Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 03:01

Сиёсат

Муносабат: Конституция – инсон қадри учун

  • 24.Июня.2022
  • 1212

Акрамжон САТТОРОВ,
«Наманган ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири:

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда жадал кечаётган ислоҳий жараёнлар кутилган самаралар бериш билан бир қаторда жамиятимиз олдига Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги янги-янги вазифаларни қўймоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямизга ўзгартириш киритиш юзасидан ташаббус ва таклифлари ҳам жамият ривожланиши қонуниятлари тақозоси билан ўз вақтида эътибор қаратилган муҳим масала ва долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқди.

Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан конституциявий ислоҳотлар заруриятининг омиллари ва аҳамияти таҳлиллар асосида атрофлича асослаб берилди. Яъни, учрашувда таъкидланганидек, Бош қомусимиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётган экан, демак бугун барпо этишга киришилган Янги Ўзбекистоннинг пойдевори ҳам таъбир жоиз бўлса, аввалгисидан мустаҳкамроқ ва энг муҳими, халқчилроқ бўлиши керак.

Бу эзгу мақсад Президентимиз томонидан Конституцияга ўзгартириш бўйича фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик ва ерга оид масалалар, суд-ҳуқуқ соҳаси, давлат бошқаруви, ташқи сиёсат, оила институти, таълим, тиббиёт, экология, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари сингари саккиз йўналишда қирқдан зиёд амалий аҳамиятга эга таклифларда ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Айниқса, давлатимиз раҳбари таклифларида инсонга ҳуқуқий субъектгина эмас, балки том маънодаги инсон сифатида муносиб баҳо бериш, инсон қадрини улуғлаш тамойиллари устуворлигига қаратилган эътибор аҳамиятли. Зеро, инсонни қадрлаш миллий қадриятларимиз, муқаддас динимиз таълимотидаги энг олий тамойилдир. 

Давлатимиз раҳбарининг: «Инсон қадри учун» ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган «Инсон – жамият – давлат» деган ёндошувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур»,  деган таъкиди замирида Асосий қонунимиз ислоҳотларидан кўзда тутилган энг  муҳим эзгу мақсад мужассам топганлигини барчамиз теран англаб турибмиз.

Конституцияга қатор янги нормалар бўйича Президентимиз киритган таклифларни диққат билан ўрганиб чиқилса, улар шартли равишда турли йўналишларга тақсимланган бўлса-да, барчасига инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури ҳамда ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси сингдирилганлигини англаб олиш қийин эмас, албатта.

Эътиборлиси, илгари Конституцияларда моддалар кўпинча умумий характердаги, мавҳум принциплардан иборат бўлса, давлатимиз раҳбари илгари сураётган нормалар бош қомусимизнинг бу борадаги камчиликларини тўлдириб, мақсадлардаги аниқликни таъминлайди. Бу ўз навбатида қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ҳаётга татбиқ этишдаги мавжуд мураккабликларга барҳам беришга хизмат қилади.

Масалан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари йўналишида «ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши ёки «прописка чекловлари қайтиб ҳеч қачон тикланмаслиги» бўйича норма «Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга» деган нормага янада аниқлик киритиб, амалий аҳамиятини мустаҳкамлайди.

Тадбиркорлик фаолияти бўйича «Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли», деган модданинг киритилиши тадбиркорлар учун янада кенг имкониятларни кафолатлайди.

Ёки суд-ҳуқуқ соҳасида «Миранда қоидаси», «Хабеас корпус» институтини қўллаш, ўлим жазосини тақиқлаш, шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслиги, маҳбусларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт, деган нормалар киритиш фуқаро ва инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги бўшлиқларни тўлдиради.

Давлат бошқаруви йўналишида «маҳаллалар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш ваколатига эга»,  деб белгиланиши давлат ва жамият ислоҳотларида натижадорликка хизмат қилади. Ёки 100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар гуруҳига ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилса, бу дунё конституциячилик тажрибасида Ўзбекистон томонидан жорий этилган инқилобий амалиёт бўлиши муқаррар. 

Ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатларини ажратиш масаласи Президентимиз томонидан фаолиятининг дастлабки давридаёқ кун тартибига қўйилган бўлиб, ўзининг ташкилий-ҳуқуқий ечимларини кутиб ётган эди. Бу норманинг Бош қомусда белгилаб берилиши билан давлат ва жамият бошқарувидаги мавжуд мураккабликлар ҳам табиий равишда барҳам топиши аниқ.

Ташқи сиёсат йўналишида «Давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиши ва ривожлантириши лозим», деган норма таклиф қилинаётгани ватандошларимиз дунёнинг қаерида бўлишидан қатъи назар давлатимиз ғамхўрлиги остида бўлишини кафолатлайди. 

Президентимизнинг «Оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланади», деган нормани киритиш тўғрисидаги таклифи бу масала теран ёндошув заруриятидан илғаб олинган муҳим масаладир. Амалдаги Конституцияда «томонларнинг» дейилган бўлиб, бу ноаниқлик турлича талқинларга сабаб бўлиши мумкин бўлиб келган ҳуқуқий камчиликдир.

Зеро, «томонлар» деган тушунчага оиланинг бошқа аъзоларини ҳам киритиш мумкин. Айниқса, «оммавий маданият»га мойил тоифа буни ўз манфаатига мослаб талқин қилиши мумкин.

Шунингдек, Президентимиз томонидан берилган бошқа барча таклифлар Конституциямизнинг халқаро стандартларга, энг муҳими, миллий қадриятларимизга мувофиқлигини янада мустаҳкамлаб, жамиятимиз ва давлатимиз равнақи, халқимиз фаровонлигининг ҳуқуқий таянчи сифатидаги ролини оширади.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон – ижтимоий давлат», «Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат» деган ғояларнинг ўзида жудаям кенг қамровли мақсадлар мужассамки, бу ғоялар Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйилиши билан «Инсон – жамият – давлат» концепциясининг истиқболлари белгилаб берилади.

Хулоса қилиб айтганда, бугун биз Янги Ўзбекистонимизнинг келажагига дахлдор яна бир қутлуғ қадам бўсағасида турибмиз. Президент конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширишни, ҳақиқий халқ Конституциясини ишлаб чиқиб, қабул қилишни таклиф қилаяпти. Биз бу борада таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабат билдирган ҳолда фуқаролик позициямизни намоён этишимиз керак.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь