Қисқа сатрларда

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

02 May, 2024, 04:59

Маданият

«Унутмас мени, боғим»: Наманганда Усмон Носир таваллудининг 111 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

  • 13.Ноября.2023
  • 375

Ноябрь тақвимида шундай  саналар борки, барчаси ўзига хос тантанаворлик касб этади. Ўзининг бетакрор истеъдоди ва нодир мероси билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшаётган барҳаёт сиймо – Усмон Носир таваллуди ҳам фикримиз исботидир. Усмон Носир бетакрор қобилият соҳиби, фавқулодда истеъдод эгаси, таржимон, адолат ва эрк куйчиси. 

Шоир таваллудининг 111 йиллигига бағишлаб, Наманган шаҳар марказидаги Усмон Носир хиёбонида ташкилланган «Унутмас мени  боғим» номли маънавий-маърифий тадбирга шоирлар, ёзувчилар, тарихчи-олимлар, талаба ёшлар ташриф буюрдилар.

Унда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров, Наманган шаҳар ҳокими Ғофиржон Жамолов буюк ўзбек шоирнинг ғоят қисқа умри курашлар гирдобида ўтганлиги, ижодий такомили,  шеърларидаги ўтли нидоси,  нурли ва гўзал туғёнлар, бетакрор ташбеҳлар инсонни бефарқ қолдирмаслиги билан бирга, асарларидаги руҳий қудрат ва ҳиссий имконият орқали китобхон она тилимиз жозибаси, миллий ўзлик ва ватанпарварлик туйғуси, сўз сеҳри ва масъулиятини янада теранроқ ҳис қилишини таъкидладилар.  

Кечада вилоят мусиқали драма театри артистлари томонидан Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг  «Усмон Носир» номли тарихий драмаси асосида саҳналаштирилган спектаклдан парча намойиш этилди. Тадбир назм ва насрда қалам тебратиб келаётган бир қатор таниқли шоир ва ёзувчилар томонидан Усмон Носир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ янги маълумот ва мушоираларга уланиб кетди. 

Ҳамюрт шоиримиз таваллудининг 111 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими  ҳамда Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида танлов эълон қилинган эди. Унинг натижасига кўра, «Энг яхши илмий-оммабоп мақола», «Энг яхши эссе ва иншо», «Энг яхши шеър», «Энг яхши рассомлик иши», «Энг яхши электрон жамланма»  йўналишлари бўйича  ғолиблар аниқланиб, улар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Кечада Усмон Носир ҳаёти ва ижоди бўйича серқирра фаолият олиб бораётган фидойилардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров ҳамда фахрий журналист Раҳимжон Ирисовга Наманган шаҳар ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир сўнггида улуғ шоир ҳайкали пойига гулдасталар қўйилди.

Фотимахон ТОШМАТОВА.

Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ (фото)

Энг кўп ўқилганлар

Календарь