ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34895
04 December, 2024, 03:07
Экологик сиёсатни амалга оширишда Конституциявий нормаларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Асосий қонунда давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг экологик фаолиятини шакллантириш бўйича асосий принциплари янада мустаҳкамланмоқда.
Шулар қаторида инсон ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқи ва манфаатлари масаласи ҳамда «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган ғоя илгари сурилди.
Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасида Асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 15 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим модда)лар қўшиш таклиф қилинди. Ўзбекистон Республикасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини ҳам қамраб олган 401-модда қўшилмоқда:
– Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлигига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга.
Бунда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари белгиланиб, экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши назарда тутилган.
49-моддадаги «Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир» деган жумла ўрнига қуйидагилар киритилиши таклиф қилинмоқда, яъни:
– Тарихий, маънавий, маданий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади.
– Давлат ва жамият миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқи маънавий ва маданий меросининг узлуксизлигини таъминлаш тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Ушбу модданинг иккинчи қисми мазкур мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилмоқда, биринчи қисм ўзгаришсиз қолмоқда. Юқоридаги тўлдиришлар давлатнинг тарихий, маънавий, маданий ва табиий мерос объектларини муҳофаза қилишдаги ўрнини белгилаб беради.
55-моддага ҳам қуйидагича нормалар қўшилмоқда:
– Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин.
– Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади.
Хулоса шуки, Конституциямизга киритилаётган ўзгаришларда инсон манфаати устуворлиги асосий принцип қилиб олинган. Тегишли моддаларга экологияга оид киритилаётган ўзгаришларда фуқароларнинг экологик бурчлари, жамиятнинг экологик барқарор ривожланишининг устувор йўналишлари кенгайиши назарда тутилган.
Аъзамжон ЖАЛИЛОВ,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти