Қисқа сатрларда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

23 November, 2024, 03:25

Сиёсат

Муносабат: Пахта тердик, пахтадан нима кўрдик?

  • 04.Апреля.2023
  • 899

Тарих алдамайди. Қачонки, суратига бўёқ чапланмаса. Лекин бизнинг узоқ-яқин ўтмишимиз қоғозларда фаровон яшади. Дейлик, 1936 йили Ўзбекистон «она Ватан»га 1 миллион тонна «оқ олтин» армуғон этди ва пахта бизнинг юртда яккаҳокимга айланди. Кейин эса, қанча керак бўлса, шунча «оқ олтин» тердик. Теравердик, теравердик. На косамиз оқарди ва на яшаш тарзимиз ўзгарди.

Шу зайл орадан кўп узоқ йиллар ўтди. Замон ўзгарди. Аммо биз ўзгармадик. Қозиққа боғлаб қўйилган арқонлар бўйнимиздан олиб ташланса-да, ўша қозиқ атрофида қолавердик. Бу деганим, Ўзбекистон суверен давлатга айланиб ҳам, яна пахта экишда, пахта теришда давом этдик. Ўқувчи бўлсак ҳам, ўқитувчи бўлсак ҳам, ҳатто, беморимиз ҳам ва беморни даволовчи шифокоримиз ҳам пахта терди. Чунки, бизни шундай қилишга мажбурлашарди. Холбуки, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Мажбурий меҳнат тўғрисида»ги 29-сонли Конвенцияси бизда пахта яккаҳоким бўлмасдан аввал, яъни 1930 йилда тасдиқланган, мазкур ҳужжатнинг қўшимча баённомаси эса, 2014 йилда тасдиқланган бўлса ҳам, бизни пахта теришга жалб этаверишди.

Айтиш жоизки, ўтган 2021 йилнинг ўзида дунё бўйлаб 28 миллионга яқин одам мажбурий меҳнатнинг қурбони бўлган ва бу кўйга тушган 17,3 миллион нафар инсон хусусий иқтисодий секторда мажбурий меҳнатни ўтаётиб, ҳаётдан кўз юмган. Энг ачинарлиси, буларнинг 11 миллионини аёллар, қарийб 4 миллиондан ортиғини болалар ташкил этган. 

Келтирилган рақамлар бизни ҳам четлаб ўтган, деб айтиш қийин. Чунки, вазият шу даражага бориб етдики, мамлакатдаги ва хориждаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнатидан фойдаланилгани сабабли ўзбек пахтасига бойкот эълон қилиш бўйича петицияга имзо чекишди.

Ушбу петиция БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгаши, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, шунингдек, АҚШ давлат департаменти, Европа Иттифоқи, йирик пахта экспорти ҳамда тўқимачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган компанияларга тақдим этилди. Бунинг натижасида 2010 йилдан бошлаб «Cotton Campaign» халқаро коалицияси ўзбек пахтасига бойкот эълон қилиб, уни сотиб олишдан воз кечди.

Бу нафақат ижтимоий-иқтисодий аҳволимизга, балки миллатнинг ривожланишидаги узоқ муддатли йўқотишларга сабаб бўлди.
Мана энди, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлиги, унинг қадр-қимматини том маънода таъминласа бўладиган, шу билан бирга, мажбурий меҳнатни батамом тугатиш даври келди. Нега деганда, янгиланаётган Конституцияда мажбурий меҳнат, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши белгилаб қўйилмоқда.

Яна айтиш жоизки, узоқ йиллик машаққатли меҳнат, мақсад сари собитқадамлик билан олға бориш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг саъй-ҳаракати, қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотлар ўтказилиши ўз самарасини берди: 2022 йил 10 март куни халқаро «Cotton Campaign» ташкилоти Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган 12 йиллик санкцияларни бекор қилди.

Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган муҳим ўзгаришлардан бири бу айнан мажбурий меҳнат, хусусан, болалар мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам берилиши билан боғлиқ бўлмоқда. Яъни Конституциянинг 44-моддасига кўра, суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат ҳамда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланмоқда.

Табиийки, мажбурий меҳнатга Конституция даражасида чек қўйилиши ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизга ижобий таъсир кўрсатади. Яшаш тарзимиз ўзгаради. Иқтисодиётда ҳам, ижтимоиётда ҳам силжиш бўлади. Ҳаётимизга сифат киради. Айниқса, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши Асосий қонунда тўғридан тўғри ёзиб қўйилар экан, энди бу сиёсий қатъиятдан ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни англатади. 

Янгиланаётган конституциявий нормалар болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланиши борасида қайғуряптики, бу уларнинг ҳаётига оғирлик солмайдиган, таълим олишлари учун халал бермайдиган меҳнат турлари билан шуғулланишларига асло тўсиқ бўлмайди. Шунингдек, ўқишдан кейин ва ё таътил вақтида боланинг уй, оилавий ҳамда қишлоқ хўжалиги ишларида ота-онасига ёрдам бериш хоҳишини чекламайди.

Демак, янгиланаётган Конституция бу бизнинг бахтимиз! Бу бизнинг манфаатларимиз кафолати! Айниқса, мамлакат тараққиётининг мукаммал хуқуқий асоси сифатида ҳаётимизга  қайта кириб келаётганлиги, янги замон сари қўяётган дадил қадамимиздир.

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь