ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 11:54
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятида бўлди.
Ташрифнинг иккинчи куни Наманган шаҳрида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
– Хабарларинг бор, Наманган вилоятининг аввалги ҳокими Хайрулла Бозоров ислоҳотларимизни амалга ошириш бўйича кўп ишлар қилди. Бу ерда олинган сабоқ ва тажрибани иккинчи вилоятда ҳам қўллаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун уни Фарғона вилоятига ҳоким қилдик. Энди Наманган вилоятига янги ҳоким тайинлаш масаласини кўриб чиқишимиз керак. Наманганнинг бугунги ривожига муносиб, уддабурон, халқпарвар, тадбиркорни қўллаб-қувватлайдиган одамни раҳбар қилиб сайлашимиз керак, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари ҳокимларни тайёрлаш ва тайинлаш масъулияти ҳақида гапирди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди.
– Ҳаёт шундайки, мен ҳар бир вилоятга раҳбар бўла оладиган одамни тўрт-беш йил олдин тайёрлашга мажбурман. Шавкат Абдураззоқов Наманган тумани, Наманган шаҳрида ҳоким бўлган, Вазирлар Маҳкамасида департамент мудири, вазир бўлиб ишлаган. Наманганнинг шароитини, халқнинг дардини, Тошкентдаги кабинетлар эшигини қандай очишни, масалани қандай ҳал қилишни билади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил сентябрь ойидан буён Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.
Ш.Абдураззоқов 1976 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Вилоят ҳокимлиги, давлат мулки бошқармаси, Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимларда ишлаган. Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси бўлган.
Халқ депутатлари, нуронийлар, аёллар, ёшлар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Шавкат Абдураззоқов Наманган вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Сессияда Наманган вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш биринчи муҳим вазифа эканини таъкидлади. “Маҳаллабай” тизимда тадбиркорликни ривожлантириш учун 850 миллиард сўм кредитлар ажратишга кўрсатма берилди.
Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан вилоятга 60 миллион доллар ажратилиши айтилди. Бунинг ҳисобидан Наманган шаҳри иссиқлик тизимини қайта қуришга 15 миллион доллар, эски шаҳар инфратузилмасини яхшилаш ва каналлар қирғоқларини ободонлаштиришга 10 миллион доллар, маҳаллалардаги драйвер лойиҳаларни молиялаштиришга 10 миллион доллар, лимончиликни ривожлантиришга 10 миллион доллар йўналтирилади. Кичик ва ёшлар саноат зоналарига, ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга, кредитлар фоизининг бир қисмини қоплашга 5 миллион доллардан берилади.
Наманган вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 23 триллион 700 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши қайд этилди. Ушбу 1 минг 728 та лойиҳа орқали 66 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган.
– Наманганга ўттиз йиллик тарихда бунча маблағ келмаган. Агар шуни тўғри, самарали йўналтириб ишлатсак, вилоятнинг иқтисодиёти жадал ривожланади, ҳамма туманларга саноат кириб боради, одамлар ишли бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экинлар таркибини ўзлаштириш муҳимлиги таъкидланди. 17 минг гектар ер ажратиб, 200 минг нафар ёш, пахта кластерлари томонидан ҳар бир туманда тикувчилик корхоналарини ишга тушириб, 10 минг нафар аёллар бандлигини таъминлаш вазифаси белгиланди.
Янгиқўрғон картошкачилик маркази, Венгрия билан ҳамкорликда картошкачилик йўналишида илмий-тадқиқот институти ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.
Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу йил вилоятда 160 километр ичимлик суви ва 11 километр оқова тармоқлари қуриш учун бюджетдан 59 миллиард сўм ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Бунинг натижасида яна 167 минг нафар аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланади.
Президент нима учун “маҳаллабай” тизимда ишлаш кераклиги ҳақида фикр билдирди.
– Яна бир бор айтаман, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Замон шиддат билан ўзгаряпти. Яккаю ягона йўлимиз тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун биз маҳалладаги вазиятни чуқурроқ билишимиз лозим. Маҳалла раиси бир кунда битта иш жойи яратса, битта маҳаллада 5 та тадбиркори бўлса розиман. Шундай қилса бўладими? Бўлади. Эрталаб барвақт туриб хонадонларга кириб, оғам, иним, қизим, ўғлим, биродарим ёки маҳалладошим деб, мана шу дарахтни эк, 100 та товуқ боқ, биринг икки бўлсин, мана сенга оҳак, уйингни оқлаб қўйгин, тозалаб қўйгин барака киради, болаларингни ўқишга вақтида юбор, десин.
50 минг гектар ерни халқимизга қайтариб бермоқчимиз. Олдинлари минг гектар тўғрисида ҳам гапиролмасдик. 50 мингдан 26 минг гектари Поп туманида. Шуни халққа, ёшларимизга берсак биримиз икки бўладими, йўқми? Биринчидан, ёшларимиз ишли бўлади, иккинчидан, эртага шу ердан олинган маҳсулот бозорга чиқади. Қолаверса, фермер ҳам ўйлай бошлайди, агар бугун мен ишламасам, эртага еримни олиб қўяди, дейди. Бутун дунёда шундай: адолатли рақобат. Наманганда ерга муносабат ўзгарса, маҳсулот ўзгаради. Маҳсулот сифати ўзгардими, бозор арзон бўлади, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан алоҳида суҳбатлашди. Улар айтган таклифларни, бизнес-режаларини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
– Ёшларнинг кўзида эртанги кунга ишонч кўрсам, очиғи, ҳамма чарчоқларим чиқиб кетади! Мана шундай билимли, жонкуяр, изланувчан ёшлар ҳамма соҳаларда ўзгариш қилади. Биз уларга кенг йўл очиб, ҳар томонлама ёрдам беришимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясидан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрининг Бунёдкор маҳалласини бориб кўрди.
Бу ердаги аҳвол маҳалла номига зид. Ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган. Маҳалла идорасининг ўзи ҳам хароб, бино орқасида чиқиндилар ётибди.
Давлат раҳбари маҳалла раиси ва маслаҳатчиси билан мулоқотда бўлди.
– Сизлар одамларни уюштиришингиз, бошқаларга ўрнак бўлишингиз керак. Шу маҳалланинг эгаси-ку сизлар! Мўмин-мусулмон-ку сизлар! Дарахт экса бўладими? Чиқиндини тозалатиб қўйса бўладими? Деворни оқласа бўладими? Шунга кўп нарса керакми? Биз маҳаллага шунча эътибор қаратяпмиз, катта ваколатлар беряпмиз. Бу ҳолатда қандай ислоҳотчи бўласизлар, одамларни қандай эргаштирасизлар, – дея саволлар қўйди Шавкат Мирзиёев.
Президент Наманган шаҳар ҳокими ва ушбу маҳаллага масъул сектор раҳбари бўлган шаҳар прокурорига ҳам танбеҳ берди.
– Баландпарвоз гаплар билан ҳисобот берасизлар. Қандай виждон билан лавозимда ўтирибсизлар?! Бу маҳаллада 12 минг одам яшайди. Аҳволни қаранглар, бу сизнинг юзингиз, – деди давлат раҳбари.
Шу ерга тўпланган аҳоли билан ҳам мулоқот бўлди. Нуронийлардан бири маҳаллада ичимлик суви, табиий газ, ишлаб чиқариш корхонаси йўқлигини, йўллар таъмирга муҳтожлигини айтди.
– Мен шунинг учун келганман, – деди Президент.
Мутасаддиларга зарур муҳандислик тармоқларини тортиб, маҳалладаги шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатма берилди.
Давлатимиз раҳбари Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйида бўлди. Шароитларни кўздан кечириб, бу ерда тарбияланаётган болалар билан суҳбатлашди.
– Сизлар ҳаммаларинг менинг фарзандларимсизлар. Ҳаёт жуда мураккаб. Шуни билингларки, бугун оғир кунлар бўлсаям, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор. Сизларнинг қийналганларинг, оилани эслашларинг, орзу-умидларинг ортида Худонинг марҳамати, эртанги қувонч бор. Бу дунёда ким бахтли бўлишини келажак кўрсатади. Сизларнинг бахтли бўлишингиз учун ҳаётларингизга доимий асос яратишни ўйлаяпмиз. Бир марталик эмас, қонун жиҳатидан. Бу ерни тамомлагандан кейин уй билан таъминланиб, фаровон яшашингизни қонун билан ҳимояга оламиз. Тинчлик-осойишталикда сизларнинг бахтингизни кўриш насиб этсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент «Саховат» уйини ҳам бориб кўрди. Унинг биноси 1982 йилда қурилган.
– Менга Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бирдек қадрли. Бугун жуда оғир кун бўлди, кўп масалаларни муҳокама қилдик. Самолётга ўтириб, қайтиш олдидан кўнглимдан сизлар ўтдингиз. Шу муаммони ҳал қилмасдан кетаманми, деб ўйладим. Менга "Саховат" уйларига эҳтиёжи бўлган нуронийлардан жуда кўп хатлар келади. Шуларни инобатга олиб, ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз. 4 ой ичида Наманган шаҳрида "Саховат" уйи учун янги бино қуриб берилади. Сизлар муносиб шароитларда яшайсиз, даволанасиз. Сизларга соғлиқ ва узоқ умр тилайман, – деди давлатимиз раҳбари.
Нуронийлар юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига сафари якунига етди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз МУСАЕВ,
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА мухбирлари
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти