Қисқа сатрларда

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

23 November, 2024, 07:56

Сиёсат

Хайрулло БОЗОРОВ: ЙЎЛЛАРНИНГ СИФАТИНИ ЯХШИЛАШ ДОЛЗАРБ МАСАЛА ҲИСОБЛАНАДИ

  • 14.Января.2020
  • 1275

"Наманган вилояти деганда, аввало, гўзал ва бетакрор бир ўлкани, мана шу табаррук заминга улкан меҳр ва садоқат билан яшаётган, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида тиним билмасдан меҳнат қилаётган, фидойи ва бағрикенг инсонларни кўз олдимизга келтирамиз".

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Наманган вилояти – 1941 йилнинг 6 мартида ташкил топган. Фарғона водийсининг Шимоли-ғарбий қисмидаги Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари олдида жойлашган. Умумий майдони 7,44 минг квадрат километр бўлган вилоятда 1 та шаҳар ва 11 та туман мавжуд. 2 миллион 752 мингдан зиёд аҳолининг 1 миллион 716 мингги шаҳар ҳудудида яшайди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам якунланаётган 2019 йил катта натижа ва ютуқларга эришилди. Йирик лойиҳалар амалга оширилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кўплаб ҳудудлар обод бўлди.

– Наманган вилоятида биринчи марта татбиқ этилаётган амалиёт қандай самара бермоқда? Элчилар билан ҳамкорликда вилоятда қандай истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди ва бугунгача уларнинг қайсилари ишга туширилди?

– Аввало, Муҳтарам Президентимизнинг Наманган вилоятига бўлган алоҳида эътиборлари ҳамда ғамхўрликлари, “2019 йил Наманган йили бўлсин” деган куч-ғайратга ва шижоатга ундовчи сўзлари омилида якунланган 2019 йилда барча соҳалар қаторида инвестициялар соҳасида ҳам вилоятимизда юқори кўрсаткичларга эришилганини таъкидлаб ўтишни истардим.

Бу жараёнда Наманган вилояти инвестиция салоҳиятини хорижда танитиб, инвесторларни жалб этишга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар миқёсини кенгайтиришга кўмаклашиш учун вилоятимизга бириктирилган Ўзбекистон Республикасининг 18 та хорижий мамлакатдаги элчиларининг, Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам ҳиссаси катта бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Наманган вилоятида бугунгача 18 та хорижий мамлакатдаги элчиларимиз томонидан умумий қиймати 669,7 миллион долларлик 41 та хорижий инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Лойиҳаларни амалга оширилиши билан вилоятда жами 7 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Жумладан: Россия Федерацияси билан 15 та, Эрон Ислом Республикаси билан 5 та, Буюк Британия ва Корея Республикаси билан 4 тадан, Бельгия ва Озарбайжон Республикаси билан 3 тадан, Миср Араб Республикаси, ва Туркия билан 2 тадан, Италия, Сингапур ва Украина билан 1 тадан лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Бугунги кунда мазкур лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган “Йўл харита”си бўйича мониторинглар олиб борилмоқда. Лойиҳаларни амалга оширишда элчихона вакиллари ҳам яқиндан ёрдам бермоқда.

– Хорижий инвесторлар билан ишлашда қандай объектив ва субъектив муаммоларга дуч келинди? Вилоятнинг ички имкониятлари даражасида қандай лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган?

– Албатта, хорижий инвестор билан ишлаш алоҳида эътибор ва муносабат талаб қилади. Кўп йиллар давомида инвесторлар билан ҳамкорлик жараёнларида мамлакатимиз инвестиция имижига яхши баҳо бермайдиган ҳолатларнинг юз бергани натижасида хорижда Ўзбекистонга бўлган ишонч анча пасайган эди.

Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан сўнгги уч йилда амалга оширилган ва оширилаётган улкан ислоҳотлар натижасида чет эллик инвесторлар учун янгидан янги имтиёзлар берилиши билан бирга, уларнинг ишлаб даромад қилган валютасини четга олиб чиқиб кетишига рухсат этилгани, сармоядорларнинг активлари давлат тасарруфига ўтказилишига йўл қўйилмаслиги кафолатлангани, хусусий мулк дахлсизлиги таъминлангани натижасида мамлакатимизга чет эллик сармоядорлар оқимини кўпайтирди.

2019 йилда вилоятимизда 166 та ҳудудий лойиҳа доирасида 285 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу 2017 йил билан солиштирганда 20 баробардан кўпни ташкил этади. Иқтисодиётга хорижий инвестицияларни олиб кириш 2020 йилда ҳам энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади. Жорий йилда камида 500 миллион доллар миқдорида хорижий сармояларни иқтисодиётимизга киритишни режа қилганмиз.

Вилоятимиз ҳудудида ташкил этилган, 681 гектар майдонда жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳамда 105 гектар майдонда жойлашган “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси хорижий инвестициялар учун алоҳида жозибадорлик касб этмоқда.

Чуст ва Тўрақўрғон туманлари ҳудудларини қамраган “Наманган” ЭИЗда бугунги кунда умумий қиймати 518 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 14 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Яқин келажакда ушбу иқтисодий зона ҳудудини бир неча гектарга кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Шу ўринда бир масалани айтишни истардим. Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича маъмурий кенгашлар томонидан қарорлар чиқаришда бизнес-режалар ва техник-иқтисодий асосларга Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг ижобий хулосаси талаб этилади. Баъзи ҳолатларда бу хулосани кутилиши, лойиҳалар юзасидан қарор чиқариш муддатига таъсир қилмоқда.

Албаттаки, инвесторлар сармоясини тез киритиб, тез фойда олишни кўзлайди. Шундан келиб чиқиб, бу хулоса бериш талабини Наманган вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари Маъмурий кенгаш раисига ёки Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармалари қошида “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг филиалини очган ҳолда, уларга берилса, лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш таъминланар эди.

Ушбу масала юзасидан тегишли таклифлар билдирилган, умид қиламизки бунинг амалга ошиши инвесторлар билан ҳамкорлигимизни янада кучайтиради.

Вилоятга хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида, вилоятнинг инвестиция ва туризм салоҳиятидан келиб чиқиб умумий қиймати 424,1 миллион долларлик, шу жумладан саноат соҳасида 275,4 миллион долларлик 31 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 37,8 миллион долларлик 13 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 110 миллион долларлик 16 та, жами 60 та инвестиция лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги элчихоналари, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда барча шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Наманган вилоятининг мавжуд инвестиция салоҳияти ва ҳамкорлик имкониятлари билан хорижий давлатларнинг ишбилармон доиралари ва халқаро ташкилотлар вакилларини таништириш мақсадида, жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари илк бор Наманган шаҳрида “Doing business with Namangan” халқаро бизнес форуми ўтказилди ҳамда умумий қиймати 358 миллион долларлик 48 та инвестиция келишувларига эришилди.

Шунингдек, 13-14 сентябрь кунлари Наманган шаҳрида “XXI аср фармацевтика ва медицина ривожида инвестиция ва инновацияларнинг роли” мавзусида халқаро форумни юқори даражада ўтказиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар томонидан 30 давлатдан 150 дан ортиқ хорижий соҳа мутахассислари ва бизнес доира вакиллари иштироки таъминланди. Форум якунида умумий қиймати 93 миллион долларлик 22 та лойиҳа имзоланди.

Бундан ташқари, Наманган-Жанубий Корея, Наманган-Саудия Арабистони бизнес-форумларини ҳам ташкил қилдик. Вилоятимизга қизиқиш билдирган ҳар бир инвесторга алоҳида эътибор қаратилмоқда, муҳокама қилинган лойиҳалар якун топгунга қадар муттасил алоқада бўлиб туришни давом эттирмоқдамиз.

Бугунги кунгача амалга оширилаётган самарали ишлар билан чекланиб қолмасдан, бундан буён ҳам хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, минтақада қулай инвестициявий муҳит-иқлимини шакллантириш, инвестициявий истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.

– Вилоят дастурлари асосида, маҳаллий бюджет ҳисобидан қишлоқларда турмуш маданиятини ошириш билан боғлиқ масалалар, жумладан, йўл қурилишига ҳам эътибор қаратиладими?

– Давлатимиз раҳбари 2019 йил 2 октябрь куни йўл хўжалигини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган мажлисда “Йўллар бугунги талабларга мутлақо жавоб бермайди, десак тўғри бўларди”, деб таъкидлади. Наманган вилоятидаги йўлларнинг сифатини яхшилаш бўйича ҳали қилинадиган жуда катта ишлар борлигини тан олишимиз керак.

Йўлларнинг сифатини яхшилаш нафақат қишлоқларда, балки туман марказларида ҳамда Наманган шаҳрида ҳам долзарб масала ҳисобланади.

Албаттаки, бор имкониятларни ишга солиб, автомобиль йўлларини ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу мақсадда 2019 йилда вилоятнинг 11 та туманида ва Наманган шаҳрида ички хўжалик йўлларини таъмирлаш дастурига асосан маҳаллий бюджет маблағларидан 157 километр узунликда, қиймати 15 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.

Қолаверса, “Обод маҳалла” дастурига ҳамда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари фармойишларига асосан, Наманган шаҳрида 26,8 километр узунликда 5 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастурига асосан, вилоятда 120 километр узунликда 15.6 миллиард сўмлик ички хўжалик йўлларини жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.

Кичик саноат зонасига олиб борувчи 3 километр узунликдаги ички йўлларни таъмирлаш учун 2,5 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.

Вилоятнинг 11 та туманларида ва Наманган шаҳрида 175 километрдан зиёд мавжуд кўчалар ва ички йўлларда шағаллаш ишлари бажарилди.

– Ички ирригация тармоқлари, яъни катта-кичик ариқлар назорати, уларни таъмирлаш, деҳқончилик ерларига сув етказиб бериш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

– Сув бор жойда ризқ-рўзимиз мўл, эл-юрт обод бўлади. Дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам сув ресурсларига бўлган талаб ортаётганлиги билан бирга, сув тақчиллиги ҳам йилдан йилга ошиб бораётганини эътиборга оладиган бўлсак, сувдан тежамли ва самарали фойдаланиш қай даражада аҳамиятли эканини англаб етамиз.

Наманган вилоятида ҳам сувдан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича кейинги йилларда кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Ўтган 2019 йилда вилоятда 1414 километр узунликда ички суғориш тармоқларини механик ҳамда 3914 километр хўжалик ички суғориш тармоқларини қўл кучи ёрдамида тозалаш ишлари амалга оширилди. 712 дона хўжалик ички гидротехник иншоотлари, 813 дона ички гидропостлар ва 2663 дона сув олиш қулоклари таъмирланди.

Бунинг натижасида вилоятимиз туманларида аҳоли ва фермер хўжаликлари ер майдонларини кафолатли сув билан таъминлашга эришилди. Бундан ташқари вилоятдаги “Сув истеъмолчилари уюшмалари” томонидан ҳам суғориш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. Бунда ички ирригация тармоқлари, ариқларни, каналларни тупроқ ўзанли қисмларини бетон қопламалар билан таъмирлаш ёки ёпиқ қувурли тармоқлар билан тўлдириш, лотокли тармоқларни ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

Юқоридаги ишлар натижасида вилоятимизнинг давлатга пахта, ғалла сотиш режалари ортиғи билан бажарилди.

Йил давомида дехқончилик ерларига сув етказиб бериш бўйича ҳам юқори натижаларга эришилди. Наманган вилоятига 2019 йил учун сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2903 миллион м3 сув режаси (лимити) белгилаб берилган эди. Ушбу режа асосида туман фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини оқава сув билан таъминланди.

Вилоятимизда жами суғориладиган майдон 270720 гектарни ташкил қилиб, шундан 63406 гектари пахта майдонларини, 74000 гектари ғалла майдонларини ва қолганлари бошқа қишлоқ хўжалиги экин майдонларини ташкил этади.

Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш учун 2019 йил ёзги суғориш мавсуми учун ажратилган сув лимити 2284 млн. м3 бўлиб, шундан 2130 млн. м3 сув суғориш ишларига ва 154 млн. м3 коммунал, саноат ва бошқа иқтисодий тармоқ эҳтиёжлари учун етказиб берилди.

Кузги тадбирларда Наманган вилоятида 2020 йил ҳосили учун 74000 гектар майдонларда ғалла экиш режалаштирилган. Бугунги кунга келиб ушбу ғалла майдонларининг 136 000 гектарида суғориш ишлари амалга оширилди. Суғориш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида, вилоят бўйича 55 та штаб ва 162 та “суғориш отрядлари” ташкил этилиб, отрядлар таркибига жами 12919 нафар сувчилар бириктирилган.

– Ўткир муаммолардан бири – жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Наманган вилоятида жамоат транспортини ривожлантириш ҳақида гапирганда, бу борада икки алоҳида йўналишда иш олиб борилаётганини қайд этиб ўтиш лозим. Биринчиси – йирик мегаполисга айланиб бораётган Наманган шаҳрида йўловчи ташиш транспорти тизимини тубдан янгилаш, иккинчиси эса туманлараро ҳамда туманлар марказлари билан олис қишлоқлар ўртасида замонавий транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш.

Ҳозирги кунда вилоят аҳолисига 223 та йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарга қарашли 350 та автобус, 55 та микроавтобус ва 6741 та йўналишли ва йўналишсиз енгил автотранспорт воситалари билан транспорт хизмати кўрсатиб келинмоқда.

Наманган шаҳридаги транспорт оқимини тартибга солиш, тирбандликни бартараф этиш ҳамда аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида 2017 йилдан бошлаб баъзи йўналишларда маълум вақт оралиғида “Дамас” русумли транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чеклов жорий этилди ҳамда бу йўналишларда “Исузи” русумли автобусларининг жадвал асосида мунтазам ҳаракатланиши йўлга қўйилди.

Наманган шаҳар аҳолисига транспорт хизмати кўрсатиб келаётган транспорт корхоналарга йиллик 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ Республика бюджетидан қоплама маблағ (дотация) ажратилмоқда.

Вилоятда умумфойдаланишдаги жамоат транспорт тизимини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш хамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан дастур ишлаб чиқилган бўлиб, 2017-2021 йиллар давомида жами 415 дона автобус ва 490 дона микроавтобус сотиб олиш, 46 та янги автобус йўналишларини очиш хамда 6 та автостанция қурилиши ва 2 та автостанцияни реконструкция қилиш режалаштирилган.

Ушбу дастурга асосан ўтган даврда банк кредитлари ҳисобига вилоятдаги транспорт корхоналари томонидан жами 126 та автобус, 55 та микроавтобус сотиб олинди.

Ўтган давр мобайнида вилоят аҳолисининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб жами 31 та янги автобус йўналиши очилди. Шундан 14 таси шаҳар йўналишлари, 14 таси шаҳар атрофи йўналишлари, 1 таси вилоят ичи шаҳарлараро йўналиш ва 2 таси шаҳарлараро йўналиш ҳисобланади.

Йўловчилар ва ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Поп, Чуст, Мингбулоқ туманларида янги автостанциялар қуриб фойдаланишга топширилди, шунингдек, Косонсой туманидаги автостанция қайтадан реконструкция қилинди, Наманган туманидаги автостанцияни реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

ЎзА мухбири Акрамжон САТТОРОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь