ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34153
05 October, 2024, 05:37
Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасида мамлакатимиз ривожланиш стратегиясининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва кафолати яратилаётганини кўриш мумкин.
Хусусан унда инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлидаги мақсадлар жорий этилаётир, яъни, аввал давлат-жамият, сўнг инсон парадигмаси ўрнига биринчи навбатда инсон қадр-қимматини юксалтириш қўйилмоқда. Лойиҳадаги бир моддага эътибор берайлик. Бош қомусимизнинг 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбия-лаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради,» - дея белгилаб қўйилган. Таклиф этилаётган таҳрирда эса ота-оналар билан бирга уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ҳам эътибор қаратилиб, улар ҳам ўз болаларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълими, соғлом, тўлақонли ва уйғун камол топиши тўғрисида қайғуриши шартлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, мазкур модданинг иккинчи қисми ҳам янги таҳрирда баён этилмоқда. Яъни, «Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг соғлом, баркамол ривожланишини ва таълим олишини таъминлайди, ушбу йўналишдаги хайрия фаолиятини рағбатлантиради».
Мамлакатимизда тиббий хизматдан фойдаланиш бўйича ҳам ўзгартишлар таклиф қилинган бўлиб, жумладан амалдаги 40-моддага кўра, ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган бўлсада бугунги глобаллашув жараёнида мазкур моддадаги қоидаларни турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда турлича талқин қилинишига сабаб бўлмоқда. Шу боис лойиҳада ушбу моддага чуқурроқ ёндошилган:
«40-модда.
Ҳар ким соғлиғининг муҳофаза қилиниши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли.
Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради.
Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради».
Кўриниб турибдики, бу ерда фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли эканлиги, давлатнинг тиббий суғуртани ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишдаги роли ҳақидаги нормалар киритилмоқда.
Конституциямизга янги 401-модда қўшилмоқдаки, унда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари белгиланиб, улар экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда. Яъни,
«401-модда.
Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга».
Албатта, экология масаласи глобаллашув даврида мамлакатларнинг энг асосий ривожланиш кўрсаткичларидан ҳисобланади. Шу ўринда 40- ва янги киритилаётган 40-1 модда бўйича ўз таклифимизни киритиб ўтсак.
Юқорида қайд этилганидек 40-моддада ҳар ким соғлиғининг муҳофаза қилиниши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақлилиги белгилаб кетилмоқда.
Демак, бу ерда инсон соғлиғини сақлаш асосий жиҳат қилиб олиняпти. Бироқ, таклиф этилаётган модданинг охирги иккита хатбошида давлат томонидан экологик тизим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир нормалар белгиланган. Энди янги таклиф этилаётган 40-1 моддада ҳам атроф-муҳит ва экологик йўналишдаги кафолатлар, ҳуқуқлар қайд этиб ўтилган. Тўғри, сиҳат-саломатликни сақлаш борасида экологик ёндошувлар бир-бирига боғлиқ. Аммо, моддаларнинг бир-бирига боғлиқлик жиҳатдан 40-модданинг 4-5-хатбошидаги нормаларни 40-1 моддада қайд этилиши Конституция нормаларини ўрганишдаги турли адашмовчиликларни бартараф қилади, деган хулосадамиз.
Бир сўз билан айтганда, олтмишдан ортиқ моддани қамраб олган Қонун лойиҳасидаги таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш каби кўплаб нормаларни ўз ичига олган. Бундан кўзланган мақсад ҳам шу, яъни мазкур ўзгартишлар келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимиз бўлиб қолади.
Музаффар АБДУЛЛАЕВ,
қонун ҳужжатларини ўрганиш бўйича мустақил эксперт.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти