2,8 млн.  нафарни ташкил этмоқда. Хорижий сайёҳлар кўрсаткичи 2021 йилга нисбатан 5 баробарга,  2020 йилга нисбатан эса  15 баробарга кўпайди.

Бу рақамлар биринчи навбатда, сайёҳларни жойлаштириш масалалари - яъни, вилоятимизда меҳмонхона, хостел, меҳмон уйлари, ётоқхона, санаторий каби жойлаштириш воситалари тизимини ривожлантириш зарурлигини билдиради.

Бугунги кунда вилоятдаги жойлаштириш воситаларининг умумий сонини 565 тага, ўринлар сонини эса 8860 тага етказишга эришилди. Айни пайтда 27 та меҳмонхона, 8 та хостел, 503 та оилавий меҳмон уйи, 5 та ётоқхона, 18 та санаторий, 4 та дам олиш масканида хорижий ва ички сайёҳлар учун энг замонавий андозалардаги шарт-шароитлар яратилган. Уларга 3 та автобус, 50 та микроавтобус, 54 та туроператор, 6 нафар гид-таржимон  хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 4 та туризм ахборот маркази, 21 та намунавий санитария-гигиена шохобчаси, 60 та туристик объектга олиб борувчи йўл кўрсаткич белгилари ва 22 та туризм объектида Wi-Fi ҳудудлари ташкил қилинди.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби, туризмни ривожлантиришда ҳам реклама ва тарғибот тадбирлари муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда вилоятнинг туризм жозибадорлигини ошириш, вилоятга маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида 100 дан зиёд тарғибот материаллари, хусусан, видеороликлар, буклетлар, флаерлар, турли хилдаги брошюралар тайёрланди ва хорижий ҳамкорлар ҳамда маҳаллий туризм соҳа вакилларига тарқатилди.

– Табиийки, туризмни ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам катта роль ўйнайди.  

– Албатта. Халқаро ҳамкорлик ташқи туризм равнақининг муҳим шартидир. Шунга мувофиқ, вилоятимизнинг туризм жозибадорлигини кенг оммага ёритиш ҳамда хорижий давлатларда тарғибот қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида бир нечта хорижий давлатлар билан жумладан, Малайзиянинг Сабах штатида фаолият юритаётган «Fun Holiday Tours» hamda «I-Word Travel & Tours» туристик компаниялари, Германиянинг «GIZ» лойиҳаси билан икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. 

Наманган шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган 61-«Халқаро гуллар фестивали» доирасида ижтимоий  тармоқларда, веб-сайтларда ва 30 дан ортиқ хорижий журналлар, газеталарда  бир нечта тилларда мақолалар, видео-роликлар, кўрсатув ва лавҳалар ҳамда фоторепортажлар намойиш этилди.

Австриянинг «Society» журнали, Ispaniyaning  «Las Sandalias de Ulises», Россиянинг «Спутник», Қозоғистоннинг «Vatan» веб-сайтлари, Италиянинг бир неча телеканал ва ижтимоий тармоқлари, Қирғизистоннинг етакчи сайёҳлик компанияларининг ижтимоий тармоқлари шулар жумласидан.

Натижада, Туркия, Озарбайжон, Россия, Украина, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, АҚШ, Франция, Молдова, Шри-Ланка, Қирғизистон ва Қозоғистон каби хорижий давлатлардан 51 мингдан зиёд, шунингдек, 2,5 млн.га яқин  маҳаллий сайёҳлар ташрифи ташкиллаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган 2021 йилда ташкил этилган «Гуллар фестивали»га ташриф буюрган хорижий фуқароларнинг сонига нисбатан 4 баробарга кўпайганини кўрсатмоқда. 

Бундан ташқари, жорий йилда Россия,  Эрон, Тожикистон, Озарбайжон ва  Германия давлатларидан 10 нафар халқаро миқёсдаги журналистлар учун вилоятга инфотурлар, маҳаллий туризм соҳаси вакиллари учун Қозоғистон ҳамда Қирғизистон бўйлаб инфотурлар ташкил қилинди.

Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш мақсадида республика миқёсида бошқа вилоят ҳокимликлари, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий ва Хоразм вилоятлари билан туризм соҳасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. 

Мамлакатда ички туризмни қайта тиклаш, соҳадаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар жамоалари, корхона ва ташкилотлар меҳнат жамоаларининг вилоят ҳудуди ва вилоятлараро саёҳатлари ташкил этилмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида 655 минг нафардан зиёд юртдошимиз маҳалла, ташкилот ва муассасалар кесимида мамлакат бўйлаб саёҳатга чиқарилди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 2021-2022 йилларда Наманган вилоятининг Поп тумани Чодак қишлоғини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида», 2022 йил 8 июндаги «2022-2024 йилларда Наманган вилояти Поп, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларининг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари вилоят туризми салоҳиятини оширишнинг янги истиқболларини очди. 

Мазкур қарор доирасида Поп, Янгиқўрғон, Чортоқ туманларида умумий қиймати 130 млрд. сўмлик  31 та инвестиция лойиҳа асосида   замонавий меҳмонхона ва соғломлаштириш масканларининг ҳам фаолияти йўлга қўйилди.

– Газетхонларимизни келгусида режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам хабардор қилиб қўйсак... 

– Шу йилнинг якунига қадар Чуст, Мингбулоқ, Учқўрғон, Норин туманлари ва Наманган шаҳрида умумий қиймати 88,9 млрд. сўм бўлган 6 та йирик лойиҳа асосида меҳмонхона ва дам олиш масканлари, соғломлаштириш, диагностика марказлари барпо этилади. 
2023 йилда умумий қиймати 157,2 млрд. сўм миқдоридаги  7 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Яъни, Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Чортоқ, Учқўрғон туманларида соғломлаштириш, диагностика, бизнес марказлари ташкил этилади. 

Бундан ташқари, «Наманган Истиқлол Боғи» МЧЖ томонидан Давлатобод тумани И. Каримов кўчаси (Афсоналар боғи)да умумий қиймати 45,0 млн. доллар қийматида «Shopping street» лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 400 та савдо дўкони қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги вақтга қадар лойиҳа учун 30 млн. доллар миқдорида маблағ тадбиркор тарафидан сарфланди. Лойиҳанинг тўлиқ фойдаланишга топшириш муддати 2023 йил 1 сентябр-га режалаштирилган ва 1000 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. 

Вилоятга ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун «Олтин сайёҳлик халқаси» доирасида амалдаги уч кунлик маршрутларни қайта кўриб чиқиб, таҳлиллар асосида имкониятларни инобатга олиб, 5 кунлик маршрутлар ишлаб чиқилди. Туристик маршрутларни кенгайтириш мақсадида қуйидаги қўшимча лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Давлатобод туманидаги Юксалиш массивидаги Тадбиркор маҳалласида 13 гектар майдонда 28 млрд. сўм лойиҳавий қийматга эга бўлган «Кулолчилик ва ҳунармандчилик маркази» ташкил этилмоқда. Мазкур марказдан кулолчилик, гиламдўзлик, наққошлик, чинни буюмлар ишлаб чиқариш, тунукасозлик шохобчалари ўрин олади.

Шунингдек, шаҳримизда ўтказиб келинаётган анъанавий «Гуллар фестивали» доирасида экилаётган гулларнинг турлари ва хилма-хиллигини янада кенгайтириш мақсадида Наманган вилоятида гулчилик кластери ташкил этилди. Ушбу кластер томонидан Давлатобод туманида 0,70 га ер майдонида қиймати 5 млрд. сўмлик бўлган гулчилик маркази ташкил этилмоқда. Бу ерда вилоятимизга ташриф буюрган сайёҳларга нафақат гуллар байрами давомида, балки йилнинг тўрт фаслида гуллардан баҳра олиш ва харид қилиш имконияти яратилади. 

Бундан ташқари, мазкур туманнинг Чек маҳалласи ҳудудида Норин дарёси ўзанидаги 11 гектар кичик оролда 2 та экотуристик майдон ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Умумий қиймати 75 млрд. сўм бўлган Hitech усулда қурилиши режалаштирилган кўприк, болалар спорт майдонлари, work-out майдонлари, соғломлаштириш маркази, ресторанлар, меҳмонхона, оилавий ташриф буюрувчилар учун кичик ҳовлилар, тематик боғлар, Дендропарк, кичик ҳайвонот боғи ҳамда ёзги амфитеатр майдони туризм ривожланишига катта туртки бўлади.

2021 йилда вилоятимизга 36.6 минг хорижий турист ташриф буюрган бўлиб, уларга 6.7 млн. доллар миқдорида туризм хизматлари экспорти амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2022 йил якунига 72.2 минг нафарга етказилиб, туристик хизматлар экспортини 18.0 млн. долларга етказиш режалаштирилган «Олтин сайёҳлик халқаси» доирасида вилоятимизга ташриф буюрган туристларни ушлаб қолиш мақсадида амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида 2023 йилда 96,1 минг нафар хорижий туристни жалб этиб, туризм хизматлари экспортини 23.9 млн. долларга етказишни мақсад қилиб олганмиз. 

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

Акрамжон САТТОРОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь