ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34896
04 December, 2024, 03:49
Таълим ва тарбияни миллий истиқлол ғоялари асосида юксак даражага кўтариш, давримизнинг қатъий талаби ҳамда жамиятнинг ижтимоий топшириғи сифатида педагогларга катта масъулият юклади.
Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, ўзбек ҳалқининг буюк мутафаккирлари олиб борган тадқиқотлар ва амалга оширган кашфиётларида ҳам инсонларни одобли, меҳнатсевар, ватанпарвар қилиб тарбиялаш йўл-йўриқларини кўрсатиб ўтганлар.
Жумладан, Алишер Навоий ўз замонасида заргарлар, кулоллар, тикувчилар каби турли-туман ҳунар соҳибларининг ҳаммасига ҳафсала, қунт ва эътибор билан маслаҳат бериб, уларга ҳомийлик қилганлар. Навоий: “Инсон бўлиб дунёга келдингми, бирор касбни эгалла, ҳунар ўрган, шунда дунёдан ҳаммомга кириб тоза ювиниб чиқмаган кишидек ўтмайсан”, деб таъкидлаганлар.
Инсоният қадр-қимматини меҳнатда, билим ва ҳунарга таянишда, бировга хор бўлмасликда, деб билган Саъдий шундай таълим беради:
Ўз меҳнатидан нон еган киши,
Ҳотам миннатидан озод ёз-қиши.
Ҳунарнинг нечоғли зарур эканлиги қатор ривоятлар, эртаклар, достонларда ҳам ўз аксини топган. “Олтин балиқ”, “Савдогар билан подачи”, “Сирли гиламча”, “Балиқчи бола”, “Икки наққошнинг иши” каби эртаклар шулар жумласидандир.
Дарҳақиқат, халқимизнинг эртак, ривоят, достонлари ҳамда ўтмишдаги олимларимизнинг меросини чуқур ўрганиб, уни таълим ва тарбия жараёнига татбиқ этиш ҳар бир маънавиятли ва ижодкор мутахассисларнинг, муаллимларнинг муқаддас бурчидир. Синфдан ташқари тадбирларда мазкур тарбия воситаларидан ўқувчиларнинг касб-ҳунарга қизиқишини тарбиялаш, меҳнатга психологик тайёрлаш, меҳнат фаолиятини ҳиссий-иродавий иштиёқини ҳосил қилиши ҳамда доим меҳнат қилиш зарурлигини чуқур англашга кўмаклашади.
Хулоса қилиб айтганда, касб-ҳунар тушунчаларини ҳис этишга қаратилган меҳнат тарбияси жараёнидаги шакл ва воситалардан самарали фойдаланган ҳолда ўқувчиларнинг касб-ҳунарга қизиқишлари тарбиялаб борилса, маълум бир босқични амалга оширишда ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Маҳкамхон ЖАЛИЛОВА,
Давлатобод туманидаги 80-ДИУМ ўқитувчиси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти