Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 09:44

Сиёсат

«Келгуси йилда бир қатор хайрли ишларни кўзлаганмиз» – вилоят ҳокими фаол ва иқтидорли ёшлар билан учрашди

  • 25.Декабря.2023
  • 172

Наманган шаҳридаги «Маърифат маркази»да вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирокида «Ёшлар сиёсати ойлиги» доирасида талаба ёшлар ва спортчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда жорий йил якуни билан турли соҳаларда салмоқли муваффақиятларга эришиб, вилоят нуфузини оширишга катта ҳисса қўшган йигит-қизлар муносиб рағбатлантирилди.

Секторлар раҳбарлари, дахлдор ташкилотлар мутасаддилари ҳамда фаол ёшлар иштирокидаги учрашувда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов таълим, фан, хорижий тилларини ўзлаштириш, санъат ва спорт соҳаларида муваффақият қозонган истеъдод эгаларининг ютуқларига алоҳида тўхталди.

Қайд этилганидек, ортда қолаётган 2023 йил ёшлар, билимдонлар ва спортчилар учун янги ғоя, имконият ва имтиёзлар йили бўлди. Маҳаллаларда давлат сиёсатини амалга оширишда ёшлар етакчилари ҳам «бешлик» фаолиятидак самарали иш олиб борди.

Жорий йилнинг апрель ойида Президент томонидан ёшлар масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириққа мувофиқ ҳар бир маҳаллада «ёшлар баланси» шакллантирилди ва бу орқали 665 минг 381 нафар ёш учта тоифага ажратилиб, улар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилди.

Ҳар бир маҳаллада «фуқаробай» тасдиқланган «Ёшлар бандлиги дастури» амалга оширилиб, жорий йилда дастурга киритилган 35 минг 682 нафар ёш бандлигини таъминланди. Хусусан, уларнинг 16 минг 735 нафари мактаб битирувчилари ҳиссасига тўғри келади.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 3 минг 684 нафар ёшга 89 миллиард 965 миллион сўм кредит ажратилди. «Ёшлар дафтари» киритилган 29 минг 463 ёшдан 24 минг 343 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди.

Ёшларва спортчилар орасида йилдан-йилга чет тилларига қизиқиш ортиб бормоқда. Жумладан, «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси доирасида 26 мингга яқин ёшлар хорижий тилларни бепул ўрганмоқда.

Бундан ташқари, «IELTS», «TOEFL», «GMAT», «GRЕ», «SAT» каби халқаро имтиҳон тизимларида юқори натижага эришган 513 ёшга имтиҳон харажатлари учун 827,9 миллион сўм қоплаб берилди. «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 701 нафар ёшга 5,3 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилиб, уларга ҳисобланган фоиз тўловлари тўлаб берилди.

Таълимга берилган юксак эътибор натижасида, жорий йилда умумтаълим мактаблари, ихтисослашган мактаблар, Наманган шаҳар Президент мактаби, Исҳоқхон тўра Ибрат мактабидан 1 минг 333 нафар битирувчи муддатидан олдин хорижий ва Республикадаги олий таълим муассасаларига қабул қилиниб, 200 миллион доллардан ортиқ грант маблағларига эга бўлди.

Президент соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг республика босқичида ғолиб чиққан Наманган шаҳридаги 7-сонли умумтаълим мактаби жамоаси 500 миллион сўм пул мукофоти қўлга киритиб, ноябрь ойида Буюк Британияга бир ҳафталик саёҳатга бориб келди.

Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Лолахон Иброҳимова – иқтисод фанидан, Наманган шаҳар Президент мактаби Ҳусанбой Мансуралиев – информатика фанидан, Мингбулоқ тумани ихтисослаштирилган мактаби Асадбек Абдуллаев – математика фанидан, Чуст туманидаги 71-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Жасурбек Ғуломжонов – физика фанидан Халқаро фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритди.

Наманган Давлат университетининг билимдон ёшлари жамоаси яқинда, 135 та олий таълим муассасаси ўртасида Интеллектуал олимпиаданинг республика финал босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, 1 миллиард сўм пул мукофотига эга бўлди.

Эътироф этиш жоиз, наманганлик спортчилар бу йил Ўзбекистон, жаҳон ва Осиё чемпионати ҳамда кубокларида, нуфузли халқаро мусобақаларда 944 та олтин, 1 минг 107 та кумуш, 1 минг 644 та бронза, жами 3 минг 695 та шода медалларни қўлга киритди.

Қувонарлиси, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган XIX Осиё ўйинларида тўққиз спортчимиз шижоатини намоён қилиб, 2 та кумуш ва 3 та бронза ҳамда IV Параосиё ўйинларида етти спортчимиз 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлиб, матонат намунасини кўрсатди.

Параенгилатлетика бўйича Нурхон Қурбонова, Нозимахон Қаюмова, Толибжон Йўлдошев 2024 йилда Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қиладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир якунида юксак марраларга эришган ана шундай заковатли ёшларга Президент совғаси ҳамда пул мукофотлари тантанали тарзда тақдим қилинди.

– Келгуси 2024 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида бир қатор хайрли ишларни кўзлаганмиз, – деди вилоят раҳбари. – Жумладан, барча шаҳар ва туманларимизда «Ёшлар сайлгоҳлари» ва «Ёшлар ижод кўчалари» ҳамда Наманган шаҳрида «Креатив парк» фаолияти йўлга қўйилади. Хатлов асосида 4 минг 200 дан ортиқ ёшлар «оғир» тоифага киритилиб, ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал қилишга кўмаклашилади. Беш мингдан зиёд ишсиз ёшларни касб-ҳунар, замонавий касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, субсидия, ер майдони ва кредитлар ажратиш орқали бандлиги таъминланади. Иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш мақсадида 402 мингга яқин ўғил-қиз «Ибрат фарзандлари» лойиҳасига жалб этилади. Қолаверса, «Ёшлар омбор дафтари» тизимини ҳаётга тадбиқ этиш орқали 1 миллион 400 минг ёш турли йўналишларда қамраб олинади.

Санъат усталари иштирокидаги концерт дастури тадбир иштирокчиларига байрам кайфиятини улашди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Ҳамдамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь