Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 12:54

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев: Наманганда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 34 минг оила ўз бошпанасига эга бўлади

  • 16.Июня.2023
  • 665

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили Икромхон Нажмиддинов очди. У Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани, ижобий ўзгаришларни оилалар ўз ҳаётида ҳис қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Номзод дастлаб мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлашни янада ривожлантиришга оид режалари ҳақида тўхталди.

Хусусан, мамлакатимизга чет эл банкларини олиб кириш, янги хусусий банклар очишни рағбатлантириш ҳамда депозитларни кенгайтириш ҳисобига кредитлар учун ресурс базаси кескин оширилиши таъкидланди.

– Наманганлик тадбиркорлар хусусий банк очиш ташаббуси билан чиқса, биз, албатта, уларга ёрдам берамиз. Умуман, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг муқобил тизимлари жорий қилинади. Жумладан, Наманганда Ислом молиявий хизматларига кенг йўл очиб берилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Номзод аҳолини ўқитиб, уларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар берилишини маълум қилди.

Бундай тадбиркорларни рағбатлантириш учун 2030 йилга қадар яна 6 миллиард доллар маблағ ажратилиши белгиланган.

Бу дастур доирасида қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳа ташаббускорларига инфратузилма харажатлари тўлиқ қоплаб берилади (ҳозир – 200 миллиард сўм).

Шунингдек, ушбу тадбиркорлар:

– камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминлаганда мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади;

– “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилса, ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга камайтирилади;

– барча солиқларни бир йилгача кечиктириб тўлашлари мумкин бўлади;

– фаолиятига доир солиқ текширувлари ўтказилмайди.

Келгуси йилларда бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланма ва мол-мулк солиқ ставкалари оширилмаслиги қатъий кафолатланиши айтилди.

– Бундан буён ҳам тадбиркорлар ўз фаолиятини дадил кенгайтириши учун бизнесга ноқонуний аралашувларга тўлиқ барҳам бериш ва солиқ тизимини янада соддалаштириш ислоҳотларимизнинг асосий тамойили бўлиб қолади, – деди номзод. – Бизнесга ноқонуний аралашган, тадбиркорнинг мулкига дахл қилган шахсга жазо муқаррар бўлади, раҳбари эса ишдан кетади.

Шунингдек:

– қўшилган қиймат солиғини қайтариш шартлари 15 тадан 5 тага қисқартирилади;

– 107 та давлат хизмати бўйича тўловлар миқдори икки баравар қисқартирилади;

– 10 миллион сўмдан юқори солиқ санкциялари фақат суд тартибида амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев учрашувда таълимга оид режалар ҳақида тўхталди.

– 2030 йилга қадар Наманганнинг бирорта маҳалласида боғча муаммоси қолмайди. Бунинг учун 235 та янги боғча қурилади ва таъмирланади, 1 мингдан зиёд хусусий боғча ташкил қилинади. Келгуси етти йилда қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўрни яратамиз. Бунда 28 та янги мактаб ва 232 та мактаб учун қўшимча бино қурилади, 268 таси таъмирланади.

Натижада Намангандаги мактабларда 30 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди. Вилоятдаги 11 та мактаб халқаро стандартлар асосида ихтисослашган мактабга айлантирилади, – деди номзод.

Келгуси етти йилда Наманганда уй-жойлар қуриш ҳажми камида ўн марта оширилиши маълум қилинди.

Хусусан, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 34 минг оила ўз бошпанасига эга бўлади. Бунинг учун 1 минг 208 та кўп қаватли уй қурилади.

Бундан ташқари, Давлатобод туманида 50 минг хонадонга эга 721 та кўп қаватли турар жой мажмуаси барпо этилади.

– 3 минг 700 километр сув тармоқлари ва 371 та сув иншооти барпо этилади ва таъмирланади. Бу орқали 123 та маҳаллага (360 минг аҳоли) илк бор ичимлик суви олиб келинади. Натижада 2030 йилга бориб вилоят аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади (ҳозир – 80 фоиз), – деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида транспорт тизимини яхшилашга оид режалар ҳақида ҳам маълумот берди:

– аҳоли ва сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норинни марказ билан боғлайдиган замонавий йўл қурилади;

– Поп туманини Наманган шаҳри билан боғлайдиган электр поезди қатнови йўлга қўйилади, Чуст ва Поп ҳудудидан ўтувчи темир йўл тармоғи тортилади (12 километр);

– энг муҳими, Поп – Наманган автомобиль йўлининг 75 километр қисми халқаро стандартлар асосида 4 тасмали цемент-бетон қопламали йўлга айлантирилади (160 миллион доллар).

Қайд этилганидек, 2030 йилга қадар Поп ва Чустда 1 минг 200 мега-ваттли 3 та қуёш электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, Норин дарёсида 250 мега-ваттли 1 та йирик ва 3 та кичик ГЭСлар ишга тушади.

Бунинг ҳисобига йилига қўшимча 5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Бу – Наманганнинг йиллик электр энергияси истеъмолига тенг.

Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 6,5 минг километр тармоқ, 2 мингта трансформатор ва 12 та подстанция янгиланиши маълум қилинди.

Барча ижтимоий ва давлат идоралари ҳамда 15 мингта хонадонга умумий қуввати 82 мега-ватт бўлган қуёш панеллари ўрнатилади.

Учқўрғоннинг Қирғизистон билан чегарасида йирик “Эркин савдо зона”си ташкил қилиниши маълум қилинди. Шунингдек, Наманган халқаро аэропорти ташқи бошқарувга берилиб, бу ерда “карго” юк терминали иш бошлаши айтилди.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь