ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34731
23 November, 2024, 08:37
Тўрақўрғон маданият саройида халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатасига вакиллар – Сенат аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларининг депутатлари, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссия-си аъзоси Алишер Исоқбоев очиқ деб эълон қилди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси садолари остида мажлис очилди.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14-бобида белгиланган «Сенатни шакллантириш тартиби» билан таништирди.
Мажлис раислигига номзоди депутатлар бир овоздан маъқуллаган Наманган вилояти Кенгашига «40-Уйчи» сайлов округидан депутат Одилжон Маматкаримов кун тартибига қўйилган масала, регламент, ишчи ҳайъати, мажлис котибияти, маслаҳат кенгаши ҳамда саноқ комиссияси аъзоларини сайлаш бўйича таклифларни бирма-бир овозга қўйиш асосида тасдиқланди.
Маслаҳат кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзоди кўрсатилган депутатларнинг таржимаи ҳоли билан қисқача таништирилгач, уларни яширин овоз бериш йўли билан сайлаш тўғрисидаги таклиф депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Шундан сўнг, депутатлар фойеда ташкил этилган овоз бериш кабиналарида ўзлари муносиб топган номзодга овоз бердилар.
Саноқ комиссияси раиси Шуҳрат Мусаев яширин овоз бериш натижалари тўғрисида тузилган баённомани ўқиб-эшиттирди. Унга кўра, кўрсатилган номзодлар – «АНАмед» хусусий диагностика марказининг директори Носиржон Абдуллахонов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлимининг раҳбари Икромхон Нажмиддинов, «Ифтихор кийим саноат» корхонаси раҳбари Анна Добрих, «Наманган ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири Маҳмуджон Парпиев, «Истиқлол дизайн маркази» корхонаси раҳбари Бахтиёр Умаров етарли миқдорда овоз тўплаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди.
Акрамжон САТТОРОВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган сурат.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти