ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34731
23 November, 2024, 07:53
Ассалому алайкум, ҳурматли тадбиркорлар!
Жамиятимизнинг ҳақиқий фидойилари!
Мамлакатимизда сўнгги уч йилда олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг марказидан жамиятимиз тараққиётининг асосий устуни бўлган тадбиркорлик ўрин олаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини оширишда муҳим ўринга эга бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш мақсадида, мамлакатимизда охирги 3 йил мобайнида Президентимизнинг 50 дан ортиқ Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бу тадбиркорлик ривожига бугунги Ўзбекистон сиёсатида берилаётган катта эътиборнинг далолати. Мақсад - тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш.
Нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам боқадиган сиз азизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, олдингизда пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш жойлардаги ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси экани аслида уч йилдан буён Давлатимиз раҳбари томонларидан олиб борилаётган сиёсатнинг асосий талаби бўлиб келмоқда.
Барчангизга маълум, Давлат раҳбарининг топшириқларига кўра ҳафтанинг ҳар чоршанба куни тадбиркорлар муаммоларини тезкор бартараф этиш мақсадида «Ҳоким ва тадбиркор» учрашувларини ўтказиб келмоқдамиз. Мазкур учрашувларда ҳозирги кунга қадар 1000 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаатлари кўриб чиқилди ва ижобий ҳал этилди.
Вилоятимиз азалдан тадбиркорлар юрти. Бизнинг тадбиркорларга халақит берилмаса бўлди, ўзларинг катта лойиҳаларни амалга оширишга қодирсизлар. Сизнинг бундай тадбиркорлик қобилиятингизга ҳукуматимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитларни, тақдим этилаётган имкониятларни қўшганда, дунёда сиз забт эта олмайдиган бозор, маҳсулотингиз ёки хизматингиз маъқул келмайдиган истеъмолчининг ўзи йўқ. Вилоятимиз иқтисодиётидаги қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, савдо каби аввалдан ривожланган тармоқлар қаторига энди қурилиш, фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, чарм-пойабзал саноати, энергетика каби янги йўналишлар қўшилди.
Юртбошимизнинг 2017-2019 йиллардаги ташрифлари давомида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида жуда катта, улуғвор вазифалар белгилаб берилди.
Бу каби амалга оширилаётган кўплаб ислоҳот ва амалий чоралар ўзининг ижобий натижасини беришни бошлади.
Биргина, ташриф давомида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида, барча соҳаларда умумий қиймати 14,7 трлн. сўм миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш ҳисобига 1,2 мингта лойиҳалар амалга оширилиб, 26,2 мингта янги иш ўрни яратилди.
Жорий йил давомида 4,5 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 20 мингдан ортди.
Кичик бизнес вилоят ялпи ички маҳсулотининг қарийб 80 фоизини ҳамда саноат маҳсулоти ҳажмининг 76 фоизини ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан солиштирганда мос равишда 9,6 ва 7,6 фоизга ортди.
Вилоят иқтисоди асосан саноат ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, вилоят саноат тармоғида 35 та йирик ва 5,4 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич 2017 йилга солиштирганда 1,6 мингтага ёки 30 фоизга ортди, ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши 12 фоиздан 14,5 фоизга ўсди.
Охирги 3 йил давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2 мартага ўсиб, аҳоли жон бошига 1,4 млн. сўмдан 2,5 млн. сўмга етди.
Саноат салоҳиятини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш Дастурларига мувофиқ 2017-2019 йиллар даврида умумий қиймати 13,2 трлн. сўмлик 1 066 та янги корхона ташкил этилиб, 25 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда енгил саноат, озиқ-овқат саноати ва қурилиш материаллари соҳаларида устуворлик кузатилмоқда.
Тармоқлар улуши бўйича 2017 йилда енгил саноат 37,4 фоизни ва озиқ-овқат саноати 31,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда енгил саноат тармоғи улуши 48,7 фоизни ва озиқ-овқат саноати 23,6 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, 2017 йилда саноат корхоналари томонидан 200 тур атрофидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, саноатни диверсификациялаш ҳисобига бу кўрсаткич 2019 йилда 450 дан ортди.
Хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 4,5 фоизни, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш улуши 3,7 фоизни ва тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш улуши 3 фоизни ташкил этиб, ушбу йўналишларда сезиларли ўсиш кузатилди.
Мисол учун, қурилиш материаллари саноатида «NAMANGAN SEMENT» корхонаси томонидан қиймати 162 млрд. сўмлик умумий қуввати 250 минг тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 100 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Шунингдек, фармацевтика йўналишида «Мэрримед Фарм» масъулияти чекланган жамияти томонидан 30 млн. долларга яқин инвестициялар киритилиши ҳисобига 100 дан ортиқ дори-дармонлари ишлаб чиқарилмоқда.
Вилоят саноатининг мутаносиб ўсиши кейинги 2020 йилда ҳам кузатилади. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2019 йилга нисбатан 1,1 мартага ўсиши кузатилмоқда.
Наманган вилоятини 2019-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, умумий қиймати 10,3 трлн. сўмлик 511 та саноат лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган.
Вилоятда ишлаб чиқариш инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида қуввати 900 МВтли Тўрақўрғон иссиқлик электрстанциясини ишга туширилиши ҳудуднинг инвестиция жозибадорлигини янада ортишига замин яратади.
Вилоят саноатида иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар, хом-ашё ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни жадал ривожлантириш асосида иш олиб борилади.
Хусусан, 2017 йилда 25,4 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, жорий йилда 100 млрд. сўмдан ортиқ ёки 4 мартага кўпроқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Келгуси 2020 йилда 198,8 млрд. сўмлик 37 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши белгилаб олинди.
Яна бир муҳим масала, вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Бугунги кунда сир эмас, муҳтарам Президентимиз томонларидан хорижий инвесторлар учун яратиб берилаётган шарт-шароит ва имтиёзлар республикамизда инвестиция соҳасида ўзига хос қулай атмосфера ҳосил қилди.
Ўтган 10 ой давомида вилоятимиз бўйича жами 91 та лойиҳада 224,1 млн. доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, 2017 йилга нисбатан солиштирганда эса 32 баробарга ўсганлигини кўриш мумкин.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида, вилоятда юқори савияда бизнес Форумлар ўтказилди, жумладан, жорий йил 7-8 июнь кунлари бўлиб ўтган «Invest in Namangan» халқаро бизнес форумига дунёнинг 43 та мамлакатидан 300 дан ортиқ хорижий компаниялар вакиллари ташриф буюришди, 16 та давлат компаниялари билан умумий қиймати 358 млн. долларга тенг 48 та инвестицион келишувлар имзоланди.
Шунингдек, жорий йил 13-14 сентябрь кунлари «Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми»да 10 та хорижий давлат компаниялари билан умумий қиймати 92,7 млн. долларлик 22 та муҳим келишувга эришилди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган қатор имтиёзга эга эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ҳам вилоятимиз иқтисодиётида ўзига хос ўринга эга.
Хусусан, Наманган эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 333,8 млн. АҚШ долларига (247,1 млн. доллар хорижий инвестициялар) тенг бўлган 15 та лойиҳа амалга ошириш ҳисобига 3 890 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
«Косонсой-Фарм»да қиймати 47,1 млн. долларлик 13 та йирик лойиҳани фойдаланишга топшириш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда 5,4 млн. долларлик 2 та лойиҳа амалга оширилди ва 7 та лойиҳада 7,8 млн. долларлик қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, вилоятда фаолият кўрсатаётган 15 та кичик саноат зоналарида бугунги кунга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий қиймати 327 млрд. сўмлик 55 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 3 570 та янги иш ўринлари яратилди. Ушбу лойиҳалар орқали 172,4 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, шундан импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар қиймати 146,5 млрд. сўмни ташкил этади.
Вилоят ташқи савдо алоқалари тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу соҳада ҳам сезиларли даражадаги натижаларга эришилди. Хусусан, сўнгги 3 йил мобайнида ташқи савдо айланмаси ҳажми 2,5 млрд. долларни ташкил этди.
Жумладан, шу давр мобайнида 727 млн. долларлик товар ва хизматлар экспортга чиқарилиб, бу кўрсаткич аввалги 3 йилликка нисбатан 1,7 мартага ортишига эришилди.
Айниқса мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқаришдаги тўсиқ ва ноқулайликларни бартараф этиш ҳисобига вилоятда мева-сабзавотларни четга чиқариш кескин ортишига эришилди. Бундан 3 йил аввал бир йилда 76 млн. долларлик мева-сабзавотлар экспортга чиқарилган бўлса, жорий йилнинг 10 ой якуни билан бу рақам 118 млн. долларни ташкил этди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 155 млн. долларга етиши кутилмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан экспортёр корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳисобига экспорт фаолиятини олиб борувчи корхоналар сони ҳам кескин кўпайди. Хусусан, 2016 йил якуни билан вилоят бўйича 166 та корхона экспорт фаолиятини амалга оширган бўлса, бугунги кунда улар сони 362 тага етди ёки 2,2 мартага ортди.
Вилоят экспортини диверсификациялаш соҳасида ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, сўнгги 3 йилда вилоят бўйича авваллари экспортга чиқарилмаган 26 турдаги маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилиб, умумий экспортга чиқарилаётган товарлар тури 70 тага етди.
Маҳсулотларни экспортга чиқариш географиясини кенгайтириш ҳисобига 48 та давлатга экспорт йўлга қўйилди. Шундан сўнгги 3 йил давомида 7 та Европа ва Яқин шарқ давлатларига (Ливан, Уммон, Ироқ) илк маротаба экспорт йўлга қуйилди. Хусусан, Португалияга (тери маҳсулотлари), Озарбайжонга (мева-сабзавот ва шуруплар), Ироққа (қуритилган мевалар), Марокашга (костюм-шимлар), Ливанга (ёнғоқ) ва Уммонга (мева-сабзавотлар) илк маротаба экспорт қилинди.
Вилоятдаги бўш турган ер участкаларининг электрон савдоси Вазирлар Маҳкамасининг 493-сонли қарори асосида «Е-ижро аукцион» ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилиб, 2019 йил 10 ой давомида жами 17,3 гектарни эгаллаган 243 та ер майдони 912 та иш ўрни яратиш ва 67,4 млрд. сўм инвестиция киритиш шарти билан сотилди.
Вилоятимизда бўш турган 56 та давлат мулки объектлари «Электрон-онлайн» аукционларида инвесторлар томонидан 1 йил давомида 16 440 млн. сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 781 нафар янги иш ўринлари яратиш шарти билан 921 млн. сўм қийматда сотилди.
Кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни, кластерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида кўзда тутилган лойиҳаларга тижорат банклари томонидан 2019 йил 10 ойлиги давомида 3,8 трлн. сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 мартага ортди. Шундан ажратилган имтиёзли кредитлар миқдори 1 трлн. сўмни ташкил этди.
Шунингдек, вилоят тижорат банклари томонидан хорижий кредит линиялари ҳисобидан 2019 йил 10 ой давомида 585 та лойиҳага 57,3 млн. доллар миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан жорий йил 10 ойлиги давомида 588 та лойиҳа учун 454,9 млрд. сўмдан ортиқ кредитлар бўйича молиявий ёрдамлардан фойдаланилди. (шундан кафиллик 140,6 млрд. сўм, компенсация 313,5 млрд.сўм).
Шунингдек, вилоятимизда кейинги йилларда аграр соҳани модернизациялаш, янги техника ва тежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш таркибини тубдан янгилаш, уни ўзгартириш ва диверсификациялаш бўйича муҳтарам Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарор ва фармойишлари билан мустаҳкамланиб келмоқда.
Вилоятда бугунги кунда пахта етиштиришда 4 та кластер корхонасига 8 та туман бириктириб берилган бўлиб, ғаллачиликда эса 2020 йилдан бошлаб 2 та кластер корхонасига 3 та туман бириктирилади.
Бундан ташқари, Туркия давлатининг «Altintoprak Pamuk Tekstil» компанияси билан ҳамкорликда «Art Soft Holding» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, ушбу ўзаро англашув меморандумида 30 млн. AҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, уруғчилик соҳасини ривожлантириш, иссиқхона комплексларини барпо этиш режалаштирилди.
«Art Soft Holding» МЧЖ таркибига 18 та қўшма корхоналар ташкил этиш эвазига 2019-2022 йилларда 114,2 млн. AҚШ доллари миқдорида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларда ҳам кластер корхоналарини ташкил этиш ва фаолият юритишлари учун етарли шароитларни яратиб бериш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳурматли ташаббускор тадбиркорлар!
Юртбошимизнинг сўнгги 4 ой давомида кичик бизнесни янада ривожлантириш масаласида 4 маротаба селектор йиғилиши ўтказганликлари масаланинг нечоғли долзарб эканлигини кўрсатади.
Бироқ, шунга қарамасдан, тадбиркорликни янада ривожлантиришда барча тўсиқ ва ғовларга тўлиқ барҳам берилмаган. Жойларда ҳокимликлар, давлат органлари идоралари иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим йўналишига етарли эътибор бермаяптилар.
Айниқса, тадбиркорларга ер, бино ва иншоот, кредит ажратиш, хом-ашё билан таъминлаш, коммуникация тизимларига уланишга рухсатнома беришда бюрократия кучлилик қилмоқда.
Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Бош вазир қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилинганда мурожаатларнинг 547 таси ёки 33 фоизи кредит, 544 таси ёки 32,8 фоизи ер ажратиш ҳамда 84 таси ёки 5 фоизи муҳандислик-коммуникациясига боғлиқ масала эканлиги маълум бўлди.
Бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шарт-шароитларни яратиш борасида яна бир бор йиғилиш ўтказдилар.
Мазкур йиғилишда барча мансабдор раҳбарлар «Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!» – деган бош ғояни ўзида акс эттириши, «Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин», – деган фикрни барча бирдек англаб олиши зарурлигини таъкидладилар.
Тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар тадбиркорга хизмат қилади, бунда ҳар бир идоранинг кун тартибида устувор масала – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини тезкор ҳал этиш бўлади.
Бундан буён тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар.
Қадрли тадбиркорлар!
Сизларни ишонтириб айтаманки, келгуси 2020 йилда ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш борасида барча зарурий чораларни кўриб бораман.
Ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.
Бир нарсани англашимиз керак: сизнинг лойиҳангиз – вилоятимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли туманда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.
Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор: ер ажратиш ва кредит бериш. Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.
Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади.
Эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади;
ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади. Бунда, тадбиркорларнинг мол-мулкига барча раҳбарлар томонидан «ўз шахсий томорқам» деган қарашга барҳам беришга, тадбиркорлар мол-мулки дахлсизлигига тўлиқ ва виждонан риоя қилинади;
маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай чек қўйилади.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти