Қисқа сатрларда

Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда

Маъмурий судларда дастлабки эшитув

Манфаатлар ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилади

Рақамли далиллар тушунчаси

Ҳуқуқларни ҳимоя қилишда замонавий механизмлар жорий этилади

01 April, 2025, 07:27

Сиёсат

Хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари

  • 11.Февраля.2025
  • 93

Тенглик ва камситилмаслик – 1945 йил 26 июнда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар ташкилоти Низомининг асосий тамойилларидандир. Аёллар ҳуқуқлари – инсон ҳуқуқлари бўлганлиги сабабли, аёллар барча инсон ҳуқуқларига эга ва улардан фойдаланади. Шу маънода, гендер тенглиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий қадриятларидан бири бўлиб, жинсий камситиш деярли барча инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги шартномаларида тақиқланган.

Зўравонликларсиз яшаш ҳуқуқи, жисмоний ва руҳий саломатликнинг энг юқори даражасига эришиш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, тенг иш ҳақи олиш ҳуқуқи ва бошқа барча инсон ҳуқуқлари жинсидан қатъи назар аёллар учун таъминланиши керак. Бироқ, бутун дунё бўйлаб миллионлаб аёллар ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишда камситишларга дуч келишда давом этмоқдалар. Гендер тенгсизлиги аёллар ва қизларга салбий  таъсир кўрсатадиган кўплаб муаммоларнинг сабабчиси ҳисобланади. Булар маиший ва жинсий зўравонлик, иш ҳақининг пастлиги ёки ишга жойлашишдаги муаммолар, таълим олиш ва бошқалар бўлиши мумкин.

1948 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” шунчаки асосий тамойилларни белгилайди, аммо фақат шунинг ўзи билан аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳақиқий таъминлашга эришиб бўлмасди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ушбу бўшлиқни тўлдириш учун қилинган қадамлардан бири 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган “Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция эди. Аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция сифатида танилган ушбу ҳужжат, уни ратификатция қилган давлатларга маданият, жамият, таълим, сиёсат ва қонунчилик соҳаларида аёлларнинг камситилишини бартараф этиш мажбуриятини юклайди.

Халқаро ҳамжамият мамлакатимизда гендер сиёсати борасида амалга оширилаётган ишларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда ва муносиб баҳоламоқда.

Шу билан бирга, бугунги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда янада мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси аёллар ҳуқуқларини ҳар доим таъминлашга алоҳида эътибор беради. Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб, 1995-йил 6-майда БМТнинг Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясига қўшилди. Шунингдек, Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида, Меҳнат ва касб соҳасидаги камситиш тўғрисидаги конвенциялари ва бошқа халқаро ҳужжатларни ратификатция қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030 Стратегияси”да ҳам 1.3 Ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар йўналишининг 25-мақсади қилиб, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш кераклиги белгиланган. Ушбу мақсадларни амалга оширишда

- Гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоизга ошириш;

- Жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

- “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш вазифалари кўрсатилган.

Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий пойдевори яратилиб, 30 та ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу ўринда 2 та қонун ҳамда Президентимизнинг 28 та фармон ва қарорлари ҳақида сўз бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 мартдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 192-сонли қарори мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом асосида гендер ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилиши белгиланди.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 2019 йил 2 сентябрдаги қонун қабул қилиниши ҳисобланади.

Ушбу қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарорига «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида»ги Низом тасдиқланиб, амалиётга татбиқ этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги «Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5140-сон қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2022 йил 7 март куни Президентимиз “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Мазкур тарихий Фармон мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш баробарида, уни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ушбу Фармон хотин-қизларимизни анчадан буён ўйлантириб келаётган алимент, уй-жой билан таъминланиш, таълим олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш каби қатор масалаларнинг қонуний ечимини кўрсатиб бергани билан алоҳида қимматлидир.

Шунингдек, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартда қабул қилинган “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 145-сонли қарорида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий, психологик, тиббий ва моддий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур қарор билан «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга сайёр қабуллар орқали ўтказиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳат бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ишларини мазкур қарорда белгиланган тартибда амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4235-сонли қарорини ҳам таъкидлаш жоиз. Зеро, ушбу қарор суд жараёнларида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинди. Хусусан, эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенг ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ суд жараёнларида адвокатлар томонидан аёлларга кўрсатилган юридик хизматлар адвокатларнинг ихтиёрига кўра давлат ҳисобидан қопланиши мумкин.

Шундай қилиб, камситиш ёки ҳуқуқлари бузилишига дучор бўлган аёллар ўзларига қўшимча молиявий қийинчиликлар юкламай, профессионал юридик ёрдам олиш имкониятига эга бўладилар. Бу амалиёт бир қанча афзалликларга эга: аёлларнинг, айниқса, ижтимоий ва иқтисодий шароитлар туфайли заиф бўлиши мумкин бўлган аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланишига ёрдам беради; бу амалиёт ҳуқуқий ҳимояни излашда юзага келиши мумкин бўлган тўсиқларни бартараф этиш орқали қонун олдида тенгликни таъминлашга ёрдам беради.

Шунингдек, ўз ҳуқуқларининг номақбул поймол этилишига дуч келган шахсларни қўллаб-қувватлаш орқали адолат ва қонун устуворлигига ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Aёлларга профессионал юридик ёрдам олиш имкониятини бериш уларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ даъволар сонининг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёлларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-5116-сон қарори катта ахамиятга эга. Шу ўринда «Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш» Республика маркази ҳақида сўз юритиш мақсадга мувофиқ.

Марказнинг вазифаси: тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;

оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш;

«Аёллар дафтари»га киритилган психологик ва ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар) ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни «Аёллар дафтари»дан чиқариш чораларини кўриш;

низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва уларга барҳам бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар билан профилактик тадбирларни ўтказиш;

оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш;

зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, ушбу мақсадларда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларидан кенг фойдаланиш ҳисобланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

З. КУРБОНОВА,

Наманган вилоят маъмурий судининг раиси

Энг кўп ўқилганлар

Календарь