ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 11:19
5 март куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг йигирма биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда депутатлар билан бир қаторда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раиси Шавкат Абдураззоқов олиб борган сессияда халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг 2021 йил 4 мартдаги «Наманган шаҳридаги 24 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини янги ташкил этилаётган Янги Наманган тумани таркибига ўтказиш ҳақида»ги қарори муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов маъруза қилди.
Таъкидландики, катта ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик ушбу масала давлатимиз раҳбарининг 18-19 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида илгари сурган ташаббуси билан кун тартибига қўйилди. Зеро, вилоят ҳудудида бошқарувни оптималлаштириш, аҳоли учун ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш, бандликни таъминлаш, Наманган шаҳри ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш шаҳар бўйсунувида Янги Наманган туманини ташкил этишни тақозо этмоқда.
Наманган шаҳри ҳудудидаги 24 та маҳалла: Мингтерак, Бунёдкор, «Мустақилликнинг 5 йиллиги», Ахсикент, Машраб, Маънавият, Фурқат, Гулистон, Беруний, Мингчинор, Тинчлик, Ёшлик, Оромгоҳ, Атанган гузар, Янги замин, Меҳнатобод, Сиҳатгоҳ, Гўзал, Чаманзор, Ишонч, Шербулоқ, Келажак тонги, Соҳил ва Истиқбол маҳаллалари ташкил этилаётган Янги Наманган тумани таркибига ўтказилади.
Янги туманнинг барпо қилиниши бугунги кунда мазкур маҳаллаларда яшаётган 145,9 минг нафар кишининг турмуш фаровонлигини яхшилашда катта аҳамият касб этади. Янги туман ҳудудида 16 та саноат корхонаси ва 4 та кичик саноат зонаси фаолият кўрсатади. Уларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми шаҳар саноатининг 22,0 фоизини ташкил этади. Янги Наманган туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Унга кўра Келажак тонги, Машад ва Бунёдкор маҳаллалари ҳудудида, Ёшлик ва Бунёдкор кичик саноат зоналарида 15 гектар майдонда янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. Яна «Ёшлик», «Машад», «Бунёдкор» кичик саноат зоналаридаги 15 гектар майдонда умумий қиймати 245,0 млрд. сўмлик 62 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 2 600 та янги иш ўрни яратиш белгиланган.
Янги Наманган туманининг ер майдони (8 минг 223 гектар) Наманган шаҳридан қарийб икки баробар катта бўлиб, ҳудудда 22 минг 770 та якка тартибдаги уй-жой, 5 033 та хонадон, 1 минг 599 та нотурар жой, 19 та мактабгача таълим ташкилоти, 16 та умумтаълим мактаби, 5 та коллеж, 3 та олий ўқув юртининг ўқув бинолари, 22 та соғлиқни сақлаш объекти ва 590 та бошқа объектлар барпо этилади.
Музокаралардан сўнг сессия халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг юқорида қайд этилган қарорини маъқуллаш, Янги Наманган тумани чегараларини белгилаш, Наманган шаҳри бўйсунувида Янги Наманган туманини ташкил этиш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга масала киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига илтимоснома киритиш бўйича қарор қабул қилди.
Акрамжон САТТОРОВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти