Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 02:19

Маданият

ЖАННАТНИНГ ЖИЛВАСИДАН ҚАТРА ДУР ТОМГАН ДИЁР

  • 26.Мая.2021
  • 1096

Гуллар чиндан ҳам кўтаринки кайфият, шодлик-хуррамлик ва орасталикнинг яққол кўринишидир. Шу маънода, наманганликлар гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйишган. Наманганда кўҳна ва навқирон кентнинг ўзигагина хос бўлган гуллар сайли бошланди. Ҳар бир кўча-ю хиёбон, хонадонларгача чаманзорга бурканди.

Ҳукуматимизнинг алоҳида эътибори билан ҳар йилги анъанавий байрам Халқаро гуллар фестивали мақомини олди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши қабул қилинди. Олтмишинчи марта, юбилей тарзида нишонланаётган нафосат байрамини халқаро миқёсда юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик ишлари амалга оширилди.

Асосий тадбирлар бўлиб ўтаётган Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида 4 миллиард сўмга яқин қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлимининг маъмурий биноси, «Нуронийлар чойхонаси», 800 томошабинга мўлжалланган амфитeатр, очиқ эстрада майдони, «Сокин ҳудуд», «Насиҳат майдони» барпо этилди. 165 та тунги чироқ, 65 та сўритокли ўтирғич ўрнатилди. Тўққиз кўча билан боғловчи шунча дарвоза қад ростлади. Мўътадил ҳавони сақлаб турувчи фавворалар, 1,5 километр очиқ сув тизими, учта ерости дрeнажи қудуғи ишга туширилди. Бир гeктарли кўлда «Музқаймоқ оролчалари», «Қайиқлар бeкати», 48 та аттракцион барпо этилди. Шахмат-шашка клуби қурилди. Тўртта катта гулхона, беш гeктарли майдонда 500 га яқин ноёб манзарали дарахтлар парвариши йўлга қўйилди. Бу гўзал масканда ёшу кексани бирдек ўзига оҳанграбодек жалб этадиган 10 миллион дона гул кўчатлари ўтқазилдики, бундан диллар яйрамоқда. Байрамга келганлар юздан зиёд корхона, ташкилот ва бошқармалар, туманлар, профессионал ва ҳаваскор гулчилар томонидан ташкил этилган кўргазмалардан завқу шавққа тўлмоқда.

Халқаро гуллар фестивали тантаналари Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар, ҳатто юк машиналари, комбайн, трактор, автокрандан тортиб ҳарбий техникаларгача учратиш мумкин. Анвойи гулларга бурканган 200дан ортиқ автомашиналар карвони Ислом Каримов кўчасидан Темирйўл вокзали айланма йўли, Амир Темур, Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланган автокарвонлар байрамнинг тантанали очилиши бўладиган манзил томон етиб келди. Йўлларда автомашиналарни кузатган минглаб юртдошларимиз юзида табассум, чинакам байрам кайфияти, дилларида эса бугунги тинчлик ва фаровонликдан шукроналик уфуриб турибди.

Тинчлик стелласи ҳудудида бўлиб ўтган анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Қирғизистон, Қозоғистон, Корея, Буюк Британия, Туркия, Россия каби хорижий давлатлардан таклиф қилинган ҳамда юртимизнинг деярли барча ҳудудларидан келган меҳмонлар, вилоят фаоллари иштирок этдилар.

«Гуллар байрами мадҳияси» янграгач, вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов байрамга йиғилганларни қутлаб, эзгу тилакларини билдирди.

Халқаро даражадаги мазкур фестивални ташкиллаштиришдан кўзда тутилган мақсад хорижлик меҳмонларга юртимиздаги гулчилик анъаналари тарғиб этиш, қолаверса, шаҳар ва туманлар салоҳиятини кўтариш, вилоятнинг туризм салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш экани таъкидланди.

Вилоят сектор раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари нуфузли меҳмонлар ҳамроҳлигида ташкилотларнинг гуллар экспозициялари, шаҳар ва туманларнинг ўзига хос анъаналарини ўзида ифода этувчи турфа гул декорация ва композициялари билан танишди. Чет эллик меҳмонлар ва тажрибали гулчиларнинг дилдан мулоқоти қизғин руҳда кечди.

Фазилат Ирисова, Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан:

– Наманганга биринчи бор келишим. Гуллар байрами ўтказилиши ҳақида эшитиб, гўзалликдан баҳраманд бўлиш учун ошиқдик. Биласизми, аёллар энг яхши кўрган нарса бу – гуллардир. Гуллар автопарадини кўриб, дилдан яйрадим. Бобур боғидаги манзаралардан эса ҳайратландим. Уйга қайтгач, кўпчиликка таассуротларимни албатта ўртоқлашаман.

 Малкоет Мобасо, Жанубий Африка Республикасидан:

– Ўзбекистондаги қурилиш компанияларидан бирида фаолият юритаман. Тўғриси, гуллар шайдосиман. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида бўлганман, ҳарбий парадларни томоша қилганман. Аммо ҳозиргача Намангандаги каби тинчлик, эзгуликни тарғиб этувчи гуллар автопарадини бирорта давлатда учратмагандим. «Гуллар шаҳри» дея тарифлашганича бор экан. Бир-биридан бетакрор гул кўргазмаларини томоша қилиш, айниқса, боғнинг тунги жамолига мафтун бўлдим. Халқаро фестивал Наманган учун муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Ушбу вилоятнинг салоҳиятини, барча соҳалардаги имкониятларини кўрсата олишига ишончим комил.

Гули хоним Шайх, Буюк Британиядан:

– Ўзбекистонда хайрия элчиси сифатида барча вилоятларда фаолият олиб боряпман. Ўтган ҳафта Наманганга келганимда мени гуллар байрамига таклиф қилишди. Аэропортдан бошлаб, «Хотира хиёбони»гача бўлган байрамнинг гуллар автопарадида, Бобур боғидаги гуллар композициясидан олам-олам таассуротлар олдим. Жараёнларни ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этиб бордим. Дунё кезган инсон сифатида айтишим мумкинки, бундай байрамга бирор мамлакатда гувоҳ бўлмаганман. Ушбу вилоятда гўзалликка ошуфта, гулларни ардоқлайдиган одамлар кўп эканлигини кўриб, беҳад мамнун бўлдим.

Дарҳақиқат, мафтункор манзаралар, сермазмун томошалардан шодланиш иштиёқидаги катта-ю кичик гуллар тимсолида нафосатга ошуфта шаҳар аҳлининг азму шижоати, гулга бўлган меҳридан ҳайратланиб, уларнинг гулчилик тажрибасига юқори баҳо бермоқда.

Эътиборлиси шундаки, вилоятимизнинг халқаро брендига айланган гуллар бутун бўй-басти билан намоён қилинадиган сайлда бевосита иштирок этиш учун дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатлари, хусусан Наманган билан биродарлашган ҳудудга айланган Туркиянинг Испарта ва Усмонғози, Қирғизистоннинг Жалолобод, Хитойнинг Циндао, Жанубий Кореянинг Инчеон ва Сеонгнам, Покистоннинг Панжоб, Россиянинг Челябинск ва Свердловск шаҳарлари вакилларига таклифномалар юборилди.

Бундан ташқари, байрамни кенг тарғиб этиш учун жаҳоннинг 31 мамлакатидан хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар шаҳримизга ташриф буюрдилар. Улар қаторида фестивал жараёнларини тўғридан-тўғри намойиш этаётган Қирғизистоннинг «Кабар», Хитойнинг «Синхуа», Эроннинг «Фарш нюсь» ахборот агентликлари, Россиянинг «Спутник», Буюк Британиянинг «Би-Би-Си» каби интернет нашрлари ходимлари ҳам борлигини айтиб ўтиш жоиз.

Маҳаллий ва хорижлик журналистлар вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан махсус ташкил этилган медиа марказ орқали материалларни тайёрлаб тезкорлик билан узатиб турибдилар.

Донишмандлар таъбири билан айтганда, гуллар она табиатнинг қўшиғидир. Шуни ишонч билан айтиш жоизки, Халқаро гуллар фестивалида бу қўшиқ баралла янграмоқда. 1961 йилдан буён ўтказиб келинаётган анъанавий ва ҳамиша навқирон байрамнинг навбатдаги йирик санаси нишонланаётган халқаро фестиваль дастуридан жаҳон ҳамжамиятига кўрсатишга муносиб бўлган бир қатор тадбирлар ўрин олган.

Қарийб ўн кун давомида гул етиштириш ва ландшафт дизайни бўйича маҳорат сабоқлари, миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъат асарлари намойиш қилинади. Бундан ташқари, таниқли санъаткорлар гуруҳи, хусусан Ўзбекистон халқ артистлари ва хизмат кўрсатган артистлар, хушовоз хонандалар, сўз усталари, бадиий жамоалар, дорбозлик ва халқ ўйинлари ижрочилари, спортчиларнинг турфа хил чиқишлари ёрқин таассуротларга бой ўтиши шубҳасиз. Мафтункор ва бетакрор юртимизни тараннум этувчи, гўзал манзаралар акс этган суратлар кўргазмаси, адабий мушоира ва танловлар эса кўпчиликка байрамона кайфият, кўтаринки завқ улашиши табиий.

Фестивалнинг ташкилий қўмитаси томонидан гуллар сайлида энг яхши гул кўргазмаси билан фаол иштирок этганлар қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирланади. Айниқса, ғолибларга «Ласетти» автомашинаси мукофот тариқасида тақдим этилиши кўзда тутилгани қувончли.

Ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этадиган, 500 мингга яқин меҳмонларнинг келиши кутилаётган 60-анъанавий Халқаро гуллар байрами тантаналари кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

«Наманган ҳақиқати» мухбири.

Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь