ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34739
23 November, 2024, 09:00
Элмурод ХАДЖИАХМАДОВ,
вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, полковник.
Тинчликнинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Зеро, осойишта юртдагина тараққиёт бардавомдир.
Мамлакатимиз Қуролли Кучларига асос солиниши билан боғлиқ тарихий жараён хаёлдан ўтганда, албатта, ҳуқуқни — мустақилликни, демакки, ўз йўлимизни ўзимиз танлаш ҳуқуқини асраш, ҳар қандай хавф-хатарни бартараф этишга тайёр туриш учун қудратли миллий армияга эга бўлиш заруратини 30 йил муқаддам ҳаётнинг ўзи олдимизга қўйганини яхши англаймиз. Шу маънода олиб қараганда, миллий армиямизни барпо қилиш масаласига давлат қурилишининг ғоят муҳим, узвий бир қисми сифатида қаралди.
Миллий армиямизни профессионал асосга ўтказиш жараёнида офицер ва аскарлар таркиби ўртасида нафақат боғловчи бўғин, балки том маънода армиямизнинг таянч устуни, офицерларнинг ишончли ёрдамчилари, ҳар қандай вазиятда ҳам ташаббус-кор ҳамда самарали қарорлар қабул қилишга қодир бўлган сержантларнинг янги авлодини тайёрлаш ва тарбиялаш мақсадида уларнинг тайёргарлик даражасини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Амалга оширилган бундай ишлар миллий армиямиз мудофаа салоҳияти юксалишида, халқимизнинг тинч ҳамда осойишта ҳаётини таъминлашда, она юртга садоқат билан хизмат қиладиган авлод шаклланишида муҳим аҳамият касб этаяпти.
Қуролли Кучларимизни ташкил этиш ва бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди. Армия сафларида Ватан учун хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг ғуруру ифтихорига айланди.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ёшларни шу фазилатлар руҳида чинакам ватанпарвар, элсевар, фидойи, мард ва жасур қилиб тарбиялашга катта эътибор бериб, шундай деган эди: «Ҳар қайси давлатнинг чегараларини дахлсиз сақлашда ҳарбий куч-қудрат, қуролли кучлар сув билан ҳаводек зарур. Аммо халқимиз, авваламбор, ёш авлодимиз маънавий оламининг дахлсизлигини асраш учун биз нималарга таяниб-суяниб иш олиб боришимиз керак, деган савол бугун барчамизни ўйлантириши табиий. Мен, ҳаётда кўп бор ўз тасдиғини топган ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, бу масалада шундай деган бўлардим: тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб борилаётган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин».
Дарҳақиқат, бугун Ватан ҳимояси, ватанпарварлик маънавий-ахлоқий тарбия билан чамбарчас боғланиб кетди. Халқимизнинг тинч, осуда ҳаётини қўриқлаш шарафли, айни чоғда ўта масъулиятли вазифага айланди. Ҳарбий хизмат давомида юксак натижаларга эришган йигитларга олий ўқув юртларига киришда маълум имтиёзлар жорий этилди. Ҳарбий хизматни ўташ оилаларимизда камол топаётган ўсмирлар учун ҳаётий мақсадга, орзу-умидга, фахр-ифтихорга айланди. Ҳар йилнинг 14 январь куни эса нафақат Ватан ҳимоячиларининг, балки бутун халқимизнинг энг муҳим, қувончли байрамларидан бири бўлиб қолди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаш тўғрисида»ги 2021 йил 22 ноябрь кунидаги фармойиши ижроси юзасидан вилоятимизда «Халқ ва армия бир тану бир жондир» шиори остида тадбирлар кенг старт олди.
Вилоят ҳокимининг қарори ижроси юзасидан ўқув муассасаларида, чекка қишлоқ маҳаллаларида 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 15 январгача оммавий ватанпарварлик ойлиги ўтказиб келинмоқда.
2021 йил 18 декабрдан 25 декабргача шаҳар ва туманларнинг чекка қишлоқ маҳаллаларида ёшлар форуми доирасида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди.
Тадбирларда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган «Армия ва халқ бир тану бир жондир», деган улуғвор ғоя қанчалик халқчил ҳамда ёшлар таълим-тарбиясида ниҳоятда самарали эканлиги яна бир бор ўз ифодасини топди.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси шаҳар ва туман мудофаа ишлари бўлимлари бошлиқларига бириктирилган умумий ўрта таълим мактабларида «Мард аскар - ёшларга намуна» шиори доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Ёшларни ҳарбий касбга йўналтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг яратилиш ва ривожлантириш тарихи билан таништириш мақсадида, шунингдек, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани намойиш этган ҳолда ҳарбий қисмларда ўқувчи-ёшлар учун «Очиқ эшиклар кунлари» ўтказиб келинмоқда.
Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг кўргазмага қўйилгани, ҳарбий палаткалар тикилиб, уларнинг ичида ҳарбий кийим-кечаклар, буюмлар намойиш этилгани юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг аскарлар ҳаётини тасаввур этишига, Ватанни ҳимоя қилиш катта шараф, айни пайтда ғоят масъулиятли вазифа эканини чуқур тушунишига имкон яратди.
Автоматларни қўлига олиб кўраётган, танкларга, зирҳли ҳарбий автомобилларга, офицерларнинг эгнидаги либосга, бош кийимига, елкасидаги юлдузларга катта қизиқиш ва иштиёқ билан боқаётган болакайлар қалбида эл-юртга муҳаббат, унинг посбони бўлишдек шонли касбга меҳр уйғонган бўлиши табиий.
Вилоятимизда жойлашган таълим муассасаларида «Мактабимиз фахри» шиори остида ушбу мактабларда турли йилларда таҳсил олган ва бугунги кунда вазирлик таркибий бўлинмаларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар бурчаклари яратилди.
Тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим — ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилгани жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш имконини берди.
Юртимизда муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида қабул қилинмоқда. Бу армия сафларини жисмоний тайёргарлиги ва интеллектуал салоҳияти юксак йигитлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир.
Ватан ҳимоячиларининг хизматни ўташ ва яшаш жойларидаги ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, захирага бўшатилган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш ҳам доимий эътиборда.
Ҳарбий хизматчилар учун янги турар-жойлар қуриш, мавжудларини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиш йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Янги йил байрами арафасида ҳам мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида ҳарбийлар учун Янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Юзлаб ҳарбийларимиз Янги йилни янги уйда кутиб олди.
Бу йил мамлакатимизда «Ватанпарварлик ойлиги» «Халқ ва армия бир тану бир жондир» шиори остида ўтказилмоқда. Тадбирда намойиш этилган таниқли санъат усталари, ёш ижрочилар ва истеъдодли ҳарбийлар иштирокидаги байрам дастури мазмунида ҳам ана шу шиор ўз ифодасини топди.
Саҳна кўринишларида эл-юрт озодлиги учун жон берган Широқ, Тўмарис, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди каби ёвқур аждодларимиз, буюк салтанатни барпо этган Соҳибқирон Амир Темур, истиқлол фидойилари жадид боболаримиз образлари жонланди. Улар бугунги авлодни Ватанни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга даъват этади.
Байрам тадбирлари бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти