ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34731
23 November, 2024, 07:30
Сўнгги кунларда мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда. Фикр-мулоҳазалар турли-туман, айримлар мазкур Иттифоққа қўшилишмизни ёқлаяпти, бошқа бировлар эса бунга мутлақо қарши. Шу сабабли Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласининг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақидаги фикрларни кўриб чиқсак.
2014 йил 29 майда Остона шаҳрида имзоланган “Евроосиё иқтисодий итттифоқи ҳақида”ги Шартноманинг 4-моддасида уни тузишнинг асосий мақсадлари сифатида,
биринчидан, аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш;
иккинчидан, Иттифоқ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш;
учинчидан, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация, кооперация қилиш ва улар рақобатбардошлигини ошириш белгиланган.
Бу йўналишлар нимани назарда тутади? Иттифоққа аъзо бўлган Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатларининг умумий майдони 20,3 миллион квадрат километрни ташкил этади, аҳолисининг сони 186 миллион киши, ЯИМ ҳажми эса 1,9 триллион АҚШ долларига тенгдир. Кўриниб турибдики, Евроосиё иқтисодий иттифоқи – ҳажми жиҳатидан жуда катта бозор ва бу бозорнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш Ўзбекистонга маълум имкониятлар яратиб бериши мумкин.
Мамлакатимизда экспортни, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш стратегик вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашув аҳамиятли ҳисобланади. Қолаверса, Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишимиз аграр маҳсулотларимизни Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига божхона тўловларисиз экспорт қилиш имкониятини берадики, бу катта миқдорда қўшимча фойда кўришимизга сабаб бўлади.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш меҳнат муносабатлари масаласида ҳам Ўзбекистон учун бир қатор ижобий натижаларни бериши мумкин. Жумладан, мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади, мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетишини ва уларнинг аниқ ҳисобини юритишни таъминлайди, меҳнат бозоридаги таклифнинг ҳамда аҳолининг четга чиқиш қизиқишининг юқорилигини ҳисобга олиб, меҳнат бозори мувозанатлигини таъминлайди, Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларида патент тўловлари бекор қилинади ва бу Ўзбекистонлик мигрантларга қўшимча даромад олиб келади, мамлакатимизга хорижий валюта оқимини кўпайтиради, қайтиб келган мигрантлар мамлакатга малакали ишчи кучи сифатида қайтиб келишлари мумкин.
Иттифоқ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз олиб ўтилиши, давлатларнинг ички бозорларига маҳаллий товарларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориши, божхона идоралари фаолиятини тартибга солишнинг умумий ва мукаммал тизимини яратиш, капитал ҳаракати эркинлигини таъминлаш имкониятларини яхшилайди. Бу иқтисодий алоқалар кучайишининг ижобий томонлари эди.
Шу билан биргаликда, унинг айрим салбий жиҳатлари ҳам мавжуд, масалан:
биринчидан, мамлакатимизда маҳсулотлари юқори нархга эга бўлган корхоналар фаолиятига салбий таъсирлар бўлиши;
иккинчидан, ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажмининг кўпайиши;
учинчидан, айрим товарлар бозорида рақобатнинг ортиши, ҳозир турлича бўлган техник тартибга солиш ва стандартларни бир хил қилиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши;
тўртинчидан, тайёр саноат товарларни ишлаб чиқариш бўйича ҳудудлараро тафовут ортиши мумкин.
Шунинг билан бирга, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш борасида меҳнат миграцияси соҳасида ҳам айрим камчиликлардан ҳам ҳоли эмаски, сифатли ишчи кучининг мамлакатдан чиқиб кетиши ва бунинг оқибатида мамлакатда унга бўлган талаб ва таклифнинг бузилиши юз бериши мумкин, кўпчилик мигрантларнинг хорижий мамлакатнинг тилини билмаслиги уларнинг ишга жойлашишига салбий таъсир ўтказади.
Миллий маҳсулотларимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари ҳудудида эркин сотилишига имкон пайдо бўлиши ва Ўзбекистонга Иттифоқнинг аъзо мамлакатлари маҳсулотларининг эркин кириб келиши тадбиркорлик субъектларига ва халқимизга танлаш ҳамда эркин тадбиркорлик қилиш имкониятларини оширади.
Тўғри, мамлакатимиз Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларнинг барчаси билан икки томонлама ўзаро манфаатли келишув ва битимларга эга. Аслида эса, Иттифоққа аъзо мамлакатлар биз билан ўзаро икки томонлама муносабатларда иттифоқ талабларидан ташқарига ҳеч қачон чиқмайди. Иттифоқ манфаатлари ҳамиша устувор ҳисобланади. Бизнинг маҳсулотларимизга эътибор даражаси маълум бир масулотлар бўйича нисбатан пастроқ бўлади.
Шуни қайд этишимиз лозимки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудудида маҳсулотларга (маркировка, сифат, санитария нормалар ва бошқалар) нисбатан бўлган алоҳида меъёрлар тизими ишлаб чиқилган. Бу ва шу каби бошқа талаблар турли маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш жараёнида турли сифат ўзгаришларни киритишни талаб этади. Бу ҳолатда, монопол деб ҳисобланадиган айрим тармоқларнинг фаолияти ҳам хавф остида қолиш эҳтимоли катта. Шу жиҳатдан келиб чиқиб, менежмент ва ишлаб чиқариш жараёнларини сифат жиҳатдан тубдан ўзгартириш талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришининг қатор ижобий ва салбий томонлари мавжуд. Ҳозирги ривожланишининг глобаллашув шароитида халқаро алоқаларнинг тутган ўрнини ҳисобга оладиган бўлсак, Евроосиё иқтисодий иттифоқига дастлабки босқичда кузатувчи мақомида қўшилиш Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади.
Ана шундагина бу тадбир халқимизнинг манфаатларига хизмат қилади ва мамлакатимиз иқтисодиёти янада ўсишига ҳамда Ўзбекистоннинг узоқ муддатли стратегик ривожланиш босқичларига мос бўларди.
Мухтор Убайдуллаевич ҲОЖИМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти