ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35097
21 December, 2024, 09:40
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши сардорлари ташаббуси билан тарихга қизиқувчи, иқтидорли ва билимга чанқоқ ўқувчилар ўртасида «Жадидлар» мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди.
«Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот кутубхонасида ўтган, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун жадид боболаримизнинг ибратли ўгитларини тажриба мактаби сифатида ўргатиш ҳамда тараққийпарвар алломаларимиз ҳақидаги билимларини оширишга қаратилган танловда шаҳар-туманлардаги 20 та мактаб жамоаси ўзаро беллашди.
Мусобақанинг қуйи саралаш босқичларида тўрт юздан зиёд мактаб жамоаси қатнашди. Улар орасидан энг билимдон ва зукко жамоаларгина ҳал қилувчи босқичга етиб келишди. «Тилда, фикрда, ишда бирлик» эзгу ғояси ҳар бир иштирокчининг қалб шуурига кўчди.
Иштирокчилар атоқли жадидчи ва маърифатпарварлар – Ғулом Зафарий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исҳоқхон тўра Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон китобларига оид саволларга жавоб қайтардилар.
Тадбирнинг якуний натижаларга кўра, юқори балл олган Наманган туманидаги 31-сонли умумтаълим мактаби жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Тўрақўрғондаги 23-мактаб ўқувчилари фахрли иккинчи, Давлатободдаги 95-мактаб ёшлари эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари тақдим қилинди. Шунингдек, ғолиб жамоа аъзоларининг ҳар бирига «Жадидлар» китоби тўплами туҳфа этилди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Жаҳонгир АКРАМОВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти