Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 11:34

Маданият

ЎЗБЕК ВА ТОЖИК ХАЛҚЛАРИ БИР ОНА ҚЎЛИДАГИ ИККИ ТУГУНМИЗ

  • 12.Июня.2021
  • 1109

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан мазкур мамлакатда бўлди. Раҳбарларнинг учрашувини ҳар икки мамлакат фуқаролари мамнуният билан кутиб олишди. Чунки, уларнинг оқилона сиёсати қўшничилик муносабатларини янада яхшилаш ва мустаҳкамлашга ҳамда мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этишга имкон беради. 
Ташриф давомида музокаралар ўтказилиб, Сўғд вилоятида жамоатчилик вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Бир қатор саноат объектлари билан танишилди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим соҳаларини қамраб олган ҳужжатлар имзоланди. Бунинг замирида албатта, икки дўст халқнинг порлоқ келажаги учун, эртаси бугунгидан-да фаровон бўлиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ётади. Тожик ва ўзбек халқларини умумий тарих, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, ўхшаш анъаналар бирлаштириб туради. Бу икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган. 
Бизни икки тилда сўзлашувчи бир халқ дейишади. 
Шоир айтмоқчи:
Иккига бўлинган битта бутунман,
Бир она қўлидаги икки тугунман.
Бир Ватан, бир уйга, бир хонадонга,
Пойдевор ўзимман, ўзим тўсинман.

Халқимизнинг яқинлигига улуғ мутафаккирлар Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик пойдевор вазифасини ўтайди. Азалдан Хоразмий, Фаробий, Ибн Сино, Беруний, Абу Маҳмуд Хўжандий каби кўплаб буюк бобокалонларимиз инсониятнинг энг улуғ  олиму фузалолари қаторида эътироф этилган. Буларнинг вориси бўлиш эса бугунги авлод зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Улуғ алломаларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганишимиз, айниқса, ёшларга ўргатишимиз лозим. Зеро, бу бизнинг умумий тарихимиз. Бу билан нафақат фахрланишимиз, балки унга муносиб бўлишимиз керак.
Бу анъаналарнинг бари икки давлат ўртасидаги муносабатларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Вилоятимизнинг Поп, Чуст, Косонсой ва Наманган туманларида 270 мингга яқин тожик миллатига мансуб аҳоли яшайди. Фарзандлар эса таълим тожик тилида олиб бориладиган 6 та мактабда ва 10 та тожик ва ўзбек тилида таълим олиб бориладиган мактабларда сабоқ олишади. Туманлар ҳокимлигининг газеталарида тожик тилида мунтазам мақолалар бериб борилади. 
 Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрдаги «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида кўпмиллатли вилоятимизда ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. 
Хусусан, рус, корейс, тожик ва қирғиз миллий маданий марказлари фаолияти учун Давлатобод туманида «Дўстлик уйи» ташкил этилган. Мазкур икки қаватли замонавий бинода ҳар бир марказга алоҳида хоналар ажратилиб, энг сўнгги русумдаги жиҳозлар, компьютер жамланмалари, телевизор ҳамда марказларнинг ўз миллийлигига хос чолғу асбоблари билан таъминланган. 
Бундан ташқари, ҳар бир марказнинг ўз китоб жавони мавжуд бўлиб, 200 тадан ортиқ турли тилларда нашр этилган бадиий ва сиёсий адабиётлар билан бойитилган. 

Ўтказиладиган барча тадбирларда миллий маданий марказ вакиллари ўзларининг миллий урф-одатлари ифода этилган санъат, маданият ва ҳунармандчилик йўналишидаги ижодий ишлари ва дастурлари, кўргазмалари билан иштирок этишади.
Пойтахтимизда ўтказилган «Ўзбекистон – умумий уйимиз» дўстлик фестивалида турли номинациялар ғолиблари орасида вилоятимиз вакили, чустлик тожик қизи, дўппидўз-ҳунарманд Дилрабо Мўминованинг ҳам борлиги эътирофга сазовор. У фестивалнинг «Халқ амалий санъати соҳасида эришган ютуқлари учун» номинацияси ғолиби бўлди ва ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди.
Миллий маданий марказлар фаоллари вилоятимизнинг ижтимоий иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшганликлари, жамоат ишларидаги фаол иштироклари, миллатлараро муносабатларни ривожлантириш борасидаги самарали хизматлари учун давлатимиз томонидан рағбатлантириб келинмоқда.
Жумладан, вилоят Тожик миллий маданий маркази раиси Абдусаттор Ғафуров «Дўстлик» ордени, «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони, мустақилликнинг 1, 20, 25 йиллиги нишонлари билан тақдирланди. Шу марказ фаоли Анвархон Муродов эса «Шуҳрат» медалига муносиб кўрилди. Буларнинг бари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги исботидир. 

Ўзбекистон! Унинг ҳар бир ҳовуч тупроғини, ҳар бир туп гиёҳини, соддадил одамларию саховатпеша халқини, дўстликни қадрловчи бағрикенг элини, жонқадар суямиз. Бир сўз билан айтганда жаннатмонанд Ўзбекистонимизни ҳеч нарсага алмашиб бўлмайди. 
Дўстлигингга, тинчлигингга, меҳр-оқибатли элингга кўз тегмасин, жаннатий юртим!

Шоҳида ДАМИНОВА,
вилоят Тожик миллий маданий маркази раиси ўринбосари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь