Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 09:46

Сиёсат

Сенатор: Болаларимизни ёт ғояларга ташлаб қўймаслигимиз лозим

  • 12.Февраля.2022
  • 794

Айни кунларда Ўзбекистон  Республикаси  Олий  Мажлиси  Сенатининг  йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган  бошқа  масалалар мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш ҳамда Сенат қарорлари  ижроси  ва фуқаролар мурожаатларини  жойида ўрганиш мақсадида Сенатда доимий  асосда  ишловчи сенаторлар хизмат сафари билан ҳудудларда бўлиб турибди.

Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев вилоятимиздаги ўрганишлари давомида шаҳар ва туман Кенгашлари котибият мудирлари ва доимий комиссиялари  раислари ҳамда депутатлар билан мулоқотда бўлди.

Даставвал, «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган, етти устувор йўналишидан иборат 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва уни  «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизни 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича «Инсон қадри учун – 100 та мақсад» белгилаб олинган. Давлат дастури ижроси доирасида 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Шу йилнинг 3-4 февраль кунлари бўлиб ўтган Сенатнинг навбатдаги ялпи  мажлисида 20 та масала, шу жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилди. 

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда фақат 4 та товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилган, шулардан атиги иккитаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлса, қолган иккитаси хорижий ишлаб чиқарувчиларга тегишлидир. Булар қаторида Чортоқ туманида ҳудуд номи билан келиб чиқувчи минерал сувлар ишлаб чиқарилаётгани қайд этилди.
Товар келиб чиққан жой номларига бўлган қатьий талаблар ўрнатилмаганлиги туфайли мамлакатда минтақавий брендлар ривожланмасдан қолмоқда. Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Қонунда илк маротаба «географик кўрсаткич» тушунчаси акс эттирилган.  
Сенатор мулоқот давомида жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қабул қилинган қарорга тўхталди.

Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар аҳолини ташвишга солмоқда. Биргина, 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, миллий домен ҳудудидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқликка тарғиб қилувчи ҳолатлар аниқланган, 2 минг 97 та қонун бузилиши ҳолати қайд этилган.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида маънавий бузуқликни тарғиб қилувчи 130 га яқин гуруҳ, саҳифа ва каналлар мавжудлиги аниқланган, уларда фото, видео, матн каби 2 минг 646 та материал тарқатилган.
Бундан ташқари, маданият соҳасида кечаётган воқеалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бадиий фильм, реклама, жумладан, кўчалардаги баннерлар, мусиқа ва клипларда фақат пул, бойлик ҳамда маънавиятсизлик тарғиботи мавжуд. Айрим ҳолларда мутлақо миллий маънавиятимизга зид кўринишлар, саҳналар намойиш этилмоқда. 

– Бугун фарзандларимизни уяли телефонлар, интернет ва ижтимоий тармоқларга ортиқча ружу қўйиши оқибатида уларни азоб-уқубатларга дучор этиши шубҳасиз, – деди сенатор Маҳмуджон Парпиев. – Шундай экан, биз болаларимизни ёт ғояларга ташлаб қўймаслигимиз лозим. Афсуски, ҳозирги вазият юздан пардани кўтарилиши даражасига келиб қолди. Ўз она тилимиз, миллий менталитетимиз ва маданиятимиз бор. Шундай экан, бу долзарб масалага асло бефарқ ва томошабин бўлмаслигимиз керак.
Мулоқот якунида маҳаллий Кенгашлар котибият мудирлари ҳамда депутатлар томонидан бир қатор масалалар ўртага ташланиб, улар тегишли равишда ҳал этиш учун сенатор томонидан назоратга олиниши айтиб ўтилди. 

Оқилхон ДАДАБОЕВ. 
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь