Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 12:06

Сиёсат

МАКТАБНИ ЎЗГАРТИРМАСДАН ТУРИБ ЖАМИЯТНИ ЎЗГАРТИРИБ БЎЛМАЙДИ

  • 12.Февраля.2021
  • 1192

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустамжон Исраиловнинг

устоз-муаллимлар, педагог-ходимлар, соҳа фахрийларига

М У Р О Ж А А Т И

 

Ассалому алайкум, азиз ҳамкасблар, устоз-муаллимлар!
Бугунги шиддаткор давр биз илм-маърифат соҳаси вакиллари олдига ғоят долзарб ва устувор вазифаларни қўймоқда. Зотан, келажакни яратиш, эртанги кун эгаларини ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли, жисмонан соғлом, маънавий баркамол, илм-маърифат эгалари сифатида камол топтириш зиммамиздаги шарафли, айни пайтда масъулиятли бурч ва вазифа-дир.
Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида ҳам ушбу мақсад ва вазифаларни мужассам этган ҳолда «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деганлари бугунги кун муаллими қандай бўлиши кераклигини, бизга билдирилаётган ишонч баробарида зиммамиздаги масъулият залвори қанчалар улкан эканлигини ифодалаб турибди.
Ана шундай улуғвор ва қатъий мақсад рўёби сари дадил интилиш учун, келажак камолига масъул бўлган ҳар бир ўқитувчи, мураббий-муаллим замонавий билимларни чуқур ва мукаммал эгаллаган бўлиши, ўз устида ишлаши ва ҳаёти, фаолиятининг ҳар куни, ҳар дақиқаси изланиш билан уйғун бўлиши зарур ва шарт. Замон билан ҳамнафас, ислоҳотлар билан ҳамқадам, янгиланишларни қалбан ҳис этиб, улар рўёби фаол иштирокчи бўлган илм аҳлигина эртанги кунимиз эгалари бўлган фарзандларимизни истиқбол сари, юксак чўққилар, баланд марралар сари шаҳдам етаклай олади. Бинобарин, Президентимизнинг «Мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир», деган таъкидлари илм масканларидаги ҳар бир устоз-муаллимнинг қалбидан чуқур жой олган, фаолиятимиз мезонига айланган бўлиши даркор.
Ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук камолини кўзлаб мамлакатимизда таълим соҳасида кенг қамровли ислоҳот янгиланишлар амалга оширилмоқда. Умумтаълим мактаблари замонавий, кўркам қиёфага келтирилиб, энг қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. 
Вилоятимиз мисолида эътибор қаратадиган бўлсак, биргина 2021 йилнинг ўзида шаҳар ва туманларда Давлат  инвестиция дастури асосида 6 та янги мактаб қурилиши, 13 та умумтаълим муассасаси замон талаблари даражасида капитал реконструкциядан чиқарилиши белгиланган. Уларни энг сўнгги русумдаги ўқув жиҳозлари, замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш ҳам доимий диққат марказида.

Қадрли педагог-ходимлар!
Шунга муносиб тарзда биздан талаб қилинадигани изланиш, ўз устимизда ишлаш, касбий малака ва маҳоратимизни оширган ҳолда фарзандларимизни замонавий билимларни мукаммал эгаллаган, юрт эртасига муносиб ўғил-қизлар қилиб камол топтиришдир.Табиийки, бунинг учун, аввало, устоз-муаллимлар учун эътибор, эъзоз, таълим жараёнларини сифатли ва самарали ташкил этишда қулай имконият ва шарт-шароитлар тақозо этилади. Соҳа ходимларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, улар меҳнатини қадрлаш, яратиб берилаётган қулайлик ва имтиёзлар айнан шу мақсадга қаратилган.
Мактаб партасида ўтирган ҳар бир ўқувчи, ҳар бир бола, ҳар бир ёш ўқитувчини идеал деб билади. Ундан ўрнак, ибрат ва намуна олади. Бу жуда катта шараф, айни пайтда масъулиятдир. Шундай экан, ўқитувчи маънан етук, тафаккури кенг, дунёқараши юксак бўлиши баробарида ўз касбининг моҳир билимдони сифатида малака ва маҳоратга ҳам эга бўлмоғи зарур.
Таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, соҳада замон билан ҳамнафас бўлмаган, бугунги кун талабларини ҳис эта билмайдиган ўқитувчилар йўқ эмас. Касбий тажриба ва маҳоратини ошириб боришга эътиборсиз, йиллар мобайнида малака ошириш жараёнларини ўтамаган, демакки,  янгиланишлар ва ислоҳотлар қамрови ва аҳамиятини ҳис эта билмайдиганларни етарлича учратиш мумкин.Очиқ ва аччиқ ҳақиқат шундаки, эндиликда бундайларга орамизда, маърифат даргоҳларида ўрин йўқ. Ҳар бир педагог олдига қўйиладиган бугунги биринчи талаб бу уйғоқлик, бедорлик, фаоллик ва ташаббускорликдир.
Чунки, биз ўзимиз ибрат бўлмасак, истиқбол одимларида намуна кўрсатмасак, фарзанд-ларимизни қандай қилиб комиллик ва етуклик сари етаклай оламиз.

Азиз устозлар!
Такрор-такрор қайд этаётганимиздек, касбимизнинг заҳмати, машаққати ва масъулияти оғир, шарафи улкан. Эл эртанги кунини бизга ишонади, Ватан эртанги равнақини биз таълим-тарбия бераётган ўғил-қизлар камолида кўради.
Шунинг учун ҳам ўқитувчилар, устоз-мураббийлар «келажак боғбони», дея эътироф этилади. «Муаллим камолот ичра кўзгудир!» деган таъриф ҳеч қачон, ҳеч қандай замонда ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Бунга муносиб бўлиш учун биз ўз фанимизни чуқур билишимиз, ёшларга қунт ва эътибор билан, керак бўлса қалб қўримиз, меҳримизни бериб ўргатишимиз, илм, маърифат, маънавият, тафаккур ва ҳатто инсоний фазилатларимиз билан бутун жамиятга, барча-барча соҳа эгаларига ўрнак, намуна бўлмоғимиз зарур ва шарт!
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шарт.  Бунинг учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифати-ни яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Жумладан,  бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз,  бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланади», дея таъкидлаб ўтдилар.
Бу олис қишлоқларда ҳам, вилоят ва шаҳар марказларида ҳам таълим сифати ва самара-дорлик борасида мукаммаллик ва ижобийликка эришиш бугуннинг  энг муҳим вазифаси эканлигини англатади. Бундай натижага таълимда ахборот коммуникация технологиялари, мультимедиа воситалари, замонавий ва илғор педагогик технологияларни муваффақиятли қўллай олиш, фидойилик, келажак камолоти  ва юрт истиқболига дахлдорлик ҳисси билан эриша олиш мумкин.
Демак, Сизу бизнинг фаолиятимизда умумтаълим фанларидан ёшларга чуқур ва мукаммал билим бериш асносида  дарсдан ташқари машғулотлар, фан ва касб-ҳунар тўгараклари, спорт, санъат ва компьютьер технологиялари борасидаги машғулотлар, беш муҳим ташаббус ва унда белгиланган йўналишларни ҳаётга татбиқ этиш доимий ҳамроҳ бўлмоғи керак. Бу борада соҳада кўп йиллик, катта тажрибага эга бўлган, эл орасида ҳурмат эътибор қозонган, жамиятда эъзоз ва эҳтиромга эга бўлган соҳа фахрийлари тажрибасига суяниш, таяниш, улар фаолиятидаги энг ибратли жиҳатларни ўрнак билиш даркор.

Муҳтарам фахрийлар, азиз  устозларимиз!
Биз ҳамиша Сизларнинг кўмагингизга, билим ва тажрибангизга суянамиз. Сизлар яратган катта ҳаёт мактаби, босиб ўтган залворли фаолият даври бугун соҳада иш олиб бораётган ўқитувчилар, устоз-муаллимларга ўрнакдир.
Ишонамизки, Сизлар ҳамиша маърифат даргоҳлари, эртамиз камол топаётган масканлар – умумтаълим мактаблари билан ҳамнафас бўлиб, бой тажрибангиз, ёшларга одоб ва маънавият ўргатиш, ҳаётда муносиб ўрин топа оладиган инсоний фазилатлар соҳиблари бўлиб камол топишларида кўмагингизни аямаслигингизга ишонамиз.

Қадрли соҳамиз фидойилари!
Ана шундай улуғвор мақсад рўёби йўлида барчангизга куч-қувват, шижоат ва ҳамиша ташаббусларга интилиш ва фаоллик ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламиз.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь