Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 05:55

Сиёсат

Давлатобод тумани коррупциядан холи ҳудуд бўла оладими?

  • 02.Января.2024
  • 214

Наманганда ўтган йил 20 ноябрдан 20 декабргача белгиланган аксилкоррупция ойлиги ниҳоясига етди. Мамлакатимизда жаҳон миқёсида глобал муаммо саналган коррупцияни жиловлаш бўйича 2020 йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Фармон ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг ўтган йил 23 августдаги мажлисида Наманган шаҳри таркибидаги Давлатобод туманида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларни кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муҳокама қилиш кўзда тутилган эди. Шунингдек, 16 та банд, 40 та йўналишдан иборат ушбу лойиҳада коррупцияга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш чоралари белгиланганди. Бу лойиҳанинг аввалгисидан фарқи шундаки, у аҳоли, корхона ва ташкилотлар хизматчиларининг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари асосида ишлаб чиқилди.

Яқинда туман сектор раҳбарлари амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот берди.

Маълум бўлишича, ўтган йилда туманда иккита коррупциявий жиноят содир этилган. 2022 йили бундай жиноятлар сони олтита эди. Кўриниб турибдики, жиноят сони 60 фоиздан кўпроққа камайган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жиддий профилактик тадбирлар туфайли бюджет ташкилотларида молиявий хато ва камчиликлар барвақт аниқланиб, қарийб 600 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағлари нотўғри сарфланишининг олди олинди. Матбуот анжуманида масъуллар журналистлар, ижтимоий тармоқ ва кенг жамоатчилик вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Туман ҳокимининг ўтган йил 8 майдаги қарорига мувофиқ, ҳокимлик ҳузурида фаоллардан иборат Жамоатчилик кенгаши тузилган ва унинг низоми, 11 кишилик  аъзолари тасдиқланган. Туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар ва адлия бўлими, Президент Халқ қабулхонасида фуқароларни қабул қилиш хоналари намунавий даражада жиҳозланган, хоналарга кузатув камераси ўрнатилган. Давлат харидлари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш борасида очиқлик ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратилган.

Туман ИИБ ҳисобидаги 34 нафар профилактика инспекторининг барчаси электрон тартибда ишлаши учун замонавий планшет билан таъминланган. Айни кунларда уларга “боди” камера бериляпти. Туман прокуратураси суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган ҳолда коррупциявий мурожаатлар, маъмурий ва жиноят ишларининг ҳисоботини доимий ўрганиб боришни йўлга қўйди. Шунингдек, туман ИИБ Давлатободда содир этилган коррупциявий жиноятлар рўйхатини, қиёсий-таҳлилий маълумотларни мунтазам янгилаб боряпти.

Дарвоқе, ўтган йилнинг 11 ойида Давлатобод туманида коррупция билан боғлиқ иккита жиноят, иқтисодиёт соҳа ва тармоқларида 162 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Жумладан, туман солиқ инспекциясининг ҳисобни юритиш ва бюджет даромадларини прогнозлаштириш шўъбаси давлат солиқ бош инспектори ҳамда “Агробанк” Давлатобод филиали бошқарувчиси собиқ ўринбосарига Жиноят кодексининг 209- ва 210-моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.

Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни кучайтириш ниятида тумандаги Орзу, Нуробод, Гулшан, Мустақиллик, Порлоқ, Халқлар дўстлиги, Тўқувчи, Давлатобод, Истиқлол ва Ирвадон маҳаллаларидаги одамлар гавжум масканларга тарғибот баннерлари ўрнатилди. Истиқлол, Мустақиллик ва Порлоқ маҳаллаларининг марказий чорраҳаларидаги лед мониторли экранларда ҳар куни видеороликлар намойиш қилинмоқда. Шунингдек, савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, “Яшил” деҳқон бозори ва “Ғирвон” савдо комплекси атрофига ушбу иллатга қарши курашишга чорловчи материаллар жойлаштирилган.

Давлат хизматчилари хизмат хонасига коррупциянинг оғир оқибатларидан таъсирчан хабардорликка ундовчи фуршетка, флаер ва тарғибот кўргазмалари ўрнатилди. Коррупцияга учраган вазиятларда мурожаат юбориш мумкин бўлган алоқа каналлари рўйхати туман ҳокимлиги расмий веб-сайтига жойлаштирилган.

Бундан ташқари, шу кунларда вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жойларга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 19 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимидаги нутқи мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган муҳим ташаббусларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилмоқда.

Дониёр ЭРМАТОВ,

Наманган вилояти ҳокимлиги коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи

Энг кўп ўқилганлар

Календарь