Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 08:24

Сиёсат

Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди

  • 08.Июня.2023
  • 771

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш, Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази фао-лиятини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасининг Президент сайловида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВларини аккредитациядан ўтказишга оид масалалар муҳокама қилинди.

– Маълумки, Марказий сайлов комиссияси 5 июнь куни сиёсий партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олган эди, – деди МСК котибияти мудири Х.Маматов. – Сайлов қонунчилиги талаб-ларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олингандан сўнг унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади. Номзоднинг ишончли вакилларига Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади. Номзод 15 нафаргача ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. 

Йиғилишда мазкур масала муҳокама қилиниб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илясович Иноятовнинг, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Маҳмудованинг ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди.

Шунингдек, мажлисда, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилинди ва тегишли Низом тасдиқланди.

– «Cаll-center»нинг асосий вазифаси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида фуқаролар билан реал вақт режимида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, сайлов комиссиялари фаолияти, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборотни фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш орқали етказишдан иборат, – деди МСК аъзоси Г.Исмоилова. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Президент сайловида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг 12 нафар сайловни кузатувчи миссияси вакиллари МСКнинг қарори билан аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясига бўлган мурожаатлардан келиб чиқиб, 39 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 139 нафар вакили аккредитация қилинди. Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 229 нафарни ташкил этмоқда.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
ЎзА мухбири

Энг кўп ўқилганлар

Календарь