ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34895
04 December, 2024, 02:52
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардир.
2023 йилнинг 21 декабрь санасида имзоланган ҳар икки меъёрий ҳужжат вилоятимиз шаҳар ва туман маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг диққат марказида бўлди.
12 январь куни мазкур фармон ва қарор ижросини таъминлаш, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида жойларда маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг ташкилий йиғилишлари ўтказилди.
Наманган шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг ташкилий йиғилишида Наманган шаҳар ҳокими, кенгаш раиси Анваржон Отаходжаев иштирокчилар эътиборини фармон ва қарорнинг мазмун-моҳияти, маҳалла институти ваколатларини кенгайтиришга сабаб бўлган омиллар масаласига қаратди.
Маҳаллалардаги ободлик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига эришиш, муаммоларга ечим топиш, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари кучидан самарали фойдаланиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, «маҳалла баланси» ягона платформасини яратиш, миллий ғояни ривожлантиришнинг ягона концепциясини ишлаб чиқиш каби кечиктириб бўлмайдиган ва айни вақтда жамият тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи механизмларни ишга тушириш тўғрисидаги фикрлар долзарб вазифаларга аниқлик киритди.
Ҳоким маърузаси юзасидан Саноат МФЙ раиси Насриддин Садриддинов, Маданий маориф МФЙ раиси Зоҳиджон Бузруковлар сўз олиб, маҳаллаларга кириб келаётган янгиланишлар иш унумдорлигини таъминлаш имкони эканини таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йилнинг 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида айнан маҳалла тизими учун ҳам ғоят долзарб вазифалар белгиланган эди.
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, фахрий журналист Комилжон Файзиев маҳаллаларда ташкил этилажак «Маънавият сектори» нақадар зарурат эканини ғоят ёрқин тарзда баён этди. Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда фидойилик зарур бўлаётганига урғу берди.
Чинор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тожихон Қаҳҳорова, Наманган шаҳар «Нуроний» жамғармаси раиси Анваржон Насриддиновлар ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилишда маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят кенгашининг ташкилий йиғилишида иштирок этувчи 9 кишидан иборат делегат сайланди.
Худди шундай ташкилий йиғилишлар туманларда ҳам кўтаринкилик билан ўтказилди.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти