ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34735
23 November, 2024, 04:00
Атоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романида шундай ибратли ибора бор: «Бу даргоҳдан ҳеч ким ҳафа бўлиб чиқмаган».
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бундан олти йил аввал ташкил этилган, бугунга келиб фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажараётган Президент Халқ қабулхоналари фаолияти ҳақида айни шу баҳо берилса, арзийди. Ўтган давр мобайнида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ўзига хос тажриба тўпланди. Қабулхоналарга ўз дардини айтиб келган ҳар бир фуқаронинг муаммосига ечим топиш устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ҳам фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва холисона ҳал этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида Халқ қабулхонаси мудири Баҳодир ЮСУПОВ мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Кейинги йилларда юритилган одилона сиёсат самараси туфайли халқимизнинг давлат идораларига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Бунинг амалий ифодаси қуйидаги рақамларда ҳам акс этиб турибди:
Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 2022 йилнинг ўтган ойлари давомида вилоятимиз аҳолисидан 80 минг 300дан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 5 минг 800 тага ёки 7 фоизга камайган. Эътиборлиси, мурожаатларнинг 63 минг 450 таси, бошқача айтганда 79 фоизи қаноатлантирилди.
Халқимизни эртага эмас, бугунги кунидан рози бўлиб яшашининг муҳим омилларидан бири - бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришдир. Шу нуқтаи назардан, вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаларини яратиш орқали қамбағалликни қисқартириш борасида секторлар раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда салмоқли ишлар қилинмоқда. Ҳозирга келиб, вилоятимиздаги мавжуд 788 та маҳалладаги 511 минг 200 хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди. Бунинг натижасига кўра, 181 минг 685 та муаммо ҳал этилиб, 67 минг 478 кишининг бандлиги таъминланди. Қолаверса, «Хонадонбай» хатловлар натижасида аниқланган иқтисодий ночор хонадонларга имтиёзли кредитлар бериш орқали уй-хўжалигини юритиш, кўплаб имкониятлар берилмоқда.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг саъй-ҳаракати билан олиб борилган жадал ишлар натижасида кичик саноат зоналари сони ҳозирга келиб 72 тага етказилди ҳамда уларда жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 879,1 миллиард сўмлик 213 та ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиши натижасида 10310 та янги иш ўрни яратилгани фуқароларнинг бандлик даражасини ошириш имконини бермоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги «Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича ҳудудларда асаларичилик йўлга қўйилди. Бу ўз навбатида, кўплаб оилаларнинг даромад манбаига айланиб, аҳоли турмуш даражаси ошишига хизмат қилмоқда.
Давлатобод тумани прокурори масъул иккинчи сектор ҳудуди - Гулобод маҳалласида кейинги икки йилда мавжуд 545 та хонадоннинг 180 тасида асаларичиликка ихтисослашуви натижасида 54 тонна асал етиштирилди. Оилаларда асалдан 1 миллиард 800 миллион сўм даромад олингани қувонарлидир. Жорий йил якунига қадар асаларичилик билан шуғулланаётган оилалар сонини 250 тага етказиш устида иш олиб борилмоқда.
Халқ қабулхонаси раҳбарлигида шаҳар ва туманларнинг оғир ҳудудлари ҳамда «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурларига қўшимча, ҳар бир шаҳар, туман Халқ қабулхонаси томонидан «Бир Халқ қабулхона - бир маҳалла» асосида аҳоли муаммолари ўрганилиб, ободончилик, ночор хонадонларни қамбағалликдан чиқариш чоралари кўрилди. Хусусан, 24 километр ички йўллар шағалланди, 280 та электр таянч устун, 152 дона кўча ёритиш чироғи ўрнатилди. 13 километр ариқ ва зовурлар тозаланиб, 1237 та хонадонга тўқсонбосди экинлар экилди. 121 та хонадонда эса иссиқхонлар барпо қилинди. 10826 та мевали кўчат экилиб, 5419 та хонадоннинг ташқи фасади, 3695 та ошхона ва тандирхона оқланди.
Шу йилнинг ўтган даврида 737 та маҳаллада 756 та тиббий кўрик ташкил этилиб, 266 мингдан ортиқ фуқароларнинг саломатлиги кўрилиб, касаллиги аниқланган 5865 киши ордер асосида шифохона ва амбулатор шароитда даволаш чоаралари кўрилди. 1464 нафар фуқаро санаторий, 1542 нафарида эса ногиронликни белгилаш учун тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларига йўллантирилган. Тиббий кўрик туфайли олти мингга яқин фуқароларни соғломлаштирилишига эришилди.
– Президент Халқ қабулхонасидан миннатдормиз. Бугун давлат идоралари чинакамига халқимизга камарбаста бўляпти, - дейди Учқўрғон туманининг Ёғду маҳалласилик иккинчи гуруҳ ногиронлиги бор Н. Насриддинова. – Тиббий кўрикда менда ўнг томон идиопатик артерози, чап чаноқ сон бўғими фиброс анкологизи ташхиси қўйилди. Мурожаатим эътиборга олиниб, пойтахтимиздаги Республика травматология ортопедия илмий текшириш институтига даволаниш учун ордер берилди.
Халқ қабулхоналари бугунги кунда нафақат идораларда мурожаат қабул қилиш билан кифояланиб қолмасдан уйма-уй юриш орқали аниқланган аҳоли хонадонларининг ичимлик суви ва ички йўллар билан боғлиқ муаммолари бартараф этилмоқда.
Масалан, Президентнинг Наманган туманидаги Халқ қабулхонаси ва туман прокурори масъул иккинчи сектор ҳамкорлигида ўтган йилнинг ўзида ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш борасида олиб борилган амалий ишлар натижасида Намуна маҳалласида 5,3 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи тортилиб, 160 хонадоннинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Шунингдек, Мингбулоқ туманидаги Маданият маҳалласининг «Кичик қораянтоқ» кўчаси, 21-уйда яшовчи фуқаро Р. Худойбердиеванинг туман Халқ қабулхонасига ва сайёр қабулда яшаш ҳудудидаги кўчани шағаллаштириш масаласидаги мурожаати ўрганилиб, иккинчи сектор раҳбарининг ташаббуси билан 850 метр ички йўллар шағаллаштирилиши таъминланди.
Жойларда халқ билан мулоқот ва «Маҳаллабай» ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг долзарб муаммоларини тезкор ҳал этиш мақсадида Халқ қабулхоналари, сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказиш режаси тасдиқланган. Шу йилнинг ўтган даврида ўтказилган 3227 та сайёр қабулда 16 618 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 9082 таси қаноатлантирилди.
Сайёр қабулларда асосан аҳоли томонидан асосан, газ, электр, сув, иссиқлик таъминоти, моддий ёрдам олиш, бандлик, соғлиқни сақлаш, йўл қурилиш, кредит олиш, болалар нафақаси, алимент ундириш, тадбиркорлик фаолияти, таълим, ободонлаштириш, транспорт қатновига доир мурожаатлар бўлган. Қабулларда мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.
Мисол учун, Давлатобод туманидаги Халқ қабулхонаси ташаббуси билан «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали томонидан Юқори Ғирвон маҳалласининг «Яндама» кўчасидаги 35 хонадонга тармоқлар тортилиб, табиий газ етказиб берилиши таъминланди.
Таъкидлаш жоизки, фуқаролардан келган мурожаатларни ҳал этишда пайсалга солаётган ташкилот, корхона ва муассасалар ҳам йўқ эмас. Бундай мутасаддилардан амалий жавоб ололмаганидан норози ҳамюртларимиз ҳам борлигини унутмаслик керак. Амалдаги таомилга кўра, Халқ қабулхоналарида ҳар бир аризани тезкорлик билан қайд этиб, ижро муддатини кўрсатган ҳолда тегишли субъектга чиқарилади ва қатъий назоратга олинади.
Ўтган даврда Президентнинг вилоятимиздаги Халқ қабулхоналари томонидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига 184 та ахборот киритилиб, 357 маротаба сектор ва ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботлари эшитилди. 80 нафар ана шундай мансабдорга огоҳлантириш ва 14 нафар масъул ходимга ҳайфсан берилди. Давлат ва хўжалик бошқаруви идораларига эса 239 та тақдимнома ва 73 та таклиф киритилиб, 309 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Улардан 72 нафарига огоҳлантириш, 160 нафарига ҳайфсан, 22 нафарига жарима, 9 нафари вазифасидан озод этилган ҳолда 46 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Президент Халқ қабулхоналари томонидан одамларнинг дарду ташвишларини эшитиш ва уларни ҳал этиш орқали жойлардаги долзарб муаммоларнинг ҳам самарали ечимини топиш билан янада натижадорлик касб этмоқда. Демакки, бугун Халқ қабулхоналарига кирган кишини бу даргоҳдан кўнгли тўлиб чиқмоқда.
Оқилхон ДАДАБОЕВ ёзиб олди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти