Қисқа сатрларда

Ҳумоюн Ҳиндистонда чемпион бўлди!

Бир гуруҳ фидойилар «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони билан тақдирланди

Фаол тадбиркорнинг салмоқли ютуқлари

«Навбаҳор» – ўн бир карра бронза медали соҳиби!

Наманган жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди

04 December, 2024, 03:00

Сиёсат

Референдум ўтказиш тартибидан хабардормисиз?

  • 14.Июля.2022
  • 1870

Яқин кунларда умумхалқ муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича сиёсий жараён, яъни Референдум ўтказилади. Шундан келиб чиқиб биз референдум нима ва у нима учун ўтказилади каби саволларга жавоб берамиз.

Референдум (лотинча: референдиум) бу фуқароларнинг давлат, вилоят ёки маҳаллий кўламда энг муҳим масалалар бўйича овоз бериш йўли орқали ўз фикрини бевосита билдириши, умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилиш, бевосита демократиянинг муҳим воситасидир. Унинг сайловлардан асосий фарқи, референдум ўтказилаётганда бирон бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки унда муайян масала — қонун, қонун лойиҳаси, конституция ёки унга тузатишлар, мамлакат халқаро мақомига тааллуқли ёки ички сиёсатига оид бирон бир савол қўйилади. Сайлов натижалари мажоритар тизим бўйича ҳам, пропорционал тизим бўйича ҳам аниқланиши мумкин бўлса, референдум натижалари фақат мажоритаризм (мутлақ кўпчилик овозини ҳисоблаш) тамойиллари асосидагина аниқланади. 

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуни (дастлаб 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган, 2001 йил 30 августда янги таҳрирда қабул қилинган)га кўра, Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларини қабул қилиш мақсадида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади ва фақат Референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. 

Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи марта 1991 йил 29 декабрда референдум ўтказилган ва унда «Ўзбекистон Респуб-ликасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йил 31 августдаги Конституциявий қонуни тўғри қабул қилинганлигини Ўзбекистон халқи бир овоздан маъқуллади. 2002 йил 27 январда Ўзбекистон Республикасида икки палаталик парламентни шакллантириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини ўзгартиришга бағишланган референдум бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда Асосий қонунга қатор нормаларни киритиш бўйича таклифларни илгари сурди. 

Булар сирасига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари йўналишида; суд-ҳуқуқ соҳасида; давлат бошқаруви; ташқи сиёсат; оила институти; таълим, тиббиёт, экология масалаларини киритиш мумкин. Қисқа қилиб айтганда, Конституциявий қонун лойиҳасида Бош қомуснинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 15 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда(прим модда)лар қўшиш таклиф қилинмоқда. Биз референдумда фаол иштирок этиш орқали жонажон Ўзбекистонимизнинг порлоқ эртасига овоз беришимизни унутмаслигимиз керак.

Эркинжон ТАДЖИБАЕВ,
Давлатобод тумани адлия бўлими бошлиғи.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь