ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34734
23 November, 2024, 02:06
Наманган шаҳрида ўтказилаётган 60-Халқаро гуллар фестивали нафосат ишқибози бўлган халқимиз ҳамда узоқ-яқиндан келган меҳмонларни ранг-баранг кўргазмалар, маданий-маърифий тадбирлар ва турли кўнгилочар ўйинлар билан хушнуд этмоқда.
Айниқса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғини улкан гулзорга айлантирган тематик кўргазмаларнинг бетакрор манзарасига қараб кўз тўймайди. Уларнинг ижодкори — уста гулкорлар, табиатга меҳр қўйган фидойи инсонлар.
Шундай паллада Наманган гулчилиги ривожига муносиб ҳисса қўшган сулолалар беихтиёр ёдга тушади. Уйчи туманининг Ёркатай қишлоғида яшаб ўтган Абдукарим ота Қосимов сулолабошилардан бири эди. 1961 йилда ўтказилган биринчи гуллар кўргазмасининг фаол иштирокчиси бўлган бу инсон ўз ҳунарини фарзандларига қолдирди. У кишининг ўғли Абдураҳимжон Каримов узоқ йил шу касб билан шуғулланиб, ўн бир нафар қизини ҳам гулкор қилиб тарбиялади.
— Одатда ота ва оналар қиз узатганда қўша-қўша буюмлардан иборат сарпо қилишади, — дейди ўнинчи қиз Тоҳира. — Падари бузрукворим эса бизнинг ҳар биримизга ихчам-ихчам гулзорларни тўёна қилганлар. У асосий юмушимизга айланиб, рўзғоримизга барака киритяпти.
Бу галги фестивалда Абдураҳим отанинг қизларига гул кўргазмаси ва савдосини ташкил этиш учун алоҳида майдон ажратиб беришди. Бу ерда Тоҳира, Моҳира, Ҳамида ва қолган қизлар ихлосмандларни гуллар билан батафсил таништириб, улар парваришини ташкил этиш ҳақида зарур тушунчаларни ҳам беришяпти. Кўргазма ва сотувга қўйилган табиат неъматлари эса оз эмас, 200 дан ортиқ турдаги 10 минг тупдан зиёд гулу чечаклар.
— Отажонимдан оддий герандан тортиб, хорижнинг ноёб гулларигача мерос бўлиб қолган, — дейди Ҳамидахон. — Масалан, Ҳиндистондан келтирилган Алкария арчасини маҳаллий шароитга мослаштирганмиз. Кейинги пайтларда цитрус мевалар — киви ва банан кўчатлари парваришини ҳам йўлга қўйдик.
Уйчилик гулкорлар учун бу соҳа яхшигина бизнес, оиланинг доимий тирикчилик манбаига айланган. Йилига кам деганда 25-30 миллион сўм топишади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти