Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

24 November, 2024, 12:53

Маданият

Замон билан ҳамнафас

  • 23.Февраля.2022
  • 1033

Наманган Давлат университети филология факультети олий даргоҳнинг отахон факультетидан бири ҳисобланади. 
1942 йилда Наманган шаҳрида Андижон ўқитувчилар институтининг филиали иш бошлаганда учта бўлим: ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, физика ва математика бўлимлари фаолият олиб борган.
80 йиллигини нишонлаётган НамДУ таркибида филология факультети ҳамон етакчи. Унда 2000 га яқин бакалавр, магистр ва докторантлар таҳсил олмоқда. 
Факультетда ўзбек тилшунослиги, ўзбек адабиётшунослиги, рус тилшунослиги ва рус адабиётшунослигидан иборат тўртта кафедра мавжуд. 
Президентимизнинг 2019 йил 9 октябрдаги қарорига мувофиқ қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да олий таълим муассасаларининг илмий фаолияти бутун мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва шунга мос равишда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Факультет жамоаси келгуси икки йилда барча кафедраларда илмий салоҳият даражасини 36 фоиздан, яъни тенг ярми - 70 фоизга етказиш учун фаол саъй-ҳаракат қилмоқда. Ёш тадқиқотчиларга филология фанлари доктори, профессор Носиржон Улуқов,  Хуринисо Усмоновалар йўл-йўриқ кўрсатишмоқда.
Қодир Носиров, Джен Елена, Мўминжон Сулаймонов, Фарида Каримова, Маҳбубахон Собирова, Мавлюда Исманова сингари  илм фидойилари факультетимиз фахри. Филология фанлари доктори (PhD) Абдулҳамид Қурбонов Алишер Навоий ижодининг республикадаги кўзга кўринган мутахассисларидан биридир. 
Педагогика фанлари номзоди, Наманган Давлат университети рус тили ва адабиёти кафедраси профессори, Пушкин номидаги халқаро танлов лауреати Фарит Габдулхаков факультетимиз учун улкан илмий салоҳият намунасини мерос қолдирган. Унинг номи республикамиздан ташқарида ҳам машҳур. Россия табиий фанлар академияси унга Россия табиий фанлар академиясининг профессори унвонини берган эди.
Филология факультети профессор-ўқитувчиларининг ўрта авлод вакиллари доцент Зинин Евгений, Иброҳим Дарвишов, Умиджон Қўзиев, Ҳавасхон Солихўжаева, Нозима Қозоқова, Дилфуза Тожибоева, Озода Болтабоева, Дилмурод Ашуровлар ўз илмий изланишлари билан илмий даржаларга эга бўлдилар. Яқиндагина ёш мутахассис – Элёр Абдулвоҳидов фалсафа доктори илмий даражасига эришди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги «Янги бошқарув тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони,  олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ва бошқа тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар асосида  таълим ва ишлаб чиқаришнинг кучли интеграциялашувини таъминлаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш қамровида астойдил изланмоқдамиз.
Ҳозир факультетимизда Президент стипендиясига даъвогар талабаларимиз бор ва биз уларга, албатта, муваффақиятлар тилаймиз! Алишер Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳибалари Манзура Абдуллаева, Иқбол Абдуллаева, Ойбек Баятов; Рес-публика чемпионлари М. Қамбарова, Д. Комилжонова, О. Турдалиева, М. Абдураҳмоновалар бугунги кунда таянч докторантура ва магистратура босқичларида билим олмоқдалар.  Улар ҳамиша илмий изланишда. Илмий анжуманларда фаол қатнашиб, нуфузли танловларда совринли ўринларни қўлга киритмоқдалар. Камола Ғаффорова, Моҳидил Хамидуллаева, Саодат Иброҳимжанова, Мавлон Абдусаматов, Дилноза Азизова сингари талабаларимиз факультетимиз фахри.
Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган «Маърифат майдони» республика кўрик-танловида ўзбек тили ва адабиёти йўналиши талабалари 1-ўринни эгалладилар. 
Университетимизда мустақил ўқиб-изланиш учун шароитлар кенг. Ахборот-ресурс марказида услубий адабиётлар, электрон ўқув қўлланмалари, халқаро Интернет платформаларида ишлаш имконияти мавжуд.  Беш юзга яқин дунё олий ўқув юртларининг намунавий дастурлари асосидаги ишчи дастурлар ва услубий мажмуалар ихтиёримизда.
Кредит-модул таълимига ўтиш орқали талабалар билан ишлашда зарур манбаларга эгамиз. Икки йилдирки, шаҳар ва туманлар ҳудудидаги умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. 
Баркамол шахсни шакллантиришда маҳаллалар муҳим ўрин тутади. 2022 йилни мамлакатимизда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили», деб эълон қилиниши интилишларимизга янада авж бағишлади. Факультетимиз Наманган шаҳридаги Янги тонг, Давлатобод, Обиҳаёт маҳаллаларида ёшлар билан ишлашни ташкил этиш лойиҳаси доирасида ҳамкорликни йўлга қўйган. 
Президентимизнинг 2021 йил 25 декабрдаги «Олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва рес-публикамизнинг қатор университетларига молиявий мустақиллик бериш тўғрисида»ги Фармони бўйича ишлар режалаштирилган. 
Ўзбекистон – ёшлар мамлакатидир. Ёшлар – доимо давлат сиёсатининг диққат марказида. Шунга монанд биз ҳам ўз илмий салоҳиятимизни юксалтирган ҳолда  сифатли таълим ва тарбия беришга астойдил интилмоқдамиз.

А. ҚУРБОНОВ,
 филология факультети декани, доцент. 
О. ҲУСАНХЎЖАЕВ,
 ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь