ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34896
04 December, 2024, 03:49
Гўдаклигиданоқ онаси Холамбибидан халқ қўшиқлари, достон, эртакларини эшитиб катта бўлган Усмон Носир теран фикрли, мустаҳкам хотира эгаси бўлиб улғайди. Адабиёт аталмиш гулшанга баланд овоз, соҳир қалам ила кириб келдики, унинг нодир истеъдоди йил сайин эмас, ой сайин, ҳафта сайин нурланиб, кўзга ташланди.
Шоирнинг юраги бамисоли алангаланаётган гулхан эди. Йигирма ёшидаёқ «Сафарбар сатрлар» ҳамда «Қуёш билан суҳбат» номли шеърий тўпламларини эълон қилишга муваффақ шоирнинг яна кетма-кет «Юрак», «Меҳрим» китоблари чоп этилди ва бу китоблари уни шунчалар машҳур қилдики, «Шарқда Пушкин пайдо бўлди», «Ўзбекнинг Лермонтови» каби эътирофлар янг-ради.
Александр Сергеевич Пушкиннинг «Боғчасарой фонтани», Михаил Лермонтовнинг «Иблис» поэмаларини ўзбек тилига юксак бадиий дид билан таржима қилди.
Усмон Носир ҳаётида Пушкиннинг «Боғчасарой фонтани» асари билан боғлиқ воқеа ҳақида кейинчалик атоқли адиб Шуҳрат шундай ёзганди:
«Мазкур асар таржима қўлёзмаси нашриётга топширилгандан сўнг йўқолиб қолади. Айримлар Усмон Носир жуда хаёлпараст эди, уни трамвай ёки бирор жойда тушириб қолдирган деса, айримлар нашриёт ходимларининг лоқайдлиги сабаб йўқолган, дейишади. Асар топилмагач, шоир нашриётдан битта матн терувчи ходим сўрайди ва бир неча соат давомида у ёқдан-бу ёққа юрган куйи таржиманинг ҳаммасини ёддан айтиб беради...»
Ҳа, унда ўта кучли зеҳн бор эди. Хоҳ у кичик шеър бўлсин, хоҳ катта ҳажмли роман, унга маъқул бўлдими, бир ўқишдаёқ ёд оларди. Бу қобилияти туфайли А. И. Безименскийнинг эътиборига тушади.
1937 йили Москва шаҳрида «Ўзбек адабиёти ва санъати декадаси» бўлиб ўтади. Декадага машҳур рус шоири А. И. Безименский бошчилик қилади. У ўз нутқида Пушкин ҳақида гапира туриб, унинг таржималарига тўхталади. Ва рус адабиёти юлдузининг Гётедан қилган таржимасини мақтаб, уч-тўрт мисра ўқиб беради. Декадада иштирок этаётган Усмон Носир ўрнидан туриб, аввало, ўзининг бетакаллуфлиги ва саҳнада сўзлаяпган шоирнинг нутқини бўлгани учун узр сўраб, Безименский Гётенинг эмас, Шиллернинг сатрларидан ўқиганини айтади. У ўша пайт ҳеч нарсадан қўрқмади, машҳур шоирнинг салобатидан чўчимади. Шунда рус шоири уни ёнига чорлаб, — «Мен хато гапирганимга аминмисиз? Кейин, сиз Шиллернинг мен ўқиган сатрлари билан танишмисиз?» деб мурожаат қилади.
– Албатта, мен Шиллернинг ушбу асарини ўқиш билан баробар ёдлаганман ҳам, – дейди ва худди саҳнада роль ижро этаётган актёрлардек баланд овоз билан Шиллер шеърларини ўқий бошлайди...
Ўша пайт гулдурос қарсаклар зални уйғотиб юборганди. Безименский эса «ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузи»га ишонч билдириб, қўрқмас шоирни бағрига босиб, табриклайди.
Шоирнинг ижод маҳсули, илҳом сурури айни аланга олаётган кезда унинг оёғига болта урдилар. Файзулла Хўжаевнинг «аксилинқилобий ҳаракати» таъсирида бўлган одамларга очилган қамоқ билан ёш шоирни ҳам «сийладилар». 1937 йил 12 июль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Усмон Носир иши» кўрилди. Бироз аввал шоирнинг 25 йиллик юбилейи ўтказилган ушбу бинода энди унга туҳмат тошлари отиларди.
Алам қиладиган жиҳатларидан яна бири шуки, судолди «суриштирув»да унинг «Яна шеъримга» номли сонети таҳлил қилиниб,
Шеърим, яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсам гуллар шарманда.
сатрини қоралаб, «шоир совет гулларини ҳақорат қилди» — дея айблов қўйилганидир.
«Манзилим йироқдир — уфқдан нари...» мисрасини ҳам шоирга нисбатан, «қурол» қиладилар. «Шеърда у мақсади океан орти эканини очиқча баён қилган» дея, совуқ Сибир ўлкасига сургун қилишгача бордилар. Мана шу дамларда унга алам қилган, кўнглини оғритган нарса кечагина «сендан яхши шоир йўқ» деб, бир дас-турхон атрофида мақтаган дўстлари бугун унга қарши кўрсатма бергани, ёлғиз қолдиргани бўлди.
Усмон Носир Тошкентнинг зах қамоқхоналаридан тортиб, Русиянинг авахтахона-ю тиканли маҳбусхона-лагерларини кўрди. У Злотоус, Магадан, Маринск ва бошқа кўплаб қамоқхоналарда сақланди. Умрининг охири эса Кемеревода жойлашган «қизил салтанат» номини олган, қуш қўнса қанотидан, одам тегса бармоғидан айриладиган, атрофи тиконли симлар билан ўралган, тўрт томондан ботқоқлик ва ўрмон билан қопланган лагерда ўтди.
Бағритош маҳбусхона ходимларининг зуғуми, қийноқи, руҳий ва жисмоний азобларидан сўнг 1944 йил 9 март куни аянчли ҳолда касалхонада вафот этган шоир Суслов қишлоғидаги қабристонга дафн этилгани шунчаки хотира эмас. Буни Янги Ўзбекистоннинг тамал тошини қўйишга сафарбар халқимиз ва Президентимиз томонидан эътироф этилаётгани ҳам бутун маънавият, нурли тафаккур ҳосиласидир.
Серқирра истеъдод соҳиби таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида муҳтарам Президентимиз қарори эълон қилингани халқимиз учун айни муддао бўлди.
Наманган шаҳрида Усмон Носир ҳайкалини ўрнатиш, Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номини бериш, шоирнинг «Танланган асарлар»и ҳамда «Усмон Носир замондошлари хотирасида» китобларини нашр этиш, ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш, у ҳақида интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар эълон қилиш, умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган «Унутмас мени боғим» мавзуида иншолар танловини ўтказиш ҳамда ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистон Миллий академик театрида Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасини ташкил этиш шоир умрининг мангуликка муҳрланганидан далолатдир.
Ойбек ЮСУПОВ,
Қорақалпоқ Давлат университети талабаси,
«Наманган ҳақиқати» амалиётчиси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти